Жамият | 18:08 / 09.08.2021
75621
2 дақиқада ўқилади

Хорижга чиқиш биометрик паспортини қанча муддатда олиш мумкин?

Хорижга чиқиш биометрик паспорти ҳужжатлар қабул қилиб олинган кундан бошлаб ўн иш кунида берилади. Ўзбекистондан зудлик билан чиқиб кетишни талаб қиладиган ҳолатларда эса паспорт бериш 5 иш кунидан кўп бўлмаган муддатда амалга оширилади.

Бугун АОКАда бўлиб ўтган брифингда Давлат хизматлари агентлиги ахборот хизмати раҳбари Севара Зокирова аҳолидан келган долзарб саволларга жавоб берди.

Таъкидланишича, Ўзбекистон ҳудудида хорижга чиқиш биометрик паспорти маълумотларни йиғиш пункти томонидан ҳужжатлар қабул қилиб олинган кундан бошлаб ўн иш кунида, хорижда эса дипломатик почтани жўнатиш графигига мувофиқ белгиланган тартибда берилади.

Шунингдек, фуқарога ва унга ҳамроҳлик қилувчи шахсга (шахсларга) хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш муддати Ўзбекистондан зудлик билан чиқиб кетишни талаб қиладиган ҳолатларда, шошилинч даволаниш зарурлигини тасдиқловчи вилоят ва республика миқёсидаги давлат тиббиёт ташкилотлари томонидан берилган ҳужжатлар, яқин қариндошининг оғир касаллиги ёки вафот этганини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлганда, чиқиш ҳуқуқига чеклов бўлмаган тақдирда 5 иш кунидан ошмаслиги лозим.

Фуқаро хорижга чиқиш биометрик паспортини йўқотган тақдирда янги паспорт белгиланган тартибда паспорт йўқолгани ҳақида ариза берилган кундан бошлаб бир ой ичида берилади.

Хорижга чиқиш биометрик паспортини олиш учун давлат божи БҲМнинг 1,2 баравари (294 минг) сўмни ташкил этади.

Мавзуга оид