Жаҳон | 14:59 / 10.08.2021
5040
2 дақиқада ўқилади

Хитой Тайван сабабли Литвадаги элчисини чақиртириб олди

Таъкидланишича, Литванинг қарори «Хитой суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига жиддий зарар етказди».

Фото: РИА Новости / Стрингер

Литва ҳукумати Тайванга мамлакатда ўз ваколатхонасини очишга рухсат берганидан сўнг Хитой Вилнюсдаги элчисини чақиртириб олишга қарор қилди. Бу ҳақда Хитой ТИВ баёнотида айтилмоқда.

«Литва ҳукумати Хитойнинг кўп марталик дипломатик тақдимномаларига қарамасдан Тайван маъмуриятига «Тайван» номидан «ваколатхона» очишга рухсат берди», — дейилади баёнотда.

Хитой бу қадамни «икки мамлакат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатиш тўғрисидаги коммюнике тамойилларининг қўпол бузилиши» деб ҳисоблайди.

Қўшимча қилинишича, Литванинг қарори «Хитой суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига жиддий зарар етказди».

Хитой ҳукумати Литвадан ўз элчисини чақиртириб олиш ва Тайван бўйича қарорини бекор қилишни талаб қилган.

«Биз шунингдек, Тайван ҳукуматини «Тайван мустақиллиги» — бу боши берк кўча эканлиги ва халқаро майдонда айирмачилик фаолияти билан қатнашиш муваффақият келтирмаслиги тўғрисида огоҳлантирамиз», — дейилади Хитой ТИВ баёнотида.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид