Хитойда дайди филлар сабабли 150 мингдан кўпроқ аҳоли эвакуация қилинди
Хитойнинг Юньнань провинцияси маъмурияти маҳаллий қўриқхонадан қочиб, миграция қилаётган филлар тўдаси сабабли шу йилнинг апрел ойидан бери 150 мингдан кўпроқ аҳолини эвакуация қилишига тўғри келди.
“Синьхуа” ахборот агентлигининг хабар беришича, 15 та Осиё филидан иборат тўда Моцзян-Хани автоном уездидан миграция қилишни бошлаган. Филлар 16 апрелдан бери Юйси, Хунхэ ва Куньмин шаҳарлари орқали 1,3 минг километрдан кўпроқ масофа босиб ўтган. Улар бевосита аҳоли яшаш пунктлари ёнидан ўтган. Филлар аҳоли пунктларига яқинлашганда маҳаллий аҳоли вақтинча хавфсиз жойга кўчириб турилган. Одамлар хавфсизлигини таъминлаш учун 25 минг полициячи жалб қилинган.
Кузатув давомида олинган суратлар тўда 6 тадан эркак ва урғочи фил ҳамда 3 филчадан иборатлигини кўрсатган.
Филлар ҳаракатланиши ортидан ёввойи филлар мониторинги бўйича ҳудудий штаб ҳам ердан, ҳам дронлар ёрдамида ҳаводан кузатув олиб борган. Штаб ходимлари филлар йўлида улар учун озуқа қолдиришган. Филлар 110 кунлик “саёҳати” давомида ўзи учун тайёрлаб қўйилган 180 тонна озуқани еган. Штаб бошлиғи Вань Юннинг таъкидлашича, филлар миграцияси вақтида жонзотларга ва одамларга шикаст етмаган.
Бироз аввалроқ филлар ортга бурилиб, ўз она ўрмонлари томон йўл олгани маълум қилинганди.
Филларнинг бундай миграция қилишига нима сабаб бўлгани борасида бир неча тахмин бор. Нью-Йорк шаҳар университети мутахассиси Жошуа Плотникнинг тахмин қилишича, филларнинг қўриқхонадан қочиши дарёлар ифлосланиши ва ўрмонлар кесилиши сабабли табиий захиралар камайиб бораётгани билан боғланган. Бироқ Юньнан университети ходими Чен Миньюннинг фикрича, филларнинг ўзини бундай тутишига тўда етакчиси бўлган урғочи филнинг тажрибасизлиги ёки ориентацияни йўқотгани сабаб бўлиши мумкин. Одатда филлар айнан шу фил ортидан ҳаракатланади.
Мавзуга оид
21:03 / 26.11.2024
Хитойда Bank of China собиқ раҳбари ўлим жазосига ҳукм қилинди
18:06 / 26.11.2024
Трамп Мексика, Канада ва Хитой товарларига бож жорий этилишини эълон қилди
11:45 / 26.11.2024
Хитой Бухорода оқова сувларни қайта ишлаш лойиҳасини амалга оширмоқчи
08:43 / 26.11.2024