Спорт | 21:17 / 12.08.2021
90867
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон миллий жамоасининг янги бош мураббийи эълон қилинди

Словениялик таниқли мутахассис, Ироқ миллий жамоасининг собиқ бош мураббийи Сречко Катанец Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи этиб тайинланади. Бу ҳақда Ўзбекистон футбол ассоциацияси матбуот хизмати маълум қилди.

«ЎФА томонидан Ўзбекистон миллий терма жамоасига янги бош мураббий тайинлаш бўйича бир қатор ишлар олиб борилди.

Бир қанча хорижий ва маҳаллий мураббийлар номзоди синчковлик билан ўрганиб чиқилди. Мураббийлар кенгаши ҳамда мутахассислар таҳлил ва тавсиясига кўра словениялик тажрибали мураббий Сречко Катанец номзоди маъқул деб топилди.

ЎФА ҳозирга қадар словениялик мураббий билан оғзаки келишувга эришди ва келаётган ҳафта Сречко Катанец ўзаро музокараларнинг якуний босқичини ўтказиш учун юртимизга ташриф буюриши кутилмоқда», дейилади хабарда.

Маълумот учун, айни вақтда 58 ёшда бўлган Сречко Катанец мураббийлик фаолиятини 1996 йилда Словения ёшлар жамоаси бошқарувида бошлаган, кейинроқ Словениянинг «Горица» (1998) ва Грециянинг «Олимпиакос» клубларида (2003) ишлаган. 1998-2002 йилларда Словения терма жамоасини илк марта бошқарган ва жамоани илк марта Европа чемпионати (2000) ва жаҳон чемпионатига (2002) олиб чиққан. Аммо гуруҳдаги барча учрашувлар бой берилгач, ишдан бўшатилган. У 2006-2009 йилларда Македония, 2009-2011 йилларда БАА терма жамоаларида ишлаган.

2013 йилда эса Словения термасига қайтиб, 2017 йилгача ишлаган. 2018 йилда Ироқ термасини қабул қилиб олиб, муваффақиятли фаолият кўрсатган, саралашнинг 2-босқичида гуруҳда 2-ўринни эгаллаб, ЖЧ-2022 ҳал қилувчи саралаш босқичига йўл олганди. Аммо молиявий муаммолар туфайли ушбу мутахассис Ироқни тарк этганди.

Ўзбекистон миллий жамоасини 2019 йилда қабул қилиб олган Вадим Абрамов ЖЧ-2022 саралашида муваффақиятсизликдан (Ўзбекистон 3-босқичга чиқиш йўлидаги ҳал қилувчи ўйинда Саудия Арабистонига йирик ҳисобда ютқазди ва ўз тарихида илк бор 2-босқичдаёқ ЖЧ йўлланмасидан маҳрум бўлди) кейин шу йилнинг июнида истеъфога чиқарилганди.

Мавзуга оид