Тарихимизда илк марта жаҳон чемпионатига чиққан бўлсак-да, бошқа бир анъана бу сафар ҳам бузилмади – яна мундиал саралашини ягона мураббий билан ўтказа олмадик. Сўнгги босқичнинг 6 тури ўтгач, Сречко Катанец саломатлиги билан боғлиқ муаммолари сабаб жамоани тарк этишга мажбур бўлди, унинг ўрнига келган Темур Кападзе эса вазифани уддалади.
Биласизми, янги мураббийларга доим қийин. Чунки истеъфо бекорга юз бермайди ва жамоага янги келган мураббий доим кўп нарсаларни ўзгартиришига тўғри келади. Аксарият ҳолларда мураббийни истеъфога олиб борадиган икки сабаб бор ва футболда биз доим шундай ҳолатларни кузатиб ўрганганмиз.
Биринчиси, жамоа ўйини ва натижалар пасайиши, ички муҳит ёмонлашиши, футболчи ва мураббий ўртасида зиддиятлар пайдо бўлиши ва ҳоказо. Янги мураббийга осон бўлмайди. Ҳа, босим нуқтайи назаридан енгил бўлиши мумкин, жамоа қанчалик пасайган бўлса, яхши томонга ўзгартириш осонроқдек туюлади, лекин улкан меҳнат талаб қилади.
Жамоа муваффақият қозонмаган, демак аввалги мураббий қўллаган услуб футболчиларга мос келмаган, мураббий янгисини, энг мосини ўйлаб топиши, синовдан ўтказиши керак. Ёмон натижалар туфайли футболчиларнинг ҳам ҳолати яхши эмас, жамоада ўзига бўлган ишонч кам, озгина муваффақиятсизлик, озгина ўйин қовушмаслиги ҳам жамоани синдириб қўйиши мумкин. Уларни катта натижаларга қодир эканига, янги услуб натижалар олиб келиши мумкинлигига ишонтириш ҳам осон эмас, мураббийдан тажриба ва салоҳият талаб қилинади. Биз кўп кузатадиган, энг кўп содир бўладиган истеъфолар айнан мана шу сабаб билан юз беради.
Шу пайтгача турнир ярмида жамоани қабул қилиб олган аввалги мураббийларимизда айнан шу масала доим турарди. Айниқса, Миржалол Қосимовдан сўранг, у икки марта шундай вазиятга тушган, мағлубиятга учраган жамоани олиб курашишига тўғри келган.
Иккинчиси, буткул тескари ҳолат. Одатда бир мураббий жамоа билан барча муваффақиятларга эришади, совринлар ютади ва шартнома муддати тугагани ёки бошқа каттароқ таклиф туфайли жамоани тарк этади.
Унинг ўрнига келган мураббий учун янада қийин ҳолат. Ҳа, жамоа кучли, эндигина совринлар ютди, муваффақиятли мавсумлар ўтказди, аммо худди шу йўлни давом эттириш осонми? Бутунлай собиқ мураббийни такрорлашнинг иложи йўқ, ўз услуб ва ғояларни татбиқ қилиш янада қийин – футболчиларни бунга ишонтириш керак. Ахир улар яқиндагина бутунлай бошқа услуб ва ғоялар билан муваффақиятга эришдилар-ку?
Мотивация билан ҳам муаммолар бўлади – совринлар ютган футболчиларни қайтадан ўша совринлар учун курашишга ундаш доим ҳам осон бўлмайди. Ниманидир ўзгартириш, ишлаб турган механизмни бузиш, яхшироғини таклиф қилишга тўғри келади. Ҳаммасидан ҳам қийини, босим ҳам катта бўлади. Чўққида туриш қийин, балки эски мураббий билан ҳам пасайиш кутилаётганди, аммо энди пасайиш бўлса, ҳаммаси янги мураббийдан кўрилади. Босим катта.










