2026 йилги жаҳон чемпионатида иштирок этадиган 48 жамоадан ҳозирча фақат 10 тасининг номи маълум. Шундан учтаси мезбонлар, бири эса Ўзбекистон.

Ўзбекистон миллий жамоаси ниҳоят, саккизинчи уринишда ишончли тарзда, муддатидан олдин йўлланмани нақд қилди. Бунгача эса ҳар сафар аламли тугаган еттита уриниш бўлганди.

Қуйида ўша йилларни ёдга оламиз.

ЖЧ-1998
Бош мураббийлар: Рустам Мирсодиқов/Убиражара Вейга да Силва
Натижа: Иккинчи босқич, гуруҳда 4-ўрин

1991 йилда мустақилликка эришган Ўзбекистон 1994 йил АҚШ майдонларида ўтказилган жаҳон чемпионати саралашида иштирок этишга улгурмаган.

Шу туфайли биринчи уриниш 1998 йил Франция мезбонлик қилган мундиал саралашига тўғри келади. 1994 йилда Осиё ўйинлари ғолиби бўлган, сафида Миржалол Қосимов, Павел Бугало, Игор Шквирин, Николай Ширшов, Шуҳрат Мақсудов, Нўъмон Ҳасанов, Равшан Бозоров, Олег Шацких, Сергей Лебедев, Андрей Фёдоров, Дилмурод Назаров каби футболчиларни жамлаган миллий жамоа ўшанда қитъа грандларидан бири мақомига даъво қиларди. 1997 йил майида бошланган саралаш босқичи аввалига Ўзбекистон учун кўтаринки руҳда ўтади. Биринчи босқичда Яман, Индонезия ва Камбожа каби рақибларга ҳеч қандай имконият қолдирилмайди, айниқса Камбожа билан ўйинларнинг иккисида ҳам йирик ҳисобдаги ғалабалар (6:0, 4:1) қайд этилади.

Аммо иккинчи босқичда жамоанинг ҳақиқий даражаси кўриниб қолади: Японияга сафарда (3:6), Жанубий Кореяга уйда (1:5) йирик ҳисобларда мағлуб бўлинади, БАА ҳам Тошкентдан ғалаба (2:3) билан қайтади. Якунда 3 ўйинда дуранг ўйнаган ва фақат Қозоғистон билан уй ўйинида ғалабага эришган жамоа гуруҳда тўртинчи ўринда қолиб кетади.

Ҳолбуки, ўша вақтларда Осиёга ЖЧ учун 2,5 та йўлланма тақдим этилганди ва гуруҳдаги иккинчи ўрин ҳам йўлланмани кафолатламасди. 

ЖЧ-2002
Бош мураббийлар: Владимир Салков, Леонид Остроушко
Натижа: Иккинчи босқич, гуруҳда 3-ўрин

Фото: ТАСС

Осиё грандлари Япония ва Жанубий Корея мезбонлик туфайли саралаш ўйинларидан озод этилган ва бу қитъанинг бошқа жамоалари учун яхши имконият ҳосил қилганди.