Жаҳон | 23:34 / 13.08.2021
16373
2 дақиқада ўқилади

Давлатлар Афғонистондаги элчихона ва консулхоналарини ёпишни бошлади

Афғонистонда толиблар позициялари кучаяётгани ортида Норвегия ва Дания Кобулдаги элчихоналарини вақтинча ёпишга қарор қилди. Шунингдек, Германия, АҚШ ва Британия ўз дипломатик ваколатхоналари ходимлари сонини қисқартиришни режалаштирмоқда. Россия ҳозирча ўз дипломатларини эвакуация қилишни режалаштирмаяпти.

Фото: Rahmat Gul / AP

Норвегия ташқи ишлар вазири Ине Эриксен Серейденинг таъкидлашича, мамлакатнинг Кобулдаги элчихонаси ходимлари, жумладан у ерда ишлаган афғонлар Норвегияга эвакуация қилинади. Норвегия ҳукумати 4 августдаёқ ўз фуқароларидан Афғонистонни тарк этишни сўраган.

Дания ташқи ишлар вазири Еппе Куфуд ҳам Кобулдаги элчихона вақтинча ёпилишини эълон қилган. У ушбу чора қанча муддат давом этишига аниқлик киритмаган. “Афғонистонда қолаётган барча данияликлар у ерни тарк этиши керак. Бу жуда жиддий вазият”, деб айтган вазир.

Германия бир неча кун ичида Кобулдаги элчихонаси ходимлари сонини минимумгача қисқартиради. Ходимлар чартер рейслар билан олиб чиқилади. Немис дипломатлари билан ишлаган афғонлар ҳам эвакуация қилинади.

Франция ташқи ишлар вазирлиги вакили мамлакатнинг Афғонистондаги элчихонаси ходимлари эвакуация қилиниши режалаштирилаётгани ҳақида ҳеч нарса маълум қилмаган, бироқ барча францияликларга Афғонистонни иложи борича тезроқ тарк этиш тавсия қилинганини маълум қилган.

Шунингдек, Тожикистон Мозори-Шариф, Файзобод ва Бадаxшон вилоятидаги консулхоналарини вақтинча ёпган, бироқ мамлакатнинг Кобулдаги элчихонаси ўз ишини давом эттирмоқда.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид