Ҳафта охирида салқин ҳаво кутилмоқда
Август ойининг ўртаси яқинлашмоқда. Ушбу ҳафта охири ёз ойининг охирги ойи ўртасига тўғри келади. Шу кунларда Ўзбекистоннинг барча ҳудудидаги аҳолини қулай об-ҳаво шароити кутмоқда.
“Ўзгидромет” хабарига кўра, кеча куннинг ўртасига келиб ҳаво ҳарорати 36-37 даража иссиққача, шимол, жануб ва чўл ҳудудларининг баъзи жойларида 38-40 даража иссиққача кўтарилди.
Бугун эса Ғарбий Қозоғистон ҳудудидан салқин ҳаво кириб келиши ҳисобига кундуз кунги ҳарорат 32-34 даража иссиққача пасаяди ва фақат жанубнинг энг чеккасида 36-38 даража иссиққача бўлган нисбатан иссиқ ҳарорат сақланиб туради.
Дам олиш кунлари республика ҳудудига салқин кириб келиши давом этади ва кундуз кунги ҳарорат 28-31 даража иссиққача, жанубда эса 33-36 даража иссиққача пасаяди. Кечалари ҳам салқин бўлади. Кечаси ва эрта тонгда ҳарорат 13-18 даража илиққача пасаяди.
Совуқ фронт ӯтиши ҳисобига баъзи жойларда шамол тезлиги 17-22 м/с гача кучайиши билан кузатилади.
Ҳудуднинг текислик қисмида ҳали ҳам қуруқ об-ҳаво сақланиб туради, фақат баъзи жойларда осмонда булутлар пайдо бўлади.
Аммо тоғли ҳудудларда маҳаллий қисқа муддатли ёмғир ёғиши мумкин. Бунинг ҳисобига республиканинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида сел келиши хавфи бор.