Ўзбекистон | 00:21 / 13.08.2021
13591
2 дақиқада ўқилади

Навоийдаги пропан шохобчасида газ баллони портлади. Тўрт киши жароҳатланди

Навоий шаҳрида пропан ташувчи юк машинасига ўрнатилган газ баллони шохобча ҳудудида портлаб кетди. Натижада шу яқин атрофдаги енгил машина ичида бўлган тўрт киши турли даражада куйиш жароҳатини олди.

Фото: Navoiy Kanal / Telegram

12 август куни оқшомга яқин Навоий шаҳри Кимёгарлар кўчасида жойлашган пропан газ қуйиш шохобчасида портлаш рўй берди.

ФВВ хабарига кўра, портлаш “ЗИЛ-130” русумли пропан ёқилғисини ташиш автомобили ўзидаги суюлтирилган газни тўкиш вақтида содир бўлган.

Портлаш натижасида юк автомобилига фойдаланиш учун ўрнатилган газ баллони ёрилган, натижада ёнғин келиб чиққан. “ЗИЛ-130” русумли суюлтирилган ёқилғи ташиш автомобилига ўрнатилган сиғимга зарар етмаган.

Ҳодиса оқибатида шохобча яқинидан харакатланиб кетаётган “Москвич-412” русумли автомашина ҳайдовчиси ва 3 нафар йўловчиси турли даражада куйиш жароҳатини олган, ҳалок бўлганлар йўқ, дейилади Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ахборотида.

Навоий вилояти ФВБ ахборот хизматига кўра, жароҳатланганлар РШТЁИМ Навоий вилояти филиалига жойлаштирилган.

26 ёшли жабрланувчида тана сатҳи куйиши 94-95 фоиз, чуқур куйиш 70 фоиз дея қайд этилган. 27 ёшли жабрланувчида эса тана сатҳи куйиши 83 фоиз, чуқур куйиш 60-65 фоизни ташкил этган.

35 ёшли жабрланувчида тана сатҳи куйиши 70 фоиз, чуқур куйиш 40-45 фоиз. 39 ёшли жабрланувчида эса тана сатҳи куйиши 38-40 фоиз, чуқур куйиш 16-17 фоиз.

Портлаш “Propan Best” МЧЖга қарашли шохобчада рўй берган.

Ёнғин ўчириш қисмидан воқеа жойигача масофа – тахминан 1 км. Ёнғин ҳақида ФВБга соат 19:16 да хабар келиб тушган, биринчи экипаж соат 19:18да манзилга етиб борган.

Ёнғинни ўчиришга жами 9 та ёнғин-қутқарув экипажи жалб этилган бўлиб, соат 19:45 да ёнғин қуршаб олинган ва соат 19:53 да батамом ўчирилган.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид