16:59 / 13.08.2021
24641

«Бундай афсонавий спортчиларимиз билан фахрланамиз» — Оксана Чусовитинага унвон берилди

Президент Шавкат Мирзиёев олимпиячилар билан учрашувда кўп йиллар давомида спорт гимнастикаси билан шуғулланиб, халқаро миқёсда шуҳрат қозонган гимнастикачи Оксана Чусовитинанинг хизматларини алоҳида ҳурмат билан тилга олди.

Бугун, 13 август куни президент Шавкат Мирзиёев иштирокида XXXII ёзги олимпиада ўйинларининг иштирокчи ва ғолиблари, уларнинг ота-оналари ҳамда мураббийларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтмоқда. Тадбирда спорт гимнастикачи Оксана Чусовитинанинг спортдаги шон-шуҳратига ҳам алоҳида тўхталинди.

«Биз ҳаммамиз яхши биламиз, у илк Олимпиада ўйинларидаги иштирокини 1992 йили Барселонада бошлаган эди. Шундан буён у танаффуссиз саккиз марта Олимпиада ўйинларида иштирок этди. Бу ҳақиқатан ҳам Гиннес рекордлар китобига кирган дунё спорти тарихидаги улкан ҳодисадир.

Оксана Александровнанинг Токио Олимпиадасидаги навбатдаги иштироки муҳим воқеа сифатида эътироф этилди. Дунё жамоатчилиги Оксананинг ўзига қатъий ишончини намоён қилган ҳар бир чиқишини ҳайрат ва ҳавас билан тўлқинланиб кузатиб борди. 

Биз бундай афсонавий спортчиларимиз билан ҳақли равишда фахрланамиз. Унинг жасорати, ғалабага бўлган интилиши ёш спортчилар учун ўзига хос юксак натижалар ва шон-шуҳрат мактаби бўлиб хизмат қилади.

Оксана Чусовитинанинг келгуси мураббийлик фаолиятига омад тилаб, унинг спорт оламидаги катта тажрибаси бўлажак чемпионларни тарбиялашга ҳисса қўшишига ишонамиз», дея давлат раҳбарининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Президент боксчи Баҳодир Жалоловнинг ғалабасига ҳам тўхталди. 

«Енгилмас боксчимиз ўтган вақт давомида ўз устида тинимсиз ишлаб, ёшларга намуна бўлди. Баҳодир азиз онасига, халқимизга берган ваъдасининг устидан чиқиб, Ватанимизга учинчи олтин медални туҳфа қилди.

Ўйлайманки, қишлоқдошларинг, дўстларинг, укаларинг учун катта мактаб яратиш вақти-соати келди. Баҳодир Жалоловнинг спорт маҳорати мактабини ташкил этамиз», деди у. 

Президент маросим давомида Вазирлар Маҳкамасига Оксана Чусовитина ва Баҳодир Жалолов спорт маҳорати мактаби ташкил этиш ҳамда бу мактабларнинг фаолияти учун барча шароитлар яратилиши бўйича топшириқ берди.

Маълумот учун, Оксана Чусовитина 2017 йилда «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан, 2020 йилда «Ўзбекистон ифтихори» фахрий унвони билан тақдирланганди.

Мавзу
Токио Олимпиадаси
Пандемия туфайли қолдирилган 2020 йилги Ёзги Олимпиада 2021 йил 23 июлида Япониянинг Токио шаҳрида расман бошланади.
Барчаси
Top