Жаҳон | 19:50 / 15.08.2021
78429
4 дақиқада ўқилади

Ашраф Ғани ва бошқа раҳбарлар қочди, толиблар Кобулга киришни бошлади

Афғонистон президенти Ашраф Ғани махсус самолётда Тожикистонга йўл олган. Бу маълумотни бир-биридан мустақил бир неча манба тасдиқлади. Бу вақтда «Толибон» ўз жангчиларига Кобулга киришга рухсат берди.

Фото: Getty Images

Tolo News телеканали маълумотига кўра, Ашраф Ғани президентлик саройини тарк этиб, миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Ҳамидулла Муҳиб ва президент администрацияси раҳбари Маҳмуд Фазли билан биргаликда Тожикистонга учган. Улар бу ердан учинчи мамлакатга учиб кетишни режалаштирган.

Манбалар хабарига кўра, Ашраф Ғани кетишидан олдин истеъфога чиқишга рози бўлган.

Собиқ бош вазир, сўнгги президентлик сайловларида Ашраф Ғанига рақобат қилган, ҳозирда Олий миллий ярашув кенгаши раиси бўлган Абдулла Абдулла президент мамлакатдан қочиб кетганини тасдиқлаб, Афғонистон халқига ва миллий хавфсизлик кучларига мурожаат қилган.

Шунингдек, 2001-2014 йилларда мамлакат президенти бўлган Ҳамид Карзай ҳам мурожаат билан чиқиб, барчани зиддиятни ҳал қилиш учун ҳокимиятни тинч йўл билан ўтказишга чақирган. У ҳукумат ҳарбийлари ва толибларга мурожаат қилиб, тинч аҳоли орасида қурбонлар бўлишига йўл қўймасликка чақирган. Карзай мамлакатни тарк этиш ниятида эмаслигини билдирган.

РИА Новости хабарига кўра, Афғонистондаги бошқарув вақтинчалик кенгашга ўтади, унинг таркибидан Абдулла Абдулла ва Ҳамид Карзай ҳам ўрин олган. Кейин бу кенгаш ҳокимиятни толибларга топширади.

Аввалроқ бир неча вазирлар, шу жумладан мудофаа вазири мамлакатни тарк этганди. ОАВда вице-президент Амрулло Салоҳ ҳам хорижга кетгани хабар қилинган.

Сўнгги кунларда Афғонистон ҳукуматининг шимолдаги сўнгги таянчи Мозори Шарифни мудофаа қилган ўзбеклар етакчиси, маршал Абдурашид Дўстум ва тожиклар етакчиси Ато Муҳаммад Нур Ўзбекистон ҳудудига чекингани маълум бўлганди.

РИА Новости хабарига кўра, ҳозирда Ўзбекистон томони афғонистонлик маршал билан музокаралар олиб бормоқда.

Толиблар Кобулга кирмоқда

«Толибон» ўз жангчиларига шаҳарга киришга рухсат берди. 

EPA / Scanpix / LETA

Ташкилот баёнотига кўра, бундан мақсад шаҳар ҳудудида зўравонлик ва талончилик ҳолатлари рўй беришининг олдини олиш ҳисобланади - айни вақтда полиция ва хавфсизлик кучлари Кобулни назорат қилишни тўхтатган.

Шу билан бирга, толиблар Кобул яқинидаги Пули-Чархи қамоқхонаси маҳбусларини озодликка чиқариб юборган. Эндиликда турли жиноятлар билан қамалган шахслар пойтахт томон ҳаракатланмоқда.

Якшанба куни Багром авиабазаси ҳудудидаги ҳарбий қамоқхона ҳам қўлга олинганди. Бу ерда «Толибон» тарафдорлари ва бошқалардан ташқари ИШИДнинг собиқ жангарилари ҳам сақланган.

«Толибон»нинг ваъдалари

«Толибон» ҳаракати расмий вакили Суҳайл Шаҳин BBC учун берган интервюсида режалар ҳақида айтиб ўтди. 

  • ҳаракат инклюзив афғон ҳукуматини – Aфғонистон Ислом Aмирлигини тузишга ҳаракат қилмоқда, унда барча афғонлар иштирок этиши мумкин;
  • Аёллар ҳуқуқлари ҳурмат қилиниб, таълим олиш ва ишлаш имкониятлари таъминланади. Барча аёллар ҳижобда юриши мажбурий бўлади. «Толибон» аёллар уйларидан ёлғиз ўзлари, эркаклар ҳамроҳлигисиз чиқишига кафолат берган;
  • ОАВ эркин фаолият юритишига рухсат берилади, лекин инсонларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситишга йўл қўйилмайди;
  • қатл, тошбўрон ва жиноятчининг бирор аъзосини кесиш каби сиёсий жазолар суд орқали ҳал қилинади;
  • одамларнинг мол-мулки ва ҳаёти хавфсизлиги таъминланади, Ғарб кучлари билан ҳамкорлик қилган афғонлар жазоланмайди.

Мавзуга оид