Жаҳон | 09:21 / 15.08.2021
6602
2 дақиқада ўқилади

Ҳаитидаги зилзила қурбонлари сони 300дан ошди

Фото: Getty Images

Ҳаити бош вазири Ариэль Анри 14 августда мамлакатда юз берган зилзила қурбонлари сони 304 нафарга етганини маълум қилди.

Ҳаити фуқаро ҳимояси бошқармаси маълумотларига кўра, табиий офат оқибатида 1,8 минг киши жабр кўрган. Жереми шаҳри шифохонаси жабрланувчилар билан тўлиб-тошган, ҳовлида улар учун қўшимча чодирлар ўрнатилган.

АҚШ Қизил хоч жамияти вакили Кэти Уилкснинг таъкидлашича, зилзила инфратузилмага катта талафотлар етказган, кўплаб уйларга зарар етган.

Ҳаити бош вазири мамлакатнинг зилзиладан энг кўп жабр кўрган жануби-шарқий департаментига табиий офат етказган зарарни баҳолаш учун келган.

АҚШ, Чили, Панама, Колумбия ва Лотин Америкасининг бошқа давлатлари Ҳаитига зилзила оқибатлари билан курашда ёрдам беришга тайёрлигини билдирган.

Прогнозларга кўра, келаётган ҳафта бошида минтақага “Грейс” тропик довули ёпирилади. У бўронлар ва кучли ёмғир олиб келиши кутилмоқда, бунинг оқибатида тошқинлар юз бериши хавфи бор.

Ҳаитида 14 август эрталаб 7,2 магнитудали зилзила юз берди. Унинг ортидан бир нечта афтершок қайд қилинган ҳамда цунами юзага келиши хавфи эълон қилинган.

Мамлакатда табиий офат муносабати билан фавқулодда ҳолат эълон қилинган. Зилзиладан мамлакатнинг жануби-шарқий қисми энг кўп зарар кўрган. Зилзила кучи Кариб денгизида жойлашган барча давлатларда сезилган.

Мавзуга оид