Жаҳон | 00:15 / 15.08.2021
12477
2 дақиқада ўқилади

Толиблар Жалолобод шаҳрини эгаллади

“Толибон” ҳаракати жангарилари Афғонистоннинг йириклиги бўйича 5-шаҳри, Нангарҳор вилояти маркази Жалолобод шаҳрини эгаллади. Толибларнинг таъкидлашича, улар шаҳарни жангсиз эгаллашган. Жалолобод раҳбари тинч аҳоли ҳаётини сақлаб қолиш учун шаҳарни толибларга топширишга қарор қилган.

Пойтахт Кобул ва Жалолобод Афғонистон шарқида ҳукумат қўшинлари назоратида қолаётган охирги йирик шаҳарлар эди.

“Жалолободда жанглар йўқ, губернатор “Толибон”га таслим бўлди. “Толибон”га шаҳарга киришга ижозат бериш тинч аҳолини сақлаб қолишнинг ягона йўли эди”, деб маълум қилган афғон амалдорларидан бири.

Маҳаллий депутат Аброруллоҳ Муроднинг Associated Press ахборот агентлигига хабар беришича, толиблар Жалолободни оқсоқоллар билан ўтказилган музокаралардан кейин эгаллашган.

Жалолобод Покистон чегараси яқинида жойлашган. Толиблар 1996 йилдан 2001 йилгача ҳам шаҳарни ўз назоратида сақлаган.

14 август куни толиблар Термиздан 58 км узоқликда жойлашган Мозори-Шариф шаҳрини эгаллашди. Балх вилояти марказида “Толибон”га қарши катта кучлар тўпланганди ва унинг бундай тез қулаши ҳам Афғонистон ҳукумати, ҳам ташқи дунё учун кутилмаган ҳодиса бўлди.

Афғонистон президенти Ашраф Ғани 11 августда Мозори-Шарифга ташриф буюрганди ва 2001 йилда толибларга қарши амалиёт вақтида курашган Шимолий альянснинг собиқ етакчилари билан учрашганди. Шундан кейин мамлакатнинг шимолий ҳудудларини толиблардан ҳимоялаш учун халқ мудофааси қўмиталари ташкил этилиши эълон қилинганди.

Эндиликда ҳукумат назоратида қолаётган ягона йирик шаҳар Кобул бўлиб қолмоқда.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид