Жаҳон | 19:51 / 16.08.2021
42636
2 дақиқада ўқилади

Россия толибларни террорчилар рўйхатидан чиқариши шарти маълум қилинди

2003 йилда Россия олий суди «Толибон»ни террорчи ташкилот деб тан олган.

Фото: Rahmat Gul / AP

БМТ хавфсизлик кенгаши «Толибон»ни террорчи ташкилотлар рўйхатидан чиқарганидан кейингина Россия ҳам уларни ана шундай рўйхатдан чиқариши мумкин. Бу ҳақда Россия президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Замир Кабулов маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, агар толиблар «инсон ҳуқуқларига риоя қилишнинг асосий тамойилларини бузмаса» БМТ Хавфсизлик кенгаши тегишли қарор қабул қилиши мумкин. 

«Аввало Хавфсизлик кенгашининг барча аъзолари янги ҳукумат ўзини яхши тутишга тайёрлигига ишонч ҳосил қилиши керак. Барчада ана шундай нуқтайи назар ҳосил бўлганидан сўнг процедура бошланади», — деди Кабулов.

Унинг қўшимча қилишича, Россия «Толибон»ни БМТ Хавфсизлик кенгаши қароридан кейингина террорчи ташкилотлар рўйхатидан чиқаради.

БМТ Хавфсизлик кенгаши толибларни 2003 йилда террорчилар рўйхатига киритганди. Ўша йили Россия олий суди «Толибон»ни террорчи ташкилот деб тан олган.

Мавзуга оид