Жаҳон | 02:00 / 17.08.2021
136270
8 дақиқада ўқилади

Афғонистонда толиблар бошқарувидаги биринчи кун. Асосий маълумотлар

Минглаб одамлар мамлакатдан қочишга уринишда давом этмоқда. «Толибон» тинч ҳаёт ваъда қилмоқда. Россия толиблар билан алоқа ўрнатмоқда.

Wakil Kohsar / AFP / Scanpix / LETA

Минглаб одамлар Кобул аэропортидан эвакуация рейслари орқали учиб кетишга ҳаракат қилмоқда. Америкалик ҳарбийлар томонидан қўриқланаётган аэропорт — айни вақтда Афғонистонни тарк этиш учун ягона йўл. 16 августга ўтар кечаси бу аэропорт тижорий рейсларни амалга оширишни тўхтатди — бу эса одамлар орасида ваҳима уйғотди, юзлаб кишилар учиш-қўниш йўлагига чопиб чиқишди ва айримлар ерда турган самолётларнинг фюзеляж қисмига чиқиб олишган. Америка ҳарбийлари парвозларга халал бераётган оломонни тарқатиш учун ҳавога огоҳлантирувчи ўқлар узди. Тиқилинч ва самолётдан қулаш ҳолатлари оқибатида жами етти киши ҳалок бўлди, шунингдек, икки нафар қуролланган шахс америкалик ҳарбийлар томонидан отиб ўлдирилгани хабар қилинган. 16 август куни парвозлар тўхтатилди. Шундан сўнг ҳарбийлар аэропортни тўлиқ назорат остига олиб, самолётлар хавфсиз қўниши ва учиб кетишини таъминлаш учун тўпланган одамларни ҳайдаб чиқариш ишларини бошлаган. Шу куни Чехия томонидан эвакуация ишлари учун йўлланган икки самолёт учиш-қўниш йўлагида тўпланган одамлар туфайли қўна олмаган, натижада самолётлар Озарбойжонга йўналтирилган. Шунингдек, Германия ҳарбий самолёти шу сабаб туфайли Ўзбекистонга қўнишга мажбур бўлган.

Фото: EPA/Vostock-photo

Афғонистонни маҳаллий ҳарбийлар ҳам ёппасига тарк этишган — Ўзбекистон томони 14-15 август кунлари мамлакат ҳаво ҳудудига 22 самолёт ва 24 вертолёт ноқонуний киргани, уларнинг бортида жами 585 киши бўлгани ҳақида хабар қилди. Шунингдек, 158 нафар афғон фуқаролари ва қуролланган ҳарбий хизматчилари дарё орқали Термиз тумани ҳудудига қонунга хилоф равишда ўтишган.

АҚШ Кобул аэропорти хавфсизлигини таъминлаш учун ҳарбий контингентни кенгайтирмоқчи — айни вақтда Афғонистон пойтахтида бўлиб турган беш минг ҳарбийга яна икки минг киши қўшилади. Ушбу мамлакатдаги Америка кучлари қўмондони мамлакатни тарк этишни ихтиёр этган афғонларнинг эвакуацияси бўйича келишувга эришиш учун толиблар билан учрашишни режалаштирган. Шунингдек, АҚШ Қуролли кучлари марказий қўмондонлиги қўмондони генерал Кеннет Маккензи Доҳада «Толибон» вакиллари билан учрашув ўтказган. Дунёнинг 60дан ортиқ давлатлари толибларни Афғонистондан кетмоқчи бўлганларнинг эркин кетишини таъминлашга чақирди. БМТ бош котиби Антониу Гутерриш дунёнинг барча мамлакатларидан Афғонистондан келган қочқинларга бошпана беришни рад этмаслик ва келганларни ортга қайтармасликни сўради .

Франция президенти Эмманнуэл Макрон эвакуация жараёнини ташкиллаштиришда америкаликларга ёрдам учун Париждан икки ҳарбий самолёт ва махсус ҳарбий бўлинмалар юборилишини маълум қилди. Буюк Британиядан ҳам яна 200 нафар ҳарбий хизматчи келади.

Чиқиш рейслари бўйича диспетчерлик назорати ҳарбийларга топширилган — шу муносабат билан Афғонистон фуқаролик авиацияси раҳбарияти бундан буён транзит рейсларга керакли ёрдам кўрсата олмаслигини билдирган ва мамлакат устидан учувчи авиакомпанияларга ўз маршрутларини ўзгартиришни тавсия этган.

Ғарб мамлакатлари Афғонистондан минглаб кишиларни эвакуация қилишни режалаштирган. Ўз фуқаролари ва дипломатлардан ташқари, айрим ғарб мамлакатлари Афғонистондан ўзлари билан ҳамкорлик қилиб келган афғонистонликларни, шунингдек, ҳаёти хавф остида қолаётган бошқаларни — масалан, ҳуқуқ ҳимоячиларини ҳам олиб кетмоқчи.

Биргина Германия жами 10 минг кишини олиб чиқмоқчи — Reuters хабарига кўра, канцлер Ангела Меркель ёпиқ йиғилиш чоғида шундай рақамлар ҳақида гапирган. Америкалик уруш фахрийси «Ал-Жазира» мухбири билан суҳбатда АҚШ билан ҳамкорлик қилгани учун эвакуацияга эҳтиёж сезадиган афғонистонликлар сони тахминан 44 минг кишини ташкил этиши ҳақида айтган. Ҳозирда Ғарб ҳарбийларига ёрдам кўрсатган афғонистонликларга ҳужум бўйича бир ҳолат маълум: толиблар ўз вақтида Чехиядан келган ҳарбий хизматчиларга таржимонлик қилган маҳаллий аҳоли вакилини ўғирлаб кетишган.

«Толибон» Афғонистонда уруш якунлангани ҳақида эълон қилган. Қатардаги сиёсий офис вакили Муҳаммад Найм яқин вақтлар ичида толиблар мамлакат бошқарув шаклини белгилаб олишларини маълум қилган ва улар Афғонистонни изоляция ҳолатига солиш ниятида эмасликларини қайд этган. Reuters агентлигининг гуруҳ раҳбариятига яқин манбаси «Толибон» отрядларига афғонларнинг кундалик ҳаётига аралашмаслик бўйича буйруқ берилганини маълум қилган.

Толиблар раҳбарияти давлат хизматчиларига иш жойларига қайтиш бўйича расман таклиф берган, уларнинг «ҳуқуқлари бузилмаслиги»ни кафолатлаган — аёллардан ҳам бир шарт билан ишга чиқиш таклиф қилинган, улар ҳижобда бўлишлари керак. Ҳаракатнинг расмий вакили ҳаракат аъзолари Кобул кўчаларидаги хавфсизликни таъминлаши ва собиқ амалдорларга ҳужум қилмоқчи бўлганлар қўлга олинишини маълум қилган. Шунингдек, «Толибон» фуқаролардан қуролларни мусодара қилишга киришган, бу энди кўчалар хавфсизлиги таъминланиши ва шахсий ҳимоя қуролига ҳожат йўқлиги билан изоҳланган.

Толиблар тинч аҳолига ёмонлик истамаслиги ва Кобулда қолган афғон ҳарбийларидан ҳам ўч олинмаслигини маълум қилмоқда
Фото: ЕРА/ТАСС

«Ал-Жазира» корреспонденти хабар беришича, Кобул кўчаларида куннинг асосий вақтида хотиржамлик ҳукм сурмоқда. 16 август куни куннинг иккинчи ярмида шаҳарда яна дўконлар ва ресторанлар очилган, шаҳар кўчалари яна одамлар билан гавжумлаша бошлаган — хусусан, аёллар ҳам кўчаларга чиққан ва уларнинг айримлари одатий либосларда бўлишган. Ўз навбатида, CNN корреспонденти Кларисса Уорд шаҳар кўчаларидан тайёрланган репортажида кўчаларга чиқаётган аёллар сони анча камайгани, унга учраган аёлларнинг деярли барчаси одатдагидан кўра янада консервативроқ кийинганига эътибор қаратган. Унинг ўзи ҳам репортажда ҳижоб кийган ҳолда чиққан.

Россия ТИВ Афғонистоннинг янги ҳукумати билан ишчи контактлар ўрнатилгани ҳақида маълум қилди. Муассаса баёнотида барча томонлар зўравонликдан тийилишга чақирилган ва умумий вазият  «барқарорлашгани», толиблар маҳаллий аҳоли ҳамда хорижий дипмиссиялар ходимлари хавфсизлигини кафолатлагани қайд этилган.

Россия президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Замир Кабулов Россиянинг Марказий Осиёдаги иттифоқчиларига нисбатан хавф кўрмаётганини билдириб, толиблар билан келишиш аввалги «марионетка ҳукумат» билан келишишдан анча осонроқлигини айтиб ўтган. Кабулов Москва «Афғонистоннинг янги ҳукумати билан ҳамкорлик учун олдиндан замин тайёрлагани» ва «бу активдан Россия Федерациясининг узоқ муддатли манфаатлари йўлида фойдаланилиши»ни айтган. У шунингдек, Афғонистондан қочиб кетган Ашраф Ғани афғон халқи томонидан суд қилиниши кераклигини айтди. Дунёнинг йирик давлатларидан яна бири Хитой ҳам толиблар режими билан «дўстона муносабатлар» қурмоқчи. Кобулда айни пайтда фақат Россия ва Хитой элчихоналари ишламоқда. «Толибон» афғон ҳарбийлари ўрнига Кобулдаги Россия элчихонасини қўриқлашни бошлади. БМТ Хавфсизлик кенгаши йиғилишида ҳозирча Афғонистоннинг янги ҳукуматини тан олиш масаласи кўтарилмаган, кенгаш баёноти фақатгина янги «ягона, инклюзив ва  ваколатли» ҳукуматни тинч музокаралар йўли билан шакллантиришга чақириқдан иборат.

Мавзуга оид