Спорт | 15:14 / 17.08.2021
22692
19 дақиқада ўқилади

Катанец – миллий жамоадаги тўққизинчи хорижлик мураббий. Яна кимлар ишлаганди?

Ўзбекистон миллий жамоасида шу пайтгача 8 нафар хорижлик мураббий ишлаганди - «Бошига бахт қуши қўнган бразилиялик», «Ислоҳотлар қироли», «Бир кунлик шоҳ», «Устаси олмон», «Омадсиз Боб тоға», «Камерун шери», «Абадий иккинчи»... Барчасини эсга оламиз.

Ўтган ҳафтада Ўзбекистон футбол ассоциацияси миллий жамоага словениялик Сречко Катанец бош мураббий этиб тайинланишини эълон қилди. Ушбу мутахассис ҳали шартномага имзо чекмаган бўлса-да, ЎФА баёноти барча музокаралар муваффақиятли якунланганидан далолат беради.

Миллий жамоанинг қарийб 30 йиллик тарихида 22 нафар мутахассис бош мураббий сифатида ишлаган бўлса, шундан 8 нафари хорижликдир.

Хўш, хорижликлар Ўзбекистон миллий жамоасини қандай бошқарган, қандай натижаларга эришган, уларнинг ютуқ ва камчиликлари нимада эди, рақамларга, фактларга эътибор қаратамиз.

«Бадбахтдан тахтга» – Убиражара Вейга да Силва (Бразилия)

Фото: Globo Esporte

Туғилган йили ва жойи: 1955 йил, Порту-Алегри (Бразилия)
Вафот этган йили: 2021 (66 ёш)
Ўзбекистон миллий жамоасига тайинланди: 1997 йил (42 ёш)
Истеъфога чиқарилди: 1998 йил
Миллий жамоадаги расмий статистикаси: 11 ўйин, 5 ғалаба, 4 дуранг, 2 мағлубият
Эришган ютуғи: Осиё ўйинлари – 1998 (чоракфинал).

1997 йилнинг 18 октябрь куни Ўзбекистон миллий жамоаси ЖЧ-1998 саралашида Жанубий Кореяни қабул қилиб, 1:5 ҳисобида ютқазди. Бу мағлубият миллий жамоани жаҳон чемпионати йўлланмасидан назарий жиҳатдан маҳрум қилди. Оқибатда Рустам Мирсодиқов бошчилигидаги мураббийлар штаби зудлик билан истеъфога чиқарилди.

Миллий жамоа эса «Пахтакор» клубида ёрдамчи мураббий (!) сифатида ишлаб келган 42 ёшли бразилиялик мутахассис Убиражара Вейга да Силвага топширилди. Натижада, «Бира Вейга» миллий жамоанинг илк хорижлик мураббийига айланди. Асосан Бразилиянинг қуйи лигаларида ишлаган мутахассис учун бу ҳақиқий бахт қуши эди.

Унинг қўл остида Ўзбекистон ЖЧ-1998 саралашининг қолган баҳсларида муваффақиятли ўйнади. Натижаларнинг аҳамияти бўлмаса-да, дастлаб, Қозоғистон (4:0) йирик ҳисобда мағлуб этилди. Сўнгра сафарда БАА (0:0) билан дуранг натижага эришилди.

1998 йили Таиланд пойтахти Бангкок шаҳрида навбатдаги Осиё ўйинлари ўтказилиши лозим эди. Бразилиялик мутахассис қўл остидаги Ўзбекистон миллий жамоасига 1994 йилги Хиросимадаги ғалаба тасодиф эмаслигини кўрсатиш, уни такрорлаш вазифаси қўйилди. Таркибда Павел Бугало, Андрей Рязанцев, Рустам Шоймардонов, Миржалол Қосимов, Игорь Шквирин, Николай Ширшов, Эдуард Мамотов, Сергей Лушчан, Андрей Фёдоров, Александр Хвастунов, Сергей Лебедев, Андрей Акопянц каби тажрибали футболчилар билан унвонни ҳимоя қилишига ишонч билдирилди.

Аммо вазифа уддаланмади. Ўзбекистонликлар чоракфиналда Эроннинг тарихдаги энг кучли таркибларидан бирига 0:4 ҳисобида ютқазди. Форсларнинг машҳур ҳужумчиси Али Даий сўнгги 6 дақиқа ичида ҳет-трик қайд этди. Бундай «зарба»дан кейин Бира Вейганинг Ўзбекистон миллий жамоасидаги фаолияти якунланди.

Қайд этиш жоизки, мусобақанинг гуруҳ босқичида футболчиларимиз Мўғулистон миллий жамоасини 15:0 ҳисобида мағлуб этишганди. Бу натижа ҳозиргача Ўзбекистон эришган энг катта ҳисобдаги ғалаба бўлиб турибди.

Мураббийнинг кейинги тақдири: 1998 йилда «Пахтакор» билан Ўзбекистон чемпиони бўлди (фаолиятидаги ягона ютуқ). Кейинчалик Бразилия қуйи лигаларидаги ўртамиёна клубларда ишлади ва кўзга кўринарли натижага эришолмади. 2021 йил март ойида коронавирус асоратларидан 66 ёшида вафот этди.

Келди-ю кетди – Павел Садирин (Россия)

Фото: championat.com

Туғилган йили ва жойи: 1942 йил, Пермь (Россия)
Вафот этган йили: 2001 (59 ёш)
Ўзбекистон миллий жамоасига тайинланди: 2000 йил (58 ёш)
Тарк этди: 2000 йил
Миллий жамоадаги расмий статистикаси: 1 ўйин, 1 мағлубият
Эришган ютуғи: йўқ.

2000 йилда Ўзбекистон миллий жамоасига россиялик мутахассис Павел Садирин бош мураббий этиб тайинланди. У фаолиятида жиддий ютуқларга эришган, жумладан, «Зенит» билан СССР чемпиони, Россия миллий жамоаси билан ЖЧ-1994 иштирокчиси бўлганди.

Садирин қўл остида Ўзбекистон атиги 1та ўйин ўтказди – ўртоқлик баҳсида Таиландга 0:2 ҳисобида ютқазди. Шундан сўнг, мураббий Москванинг ЦСКА клуби таклифини маъқул кўриб, миллий жамоани тарк этди.

Мураббийнинг кейинги тақдири: ЦСКА клубида 1,5 йил ишлади. 2001 йил декабрь ойида саратон касаллиги оқибатида 59 ёшида вафот этди.

«Ислоҳотлар қироли» - Владимир Сальков (Россия)

Фото: ТАСС

Туғилган йили ва жойи: 1937 йил, Донецк (Украина)
Ўзбекистон миллий жамоасига тайинланди: 2000 йил (63 ёш)
Истеъфога чиқарилди: 2001 йил
Миллий жамоадаги расмий статистикаси: 19 ўйин, 10 ғалаба, 3 дуранг, 6 мағлубият
Эришган ютуғи: «Мердека Кубоги»да ғалаба.

2001 йилда миллий жамоага россиялик мутахассис Владимир Сальков бош мураббий этиб тайинланди. У шу вақтгача фаолиятида асосан ёрдамчи мураббий сифатида ном қозонган, жумладан, Сеул-1988 олимпиадасида олтин медалларни қўлга киритган СССР олимпия терма жамоасида бош мураббий Анатолий Бишовец штабида ишлаганди. Кейинчалик СССР олимпия терма жамоасига бош мураббий бўлган.

Раҳбарият Сальковнинг олдига қандай қилиб бўлса ҳам ЖЧ-2002 йўлланмасини қўлга киритиш вазифасини қўйган бўлиши эҳтимоли юқори. Чунки мураббий инқилобий усулларга қўл урди.

Жумладан, ўзбек футболи тарихида илк марта узоқ хорижлик футболчилар миллийлаштирилди: россиялик Владимир Маминов, Олег Пашинин, Алексей Поляков, Руслан Агаларов, болгариялик Георгий Георгиев ва Алексей Дионисиевга Ўзбекистон паспорти берилиб, миллий жамоага жалб этилди. Жуда кўплаб йиғинлар ташкил этилди, назорат ўйинлари ўтказилди, халқаро мусобақаларда иштирок этилди. Ҳатто, шундай турнирларнинг бири футболчиларимиз ютуғи билан якунланди.

2001 йил ёзида Ўзбекистон миллий жамоаси Малайзияда, анъанавий «Мердека Кубоги»да қатнашиб, финалда Босния ва Герцеговинани 2:1 ҳисобида мағлуб этди. Бу ўзбек футболи учун Хиросимадаги Осиё ўйинларидан кейинги ютуқ бўлиб тарихга кирди.

Аммо Сальков барибир ЖЧ йўлланмасини қўлга киритишга эриша олмади.

Ўзбекистон миллий жамоаси биринчи саралаш босқичида Иордания, Туркманистон ва Хитой Тайпейи тўсиғидан қийинчилик билан ўтди. Иккинчи саралаш босқичининг дастлабки 3та турида (БАА 1:4, Қатар 2:1, Уммон 5:0) 6 очко жамғариб, яхши имкониятга эга бўлиб турган эди. Аммо, шундан сўнг, қаторасига 4та ўйин ғалабасиз якунланди (Хитой 0:2, БАА 0:1, Қатар 2:2, Уммон 2:4).

Айниқса, Уммонга қарши сафарда ўтказилган баҳсда футболчиларимиз 1-бўлимдан кейин 2:0 ҳисобида олдинда борган бўлса-да, 2-бўлимда ташаббусни қўлдан чиқариб, кетма-кет 4та гол ўтказиб юбориши ҳаммасидан ошиб тушди. Бундай натижадан кейин бош мураббий истеъфога чиқарилди.

Владимир Сальков ҳозирча Ўзбекистон миллий жамоасида энг кўп ўйин ўтказган хорижлик мураббий бўлиб турибди – 19та. Унинг ислоҳотлари ижобий натижа бермагач, ЎФФ анча пайтгача хорижлик футболчиларни натураллаштириш ғоясидан воз кечди.

Мураббийнинг кейинги тақдири: «Ротор» клубида 1 йил ишлагач, мураббийлик фаолиятини якунлади. 2003-2007 йилларда ЦСКА клубида спорт директори бўлиб ишлади. 2020 йилда 83 ёшида вафот этди.

«Бир кунлик шоҳ» - Леонид Остроушко (Қозоғистон)

Фото: Prosports.kz

Туғилган йили ва жойи: 1936 йил, Токмак (Украина)
Ўзбекистон миллий жамоасига тайинланди: 2001 йил (65 ёш)
Тарк этди: 2001 йил
Миллий жамоадаги расмий статистикаси: 1 ўйин, 1 ғалаба
Эришган ютуғи: йўқ.

Владимир Сальков истеъфога чиқарилгач, унинг ўрнини мураббийлар штабидаги ёрдамчиси Леонид Остроушко вақтинчалик эгаллади. Чунки Хитой миллий жамоасига қарши навбатдаги ўйинга 5 кун қолганида янги бош мураббий топиш амри маҳол эди.

Украинада туғилган, Қозоғистонда футбол ўйнаб, ном қозонган мутахассис 2000 йил Тошкент вилоятининг «Дўстлик» клуби билан Ўзбекистон чемпионати ва Кубогида ҳам ғалаба қозонган эди.

Остроушко қўл остида ўзбекистонликлар Хитой миллий жамоасини 1:0 ҳисобида мағлуб этишди. Аммо бу натижа плей-офф босқичига чиқиш учун етарли бўлмади.

Мураббийнинг кейинги тақдири: 2004 йилда «Динамо Минск» клубида ёрдамчи мураббий сифатида Беларусь чемпиони бўлди. 2019 йилда 83 ёшида вафот этди.

«Устаси олмон!» - Ҳанс-Юрген Геде (Германия)

Фото: The Thao 247.

Туғилган йили ва жойи: 1956 йил, Гилзенкирҳен (ГФР)
Ўзбекистон миллий жамоасига тайинланди: 2005 йил (49 ёш)
Истеъфога чиқарилди: 2005 йил
Миллий жамоадаги расмий статистикаси: 3 ўйин, 1 дуранг, 2 мағлубият
Эришган ютуғи: йўқ.

2005 йили Ўзбекистон миллий жамоасига германиялик Ҳанс-Юрген Геде бош мураббий этиб тайинланди.

Аммо унинг юртимиздаги фаолияти бироз олдинроқ, 2003 йилда Ўзбекистон ёшлар жамоасида ёрдамчи мураббий сифатида бошланган. Таркибда Игнатий Нестеров, Александр Гейнрих, Марат Бикмаев, Илёс Зейтуллаев, Ислом Иномов, Шавкат Саломов ва бошқа кўплаб иқтидорларни тўплаган жамоа ўшанда тарихда биринчи марта жаҳон чемпионатида иштирок этганди.

Шундан сўнг, Геде миллий жамоа бош мураббийи Равшан Ҳайдаровга ёрдамчи қилиб тайинланди. 2004 йили ёзда жамоа Хитойда ўтказилган Осиё Кубогида ўз тарихида биринчи марта гуруҳдан чиқди ва чоракфиналда Баҳрайнга пенальтилар сериясида ютқазди.

Геденинг ёшлар ва миллий жамоа ўйинида ижобий ўзгаришларни юзага келтира олиши муносиб тақдирланди. 2005 йил январь ойида у бош мураббийликка тайинланди.

Бироқ, немис мутахассиси бу лавозимда атиги 3 ой ишлади, холос. ЖЧ-2006 саралашининг иккинчи босқичида Саудия Арабистони (1:1), Кувайт (1:2) ва Жанубий Кореяга (1:2) қарши ғалабасиз ўйинлардан сўнг, Геде истеъфога чиқарилди.

Мураббийнинг кейинги тақдири: Эрон, Баҳрайн, Малайзия ва Озарбойжон клубларини бошқарди. 2016 йилдан бери Вьетнамда фаолият юритмоқда. Бир неча йил давомида Вьетнам миллий жамоасига техник директор бўлди. Ҳозирда «Виеттел» клубида шу лавозимда ишлаяпти.

«Омадсиз Боб тоға» - Роберт Ҳафтон (Англия)

Фото: Indian football blog

Туғилган йили ва жойи: 1947 йил, Англия
Ўзбекистон миллий жамоасига тайинланди: 2005 йил (58 ёш)
Тарк этди: 2005 йил
Миллий жамоадаги расмий статистикаси: 3 ўйин, 1 ғалаба, 2 дуранг
Эришган ютуғи: ЖЧ-2006 саралаши, плей-офф

ЖЧ-2006 саралашининг 2-босқичи сўнгги туридан олдин Ўзбекистон миллий жамоаси гуруҳда 2 очко билан сўнгги ўринни эгаллаб турарди. Учинчи ўринга чиқиш ва плей-офф босқичига йўл олиш учун Кувайтга қарши ўйинда фақат ғалаба керак эди.

ЎФФ бундай мураккаб вазиятда бош мураббий Равшан Ҳайдаров ўрнига инглиз мутахассиси Роберт Ҳафтонни таклиф этди.

У мураббийлик фаолиятида Швециянинг «Мальмё» клуби билан 3 марта чемпионликка эришган. Европа чемпионлари Кубоги финалигача етиб борган. Хитой миллий жамоаси билан Осиё ўйинларида учинчи бўлган, хуллас, бой тажрибага эга эди.

Футболчилар томонидан меҳр билан «Боб тоға» (ингл. Uncle Bob) деб лақаб қўйилган мураббийнинг Ўзбекистондаги саргузашти оламшумул воқеаларга бой, шу билан бирга омадсиз бўлди.

Ҳафтонга Кувайт миллий жамоасини мағлуб этиш, плей-оффда муваффақиятли иштирок қилиб, ЖЧ-2006 йўлланмасини қўлга киритиш вазифаси қўйилди.

«Боб тоға» дастлабки вазифани уддалади. Ўзбекистон миллий жамоаси Кувайтга қарши баҳсда 0:2 ҳисобида ютқазаётган бўлса-да, ирода намойиш этиб, якунда 3:2 ҳисобида ғалаба қозонди.

Плей-оффда Баҳрайн миллий жамоаси рақиб бўлди. Бу қарама-қаршилик нафақат ўзбек футболи, балки дунё футболида «из қолдирди».

Баҳрайнга қарши Тошкентда ўтказилган дастлабки баҳс 1:0 ҳисобида якунланди. Аммо ўйин йирикроқ ҳисобдаги ғалаба билан тугаши ҳам мумкин эди. Гап шундаки, япониялик ҳакам Тосимицу Ёсида Сервер Жепаров томонидан пенальтидан урилган голни бекор қилди. Рефери ўзбекистонлик футболчилар зарбадан олдин жарима майдончасига кириб келишганини қайд этиб, голни бекор қилди ва эркин зарба тепиш кераклигини кўрсатди. Ваҳоланки, қоида бўйича у пенальтини қайта тепишга имкон бериши шарт эди.

Ўйиндан кейин ЎФФ ҳакамнинг бу хатти-ҳаракати юзасидан протест келтирди. ФИФА эса ҳакамнинг хато қилганини тан олди ва баҳс қайта ўтказилишини белгилади. Бундай қарор жаҳон чемпионатлари тарихида биринчи марта қабул қилинганди.

Афсуски, такрорий ўйинларда Ўзбекистон миллий жамоаси (ўз уйида 1:1 ва сафарда 0:0) Баҳрайн тўсиғидан ўта олмади. Роберт Ҳафтон эса лавозимини тарк этди. Айтишларича, унга шартнома таклиф қилинган бўлса-да, ишлашни хоҳламаган.

Мураббийнинг кейинги тақдири: Хитой чемпионатида 1 йил ишлади. 5 йил давомида Ҳиндистон миллий жамоасини муваффақиятли бошқарди. ОФК Чақирув Кубоги, Жанубий Осиё Кубоги, Неру Кубогида ғалаба қозонди. 73 ёшли Ҳафтон ҳозирги вақтда мураббийлик фаолиятини якунлаган.

«Камерун шери» - Валерий Непомняшчий (Россия)

Фото: Sportbox.ru

Туғилган йили ва жойи: 1943 йил, Славгород (Россия)
Ўзбекистон миллий жамоасига тайинланди: 2006 йил (63 ёш)
Истеъфога чиқди: 2006 йил
Миллий жамоадаги расмий статистикаси: 6 ўйин, 3 ғалаба, 2 дуранг, 1 мағлубият
Эришган ютуғи: Осиё Кубоги – 2007 йўлланмаси.

2006 йил январда ЎФФ россиялик мутахассис Валерий Непомняшчий билан 2 йиллик шартнома имзолади ва миллий жамоага бош мураббий этиб тайинлади. Бир вақтнинг ўзида у «Пахтакор» клубида ҳам бош мураббий сифатида иш бошлайди.

Валерий Непомняшчий миллий жамоага тайинланган энг номдор мураббийлардан бири бўлди. 1988-1990 йилларда у Камерун миллий жамоасини бошқарган ва ЖЧ-1990да иштирок этиб, чоракфиналгача етиб борганди.

«Камерун шери» олдига Осиё кубоги–2007 йўлланмасини қўлга киритиш вазифаси қўйилади.

Ўзбекистон миллий жамоаси учун мусобақанинг саралаш босқичи осон кечмади. Дастлаб жамоа сафарда Қатарга 1:2 ҳисобида ютқазилди. Ҳонгконг миллий жамоасига қарши ўйинларда эса рақибни мағлуб этолмади (2:2 ва 0:0). Бу натижалар мухлислар ва мутахассислар эътирозига сабаб бўлди. Айниқса, анча кучсиз ҳисобланадиган Ҳонгконгга қарши ўйинлардаги очко йўқотишлар оғриқли қабул қилинди.

Фақатгина сўнгги турда Қатар устидан қозонилган 2:0 ҳисобидаги ғалаба миллий жамоага гуруҳда 2-ўрин ва Осиё Кубоги йўлланмасини келтирди.

Вазифа уддаланган бўлса-да, Валерий Непомняшчий ва ЎФФ ўртасида тузилган шартнома «соғлиғи билан боғлиқ сабаб туфайли» бекор қилинди.

Мураббийнинг кейинги тақдири: Россиянинг «Томь», «Балтика» клубларида бош мураббий бўлиб ишлади. ЦСКА клуби президентига маслаҳатчи бўлди. 78 ёшли мутахассис ҳозирда футболдан йироқда.

«Абадий иккинчи» - Эктор Купер (Аргентина)

Туғилган йили ва жойи: 1955 йил, Чабас (Аргентина)
Ўзбекистон миллий жамоасига тайинланди: 2018 йил (63 ёш)
Истеъфога чиқарилди: 2019 йил
Миллий жамоадаги расмий статистикаси: 17 ўйин, 7 ғалаба, 4 дуранг, 6 мағлубият
Эришган ютуғи: Осиё Кубоги – 2019, чоракфинал.

2018 йил август ойида Эктор Купер Ўзбекистон миллий жамоасига бош мураббий этиб тайинланди.

Аргентиналик мутахассис ҳозирча, бош жамоани бошқарган энг номдор мураббий бўлди. Унинг ҳисобида турли жамоалар билан қўлга киритилган КОНМЕБОЛ Кубоги, Испания Суперкубоги, Аргентина ва Испания чемпионатининг кумуш медаллари бор. Шунингдек, мураббий турли клублар билан Чемпионлар Лигаси, Кубок эгалари Кубоги, Испания Кубоги, Африка миллатлари Кубоги финалигача ҳам етиб борган. Бой берилган финалларнинг кўплиги боис, «Абадий иккинчи» лақабини ҳам олган.  

Купер олдига Ўзбекистон миллий жамоаси билан Осиё Кубогида муваффақиятли иштирок этиш ва ЖЧ-2022 йўлланмасини қўлга киритиш вазифаси қўйилди.

2019 йилда БААда ўтган Осиё Кубогида Ўзбекистон миллий жамоаси гуруҳдан чиқди ва чоракфиналда Австралияга пенальтилар ҳисобида ютқазиб қўйди. Иштироки эса «қониқарли» деб баҳоланди.

Аммо Купер қўл остида миллий жамоанинг ҳимоявий усулда ўйнаши, ҳужумкор ўйиндан узоқлашиши мухлислар ва баъзи мутахассислар эътирозига ва танқидларга сабаб бўлди. Қатъий тактика схемаларига содиқ бўлган мутахассиснинг ҳимоявий ўйин услубини миллий жамоада жорий қилиши футболчиларга ҳам ёқмади.

ЖЧ-2022 саралашининг 1-тури Ўзбекистон миллий жамоаси учун шармандали тарзда бошланди. Жамоа сафарда Фаластинга 0:2 ҳисобида ютқазди. Танқид ўқлари фақат қониқарсиз натижага эмас, балки ўйин сифати жуда паст эканига, футболчиларнинг иродасиз ва бўш ўйнаганига ҳам қаратилди. Купер вазиятни ўзгартира олмасликда айбланди, ваҳоланки, у миллий жамоани 1 йилдан бери бошқараётган эди. Сафардан қайтгач, мураббий истеъфога чиқарилди.

Кейинги тақдири: 2021 йилда Конго ДР миллий жамоасига бош мураббий этиб тайинланди.

«Болқонлик халоскор?» - Сречко Катанец (Словения)

Caption

Туғилган йили ва жойи: 1963 йил, Любляна (собиқ Югославия, ҳозирги Словения)
Ўзбекистон миллий жамоасига тайинланиши кутилмоқда: 2021 йил август (58 ёш).

18 август куни Сречко Катанец ЎФА билан шартнома имзолаш учун Тошкентга келади. Битимнинг мазмуни қандай бўлиши ҳозирча мавҳум.

Мутахассис мураббийлик фаолиятида Словения, Македония, БАА ва Ироқ миллий жамоаларини бошқарган. Унинг қўли остида словенияликлар ўз тарихида биринчи марта Европа ва жаҳон чемпионатига чиққан (2000-йиллар бошида).

Катанецнинг сўнгги иш жойи Ироқ миллий жамоаси бўлди. Унинг қўл остида ироқликлар ЖЧ-2022 саралашида муваффақиятли иштирок этиб, 3-босқичга йўл олишди. Бироқ, мураббий 6 ой давомида иш ҳақи олмагач, Ироқ футбол федерацияси билан шартномани бекор қилди.

Катта эҳтимол билан Катанец олдига Ўзбекистон миллий жамоаси билан Осиё Кубоги–2023 йўлланмасини қўлга киритиш вазифаси қўйилади (саралаш ўйинлари 2022 йил февралда бошланади, қуръа ҳали ташланмади). Шартнома ҳам 2023 йилгача тузилса керак.

Осиё Кубоги саралашида бизга ЖЧ-2022 саралашини тарк этган Филиппин, Баҳрайн, Ҳиндистон, Малайзия, Таиланд каби иккинчи эшелон жамоалари рақиб бўлади. Ҳа, афсуски, биз ҳам энди шу эшелонга тушиб қолдик.

Хорижлик мураббийларга Ўзбекистон миллий жамоасида ишлаш осон бўлмаган. Уларга қўйиладиган талаб ҳам маҳаллий мураббийларга қараганда анча юқори, ҳисоб ҳам икки карра кўп сўралади. Хатоларга йўл қўйса, аяб ўтирилмайди.

Энди Катанец нафақат Осиё Кубоги йўлланмасини қўлга киритиши (Ўзбекистон ўз тарихида бирор марта бу мусобақани ўтказиб юбормаган), балки миллий жамоани юқори эшелонга ҳам қайтариши лозим. Бунинг учун қандай усулларни ишга солади, вазифани эплай оладими ёки йўқми, вақт кўрсатади.

Нурмуҳаммад Саид

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид