15:26 / 18.08.2021
19983

Тез ёрдам ҳайдовчиси катта миқдордаги гиёҳванд моддалар билан қўлга олинди 

ДХХнинг Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланмасига қарши курашиш доирасида ўтказилган тезкор-қидирув тадбирида Денов тумани тиббиёт бирлашмасида ҳайдовчи бўлиб ишловчи шахс 3 кг. 857 гр. “опий” моддаси билан қўлга олинди.

Терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида гиёҳванд моддани мазкур шахснинг Тожикистон Республикасидаги жиноий алоқалари контрабанда йўли билан мамлакат ҳудудига ўтказиб бергани маълум бўлди.

ДХХнинг Наманган вилояти бўйича бошқармаси ходимлари вилоят божхона бошқармаси билан ҳамкорликда Чуст туманида ўтказган тезкор тадбирида ҳам катта миқдордаги гиёҳванд моддалар савдосига чек қўйилди.

Хусусан, тезкор тадбир давомида Уйчи туманида яшовчи шахс ва унинг жиноий шериги Фарғона вилояти Боғдод туманида истиқомат қилувчи, муқаддам судланган фуқаро томонидан Қирғизистон Республикасидан олиб келинган 6 кг. 813 гр “гашиш” моддаси процессуал тарзда расмийлаштириб олинди.

ДХХ ходимлари томонидан Андижон шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда Қирғизистон Республикасининг Ўш вилояти Қорасуу туманида яшовчи, Қирғизистон Республикаси фуқароси ва унинг жиноий шериги бўлган, Қирғизистон Республикасида туғилган, Россия Федерацияси фуқароси ушланиб, улардан 1 кг. 413 гр. “гашиш” моддаси тегишли тартибда расмийлаштириб олинди.

Аниқланишича, ушбу ажал оғуси келгусида сотиш мақсадида қўшни Қирғизистон Республикасидан мамлакат ҳудудига олиб ўтилган.

Қўқон шаҳрида яшовчи фуқаро ноқонуний йўллар билан бойлик орттириш мақсадида Қирғизистон Республикасининг Боткен вилояти Қизилқия шаҳрига бориб, Азамат исмли шахс билан учрашади ва унга 1 кг “гашиш” моддасини Фарғона шаҳрига етказиб бериш шарти билан 2 минг АҚШ доллари бериб, яшаш манзилига қайтиб келади.

Орадан маълум муддат ўтиб, у Фарғона шаҳридаги “Фарғона - Қўқон” йўналишида қатновчи автомашиналар тураргоҳида гиёҳванд моддани қабул қилиб олиб, Қўқон шаҳри томон йўл олганида ДХХ ходимлари томонидан ушланди.

Экспертиза хулосасига кўра, ундан процессуал тартибда олинган “гашиш” моддасининг соф оғирлиги 911 граммни ташкил этди.

Фарғона вилоятида кузатилган яна бир ҳолатда эса Қува тумани ҳудудида тўхтатилиб, текширилган “Жентра” русумли автомашина йўловчиси, Олтиариқ туманида яшовчи, муқаддам судланган фуқаронинг ёнида 599 гр. “гашиш” моддаси борлиги аниқланиб, процессуал тарзда расмийлаштириб олинди.

Ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида жами 3 кг. 857 гр. “опий” ва 9 кг. 736 гр. “гашиш” гиёҳванд моддалари мусодара қилинди.

Ҳозирда ушбу шахсларга нисбатан қўзғатилган жиноят ишлари доирасида уларнинг жиноий алоқаларини аниқлаш бўйича зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Top