Жамият | 20:00 / 19.08.2021
7147
2 дақиқада ўқилади

2021 йилда «Тез ёрдам»га мурожаатлар сони ўтган йилдагидан кўпроқ бўлмоқда

Соғлиқни сақлаш вазирлиги жорий йилнинг 6 ойида «Тез ёрдам» хизматига 5,5 миллионга яқин чақириқ келиб тушгани ҳақида маълумот берди.

«Ҳозирги мураккаб пандемия шароитида тиббиёт ходимлари чинакам саломатлик посбонлари сифатида коронавирус инфекциясига чалинган минглаб юртдошларимизнинг шифо топиб, оиласи бағрига қайтишида катта жонбозлик кўрсатмоқда.

Айниқса, аҳоли саломатлигини асраш, одамларни ушбу хавфли касалликдан ҳимоя қилишда тез тиббий ёрдам хизмат бригадаларининг ўрни беқиёс. Буни эса ушбу хизматга келиб тушаётган чақирувлар сонидан ҳам билиш мумкин.

Рақамларга мурожаат қилсак, 2021 йилнинг олти ойи давомида  юртимиз аҳолиси томонидан «103» хизматига бўлган жами мурожаатлар сони 5 миллион 412 минг 806тани ташкил этди.

Энг кўп мурожаат Фарғона (701 838та) ва Андижон вилояти (638 640та) ҳамда Тошкент шаҳрида (514 409) қайд этилди.

Маълумот ўрнида айтиш лозимки, ўтган йилнинг айни шу даврида юртдошларимиздан тез тиббий ёрдам хизматига 5 миллион 362 минг 524та чақириқ келиб тушганди», дейилади ССВ хабарида.

Шунингдек, жорий йил июль ойида республика бўйича «103» хизматига бўлган жами мурожаатлар сони 1 миллион 343 минг 666тани ташкил этиб, энг кўп чақириқ Фарғона, Андижон, Наманган, Тошкент ва Сурхондарё вилоятлари ҳамда пойтахтда қайд этилган.

«Июль ойида 28 минг 48та мурожаат «Тез ёрдам» ходимлари томонидан натижасиз чақириқлар, деб баҳоланди. Бу «103» хизматига ёлғон чақириқ, улар келишини кутмай йўловчи транспортда олиб кетилгани, манзил топилмагани, тез тиббий ёрдам рад этилган каби қатор вазиятлар билан боғлиқ.
 
Эътиборлиси, олиб борилган тарғибот ишлари натижасида жорий йил «103» хизматига ёлғон қўнғироқлар келиши бироз камайишига ҳам эришилди. Жумладан, 2021 йилнинг иккинчи чорагида «тез ёрдам»га 2907та ёлғон чақириқ келиб тушиб, бу рақам ўтган йилнинг айни шу даврида 4658тани ташкил қилган эди», дейилади хабарда.

Мавзуга оид