Жаҳон | 19:51 / 20.08.2021
53898
7 дақиқада ўқилади

«Толибларга қараб кулишга мажбурмиз, чунки қўрқамиз» – афғонлар қандай яшамоқда?

Hoshang Hashimi / AFP / Scanpix / LETA

15 август куни «Толибон» Афғонистонни эгаллади. Ҳаракат аллақачон режалари ҳақида маълум қилган ва Афғонистон худди «Толибон»нинг олдинги ҳукмронлик даврида бўлгани каби ислом амирлигига айлантирилади. Толиблар бошқарувидаги мамлакатда афғонлар қандай яшамоқда?

Ҳокимият толиблар қўлига ўтиши билан хорижий давлатлар Кобулдаги элчихоналардан дипломатларини олиб чиқишни бошлади, афғонистонликлар эса бир амаллаб улар билан қўшилиб кетиш пайига тушди. Ҳатто самолётга осилиб бўлса ҳам...

Мамлакатдан кетишни истаётган афғонистонликларнинг аксари ғарб мамлакатларига ишлаган ёки уларнинг вакилларига кичик бўлса ҳам хизмат қилганлардир. Энди улар толиблар қатл қилишидан қўрқишмоқда. The Wall Street Journal билан суҳбат қилган 42 ёшли Муҳаммаднинг айтишича, у британияликлар турган меҳмонхона раҳбари бўлган. У йўқ вақтда уйида номаълум қуролли шахслар тинтув ўтказганини айтган.

Муҳаммад Британия визасини олмоқчи бўлган, лекин у тўғридан тўғри Британия ҳукуматига ишламагани учун виза ололмаган. Ваҳоланки, Британия ҳукумати Афғонистондаги миссия давомида НАТО аскарларига ёрдам берган афғонистонликлар мамлакатни тарк этишига кўмаклашишини айтганди.

Кобул аэропортидаги ҳолат, 16 август / UGC / AP / Scanpix / LETA

Афғонистон Миллий ассамблеяси қуйи палатаси депутати Марям Сулаймонхил мамлакатдаги кам сонли аёл сиёсатчилардан бири ҳисобланади. У мамлакатдан чиқиб кетишга муваффақ бўлди. Марямнинг айтишича, Афғонистондан чиқиб кетаётганда бутун парвоз давомида йиғлаган.

«Қайтганимда бу ерда Афғонистон байроғи эмас, «Толибон»нинг оқ туғи туради. Бугун ҳаётимдаги энг ёмон кунлардан бири бўлди. Яқинларимизни хатарга қолдириб кетдик», дейди Марям хоним.

Кобул аэропортидаги учиш-қўниш йўлаги. 16 август / Wakil Kohsar / AFP / Scanpix / LETA

Бу вақтда «Толибон» афғонларни мамлакатни тарк этмасликка чақирмоқда. Толиблар мамлакатни империалистларга топширганлардан қасос олмасликка ваъда беришмоқда. Ҳаракатнинг диний раҳнамоси Ҳайбатуллоҳ Охундзода тинч аҳолига зарар етказмаслик бўйича кўрсатма берган. Бу инсондан толиблар жуда қўрқиши инобатга олинса, буни қатъий буйруқ деб тушуниш мумкин.

«Толибон»нинг сиёсий етакчиси Абдулғани Биродар ҳам толибларга кўрсатма берди. «Олдин бизнинг гарданимизда бундай масъулият йўқ эди. Ҳозир бўлаётган воқеалар биз учун бир синов», дейди у. Биродар олдин гарданимизда масъулият йўқ эди, деб ҳукумат қўлида бўлмаганини назарда тутган. Чиндан ҳам бунгача толиблар фақат терактлар амалга ошириш билан шуғулланарди, бугун эса уларнинг қўлида бутун ҳокимият ва миллионлаб одамларнинг ҳаёти турибди.

Афғонистонликлар француз элчихонаси олдида. 17 август
Zakeria Hashimi / AFP / Scanpix / LETA

«Толибон» Афғонистон сиёсатини ҳам ўз қўлига олди. 8 август куни эгалланган Кундузда эртасига янги мэр тайинланди. Толибларнинг дала қўмондонларидан бири Гул Муҳаммад Элиас эндиликда Кундуз мэри. Бироқ у ҳудудни бошқаришда муаммога дуч кела бошлади. Чунки мэрия ишчилари қўрқиб ишга чиқишмади. Элиас «Толибон» фақат хорижий босмачиларга қарши жиҳод қилишини тушунтиришга ҳаракат қилмоқда. У мэрия ишчиларига ўз телефон рақамини бериб, толиблар билан боғлиқ муаммо туғилса, қўнғироқ қилишларини айтган.

Аммо бу Кундуздаги давлат ишчиларига ёрдам бергани йўқ. Ишга чиқмаган ишчилар уйига толиблар тинтувга боришган. Шаҳар касалхонасида ишга чиқмаганларни жазо кутаётгани ҳақида эълон пайдо бўлган. Ишлаётганлар эса толиблардан қўрқиб ишга чиқаётганини айтишмоқда. «Уларга жилмайиб қарашга мажбурмиз, чунки қўрқамиз. Бизни нима кутаётганини билмаймиз. Ич-ичимиздан бахтсизмиз», дейди New-York Times билан суҳбатда Кундуздаги давлат хизматчиларидан бири.

Кундузнинг янги мэри коммунал хизмат ходимлари билан учрашувга қуролли қўриқчи билан бориб, ҳаммани қўрқитиб юборган. Мэриянинг аёл ишчиларига эса умуман ишга чиқмаслик буюрилган. Ваҳоланки, толиблар аёлларга ҳамма ҳуқуқлар тақдим этилишини ваъда қилганди.

Аэропортга олиб борувчи йўлдаги тинтув, 16 август
Wakil Kohsar / AFP / Scanpix / LETA

Кобулда ҳам ваъдалар бажарилмаяпти. У ерда бўлиб турган журналистларнинг айтишича, Кобулда аёлларга кўчага эркакларсиз чиқишга рухсат берилмаган. The Guardian'га хат ёзган бир аёлнинг айтишича, Кобулда аёлларга бўлган муносабат толиблар кириши билан ўзгарган. Масалан, таксилар аёлларни олишмаяпти.

Афғон аёллари яна бурқа кийиб юришга мажбур бўлишмоқда. Бу эса шаҳарда бурқа танқислигини пайдо қилган ва нархлар ўн баробар ошиб кетган. Чунки 2001 йилдан буён аёллар бурқада юриши мажбурий эмасди. Ўшанда толиблар ғарб қўшинлари босимида Кобулдан чиқиб кетганди.

The Guardian суҳбатдоши бўлган аёл шундай дейди: «Бурқа мен учун қуллик рамзи ҳисобланади. Унда ўзимни қафасдаги қушдай ҳис қиламан. Уни қачондир кияман деб ўйламагандим, лекин ҳаётимни сақлаб қолиш учун мажбур бўляпман».

Бурқага ўранган аёл бозорда. 17 август
Hoshang Hashimi / AFP / Scanpix / LETA

Толиблар келиши билан афғон телеканалларида кинолар, ҳинд ва турк мелодрамалари берилмай қолди. Телеканаллар рекламасиз диний кўрсатувлар намойиш этмоқда. Ҳозирча Кобулдаги касалхонада ва шаҳар мэриясида аёллар ишламоқда. Пойтахтда аёлларнинг баъзи ҳуқуқлари таъминлангани ҳам айтилмоқда. Масалан, афғонистонлик Мустафо Козимий Твиттер саҳифасида видео жойлади. Унда юзи очиқ аёл мухбир толиблар вакилидан интервью олаётгани акс этган. Журналист Али Латифийнинг айтишича, толибларнинг 1996-2001 йилги ҳукмронлиги даврида буни тасаввур ҳам қилиб бўлмасди.

TOLONews телеканали раҳбарининг айтишича, толиблар ҳозирча эфирга аёллар кўринишига қаршилик қилишмаган.

CNN журналисти Кларисса Уорд ҳозирда дунёнинг энг машҳур инсонларидан бирига айланди. У Кобулдан кун бўйи эфирлар тайёрламоқда. Интернетнинг рус сегментида унинг икки хил таққосланган сурати тарқалди. Унда Уорднинг Кобулда юзи очиқ ва рўмол билан тушган суратлари таққосланган.

Журналистнинг айтишича, бу таққос ўринсиз: «Биринчи кадрда уйда бўлганман, кўчага чиққанда доим рўмол тақиб юраман».

Кларисса Уордга кўра, толиблар Кобулни эгаллагач, ҳаммаси чалкашиб кетган. Унинг айтишича, толиблар «Америкага ўлим» деб ҳайқиришларига қарамай, дўстликсевар кўринишмоқда. Уорд толиблар билан кичик интервью уюштиришга ҳам улгурди. Улардан бири бинойидай инглизча гапирган.

Мавзуга оид