19:47 / 24.08.2021
12019

Учтепа ва Мирободда зудлик билан дарахт экишимиз зарур – Жаҳонгир Ортиқхўжаев

Тошкент шаҳрида 1,5 млн кўчат экиш зарурати борлиги маълум қилинди.

Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида экология муаммолари бўйича ўтказилган видеоселекторда Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг ҳисоботи тингланди.

«Тошкент шаҳрида муаммолар борлиги рост, анча дарахтлар кесилди, оммавий ахборот воситалари бу ҳақда кўп ёзишди.

Самодан туриб кузатиш йўли билан пойтахтдаги аҳволни ўргандик. Тошкентда ҳар бир одамга 36 м/кв.дан яшил ҳудуд тўғри келмоқда. Лекин, масалан, Бектемирда бу кўрсаткич одам камлиги учун 144 кв/метрга тўғри келяпти, Учтепа, Миробод туманларига эса зудлик билан дарахтлар экишимиз зарурлиги аён бўляпти.

Умуман Тошкент шаҳрига, ҳисоб-китобларга кўра, 1 млн 470 минг кўчат экишимиз зарур.

Биз ер ости қудуқларини қазиш ишларини олиб боряпмиз, фурсатдан фойдаланиб мен вилоятлар ҳокимларидан бир нарсани сўрамоқчиман. 1600та қудуқни қазиш учун бизга техника зарур, агар қаерда шундай техника бекор турган бўлса, биз пулини тўлаб олишга тайёрмиз», деган ҳоким.

Шаҳар ҳокими чиқиндиларни қайта ишлаш масаласида ҳам тўхталди.

«Немис компанияси келиб, биз «Махсустранс» орқали пул олишимизга ҳайрон қолишди. Чунки уларда чиқиндилар саралаш орқали бепул олиб кетиларкан. Агар сараланмаса, бир неча баробар қиммат олинаркан. Чунки 600 минг тонна чиқинди қайта ишланса, одамлардан йиғиладиган пулдан уч баробар кўп пул ишланади», деган у.

Президент пойтахтда ҳам мевали дарахтлар бўлганлигига эътибор қаратди.

«Албатта, Тошкентда мевали дарахтлар жуда кўп эди. Лекин одамлар ҳам сувларга ҳисоблагич ўрнатилганидан кейин сувни қаттиқ тежайдиган бўлиб қолишди. Шунинг учун ҳар бир маҳаллада дарахтларни суғориш учун қудуқ қазиб беришни режалаштираяпмиз», деди Ортиқхўжаев.

Top