Ўзбекистон | 11:37 / 26.08.2021
3348
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон-БАА Ишбилармонлар кенгаши ташкил этилди

Тошкент шаҳрида Ўзбекистон-Бирлашган Араб Амирликлари бизнес-форуми бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё».

Тадбирда хориж делегациясига БАА иқтисодиёт вазири Абдуллоҳ бин Тук ал-Марри, Ўзбекистон делегациясига эса бош вазир ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов бошчилик қилди.

Делегациялар раҳбарлари ўз чиқишларида икки мамлакат иқтисодий салоҳияти устувор йўналишлар бўйича ҳамкорликни янада оширишга шарт-шароитлар яратаётганини маълум қилди. Шу нуқтайи назардан икки мамлакат бизнес вакиллари ўзаро фикр ва лойиҳа таклифлари билан алмашиш, ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилиш ва аниқ келишувларга эришишлари мумкин бўлган платформани яратиш зарурлиги қайд этилди. Томонлар Ўзбекистон-БАА Ишбилармонлар кенгаши тузилганини мамнуният билан олқишлаб, икки мамлакат тадбиркорларини муваффақиятли ва ўзаро манфаатли ҳамкорликка чақирди.

Тадбир давомида икки мамлакат бизнес ҳамжамияти вакиллари ўртасида учрашувлар ҳам бўлиб ўтди. Томонлар Ўзбекистонда қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, шунингдек, ўзаро манфаатли савдо битимларини тузиш имкониятларини муҳокама қилди.

Форум якунида бир қатор икки томонлама ҳужжатлар, жумладан, Ўзбекистон-БАА Ишбилармонлар кенгашини ташкил этиш тўғрисидаги битим, Ўзбекистоннинг «World Logistics Passport» халқаро савдога кўмаклашиш дастурига қўшилиши тўғрисидаги битим, Ўзбекистон-БАА инвестиция компанияси ва «E20 Investments Ltd.» ўртасида Ўзбекистонда Гилос ва резавор ўсимликларни етиштириш бўйича инвестиция лойиҳасини амалга ошириш тўғрисида битим, шунингдек, Ўзбекистон томонидан Тошкент шаҳар Инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси раҳбарияти ва БАА томонидан Абу-Даби иқтисодий ривожланиш департаменти тасдиқлаган Иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш тўғрисидаги меморандум имзоланди.

Мавзуга оид