Жаҳон | 23:11 / 18.03.2026
944
8 дақиқада ўқилади

Эрондаги уруш Дубайнинг молиявий марказ сифатидаги мақомига қандай таъсир қиляпти?

Яқин Шарқдаги можаронинг кескинлашиши фонида минтақадаги энг барқарор молиявий марказ ва ноёб сайёҳлик масканининг нуфузи хавф остида қолди. Хўш, уруш сабаб Дубай нималарни йўқотди ёки йўқотиши мумкин?

Фото: AFP/Getty Images

Ўтган ҳафта ижтимоий тармоқларда бир видео тарқалди: унда Дубайдаги ал-Мамзар пляжи устидан Эроннинг «Шаҳед» дрони учиб ўтаётгани кўринади. Дроннинг ортидан уни уриб туширишга ҳаракат қилаётган қирувчи самолёт қувиб борарди. Пляжда эса тумонат одам соябонлар остида тобланиб ётибди. Изоҳларда икки хил фикр ўзаро тўқнашди: уруш пайтида одамлар пляжда қолаётгани ҳайратланарлими ёки улар ҳукуматнинг хавфсизлик тизимига шу қадар ишонишадими?

Ҳўрмуз бўғози яқинида жойлашган Дубай аслида жуда хавфсиз шаҳарлардан бири эди. Аммо, 28 февралда АҚШ ва Исроилнинг Теҳронга бостириб кириши фонида Эроннинг қарши ҳужумига учради. Бирлашган Араб Амирликлари ҳудуди устида 290 га яқин ортиқ баллистик ракета ва 1500 дан зиёд дрон аниқланган. Уларнинг аксарияти йўқ қилинган, бироқ портлашлар тез-тез кузатиляпти. Ўзини ўнлаб йиллар давомида сиёсатдан холи ҳашамат маркази ҳамда нотинч минтақадан ажралган хавфсиз маскан сифатида тарғиб қилиб келган шаҳар бирдан ҳимоясиз бўлиб қолгандек.

Айни пайтда Дубай қийин ҳолатда. Йирик банклар ва халқаро компаниялар ўз ходимларини мамлакатдан эвакуация қилди ёки масофавий иш тартибига ўтказди. Одамлар ерости автотураргоҳлари ёки бошқа пана жойларга яширинишган. Гавжум кўчалар бўшаб қолган. Ҳозиргача БААда камида 8 киши ҳалок бўлган, юзлаб инсонлар жароҳатланган. Хўш, Дубай нималарни йўқотди ёки йўқотиши мумкин?

Нега айнан Дубай?

Маҳаллий ҳукумат хавфсизликни таъминлаш учун бор кучини сафарбар этаётгани, тез орада вазият барқарорлашиб, ҳаёт ўз маромига қайтишини айтиб, барчани хотиржамликка чақиряпти. Бу ҳаракатларни тушуниш мумкин, зеро минтақадаги энг барқарор молиявий марказ ва ноёб сайёҳлик масканининг нуфузи хавф остида қолган. Эрон раҳбарлари Дубайни Ғарб иқтисодий тизимининг муҳим нуқталаридан бири деб ҳисоблайди. Шу боис ҳужумлар нафақат Дубай ва БААга, балки бутун глобал иқтисодиётга таъсир қилади, деб ҳисоблашяпти. Урушнинг дастлабки кунларида Теҳроннинг жавоб ҳужуми учун визуал эффект ҳам муҳим эди: Fairmont The Palm меҳмонхонаси атрофидаги ёнғинлар ёки аэропортдаги портлашлар тасвири ўн минглаб турист ва экспатларни ваҳимага солди. Экспертлар ушбу ҳаракатни «чекланган ва огоҳлантирувчи» зарбалар тактикаси дея баҳолашди.

Умуман олганда, Дубай Эрон учун ўн йиллардан бери «иқтисодий нафас йўли» бўлиб келади. Форс компаниялари ва тадбиркорларининг катта қисми айнан Дубай орқали савдо қилади ва санкциялардан айланиб ўтади. Шаҳар иқтисодиётини турғунлаштириш Эроннинг ўзига ҳам молиявий зарба беради. Дубай кўчмас мулк ва банк секторида Эрон капитали жуда салмоқли улушга эга. БАА Хитойдан кейин Эроннинг иккинчи йирик савдо ҳамкори ҳисобланади — 2024 йилда ўзаро савдо ҳажми 28 миллиард долларга етган. Бундан ташқари, ярим миллионга яқин эронликлар Амирликларда яшайди.

Шу жиҳатдан, расмий Теҳрон томонидан амалга оширилаётган ҳужумлар БАА ҳужуматига нисбатан «сиёсий босим» воситасига сифатида кўриляпти. Яъни Дубайни «гаров» сифатида ушлаб туриш. Агар БАА ўз ҳудудидаги АҚШ базаларидан Эронга қарши фойдаланишга тўлиқ рухсат берса, Дубайнинг хавфсиз шаҳар мақоми тугаши ҳақида очиқ огоҳлантириляпти. Эроннинг айни пайтдаги асосий мақсади Амирликларни АҚШ коалициясидан узоқлаштириш ёки камида нейтрал ҳолатда ушлаб туриш. Бу ерда географик жойлашув ҳам муҳим омил: Эрон ва БАА ўртасидаги масофа денгиз орқали атиги 100 км атрофида, шу сабаб ракета ва дронлар жуда тез етиб боради. 

Урушнинг иқтисодий таъсири

Фаол ҳарбий ҳаракатлар фонида Дубай иқтисодиётининг барча устунлари — авиация, туризм, кўчмас мулк ва молия секторлари жиддий зарба қабул қилиб олди. Шаҳар ўзининг «хавфсиз бандаргоҳ» мақомини ҳимоя қилишга уринаётган бўлса-да, вазият мураккаблигича қоляпти. Дубай халқаро аэропорти — дунёнинг энг гавжум ҳаво тугунларидан бири ҳисобланади. Хусусан, аэропорт 2025 йилда қарийб 90 миллион йўловчига хизмат кўрсатган. Дунё мамлакатларининг учдан бир қисмига тўрт соатлик, учдан икки қисмига эса саккиз соатлик парвоз масофасида жойлашган машҳур транзитнинг дрон ҳужумлари нишонига айланиши вазиятни кескинлаштириб юборди. British Airways, Lufthansa, Air France каби йирик авиакомпаниялар Дубайга парвозларни бутунлай тўхтатди. Бу узилишлар туристик мавсумнинг энг қизғин пайтига тўғри келди. Натижада кўплаб одамлар сафарларини бекор қиляпти, айрим ҳашаматли меҳмонхоналарда нархлар кескин тушиб кетган.

Ўзининг «олтин давр»ини бошдан кечираётган кўчмас мулк бозорида ҳам турғунлик бошланди. Март ойи бошидаги кўчмас мулк олди-сотди шартномалари ўтган ойга нисбатан 50 фоиздан кўпроққа камайди. Айниқса, виллалар сегментида савдо қарийб 90 фоизга тушиб кетди. Урушдан олдин Дубайнинг етакчи девелопери — «Emaar Properties» компаниясининг қиймати 40 миллиард доллардан ортиққа баҳоланаётганди. Бугунги кунда мазкур улкан бойликлар Эрон дронлари ва ракеталари нишонига айланяпти.

БАА озиқ-овқатнинг 90 фоизини импорт қилади. Уруш аллақачон таъминот занжирларига босим ўтказишни бошлади. Ҳозирча захиралар етарли ва дўконларда танқислик йўқ. Аммо Хўрмуз бўғози ёпиқ қолса, муаммолар бошланиши мумкин. Мева-сабзавотнинг асосий етказиб берувчиси — Эрон экспортни тўхтатган. Бу нархларнинг ошишига олиб келиши мумкин.

Яқин Шарқ бўйича эксперт Кристофер Давидсон фикрича, ҳужумлар Дубай жозибадорлигига фақат қисқа муддатда таъсир қилиши мумкин.

«Асосий омиллар — инфратузилма, қонунчилик, иқлим ва географик жойлашув — ўзгаришсиз қолади. Узоқ муддатда жозибадорлик сақланади. Агар Эрон ҳарбий жиҳатдан заифлашса, бу жозибадорлик ошиши ҳам мумкин», дейди у.

Ички кескинлик кучайиши фонида чет элликлар учун анча юмшоқ бўлган маҳаллий тартиб-қоидалар ҳам қаттиқлаштирилди. Киберхавфсизлик тўғрисидаги қонунчиликни бузишда айбланиб, аллақачон бир неча киши ҳибсга олинди. Ушбу ҳолатларнинг аксарияти Эрон дронлари ва ракеталари келтирган вайронагарчиликларни мобил телефонларга тасвирга олиш билан боғлиқ.

Бой хорижликлар шаҳри

Дубай аҳолисининг тахминан 90 фоизи — чет элликлар. 2025 йил охирида амирлик Ню Йоркни ортда қолдириб, бойлар учун энг жозибадор шаҳарлар рейтингида биринчи ўринни эгаллади. Шаҳарнинг асосий афзалликлари сифатида капитал ўсишига ва меросга солиқ йўқлиги, юқори хавфсизлик даражаси ҳамда ривожланган инфратузилма кўрсатилиб келинади. Фақат 2025 йилнинг ўзида бу ерга қарийб 10 минг нафар миллионер кўчиб келган. Уларнинг умумий бойлиги 63 млрд долларга баҳоланади. Йил бошидаги рақамларга кўра, умумий ҳисобда шаҳарда 81,2 мингта миллионер яшайди, жумладан 100 млн доллардан ортиқ бойликка эга 237 киши ва 20 нафар миллиардер мавжуд. Ўта бой аҳоли сони бўйича ҳам Дубай дунёнинг топ-20 шаҳарлари қаторига киради.

ХХ асрнинг 70 йилларигача Ўрта Ер денгизининг дурдонаси бўлмиш Ливан пойтахти Байрут ҳам жозибадор молиявий марказ бўлган. Бироқ ҳарбий-сиёсий беқарорлик ушбу шаҳарни қисқа фурсатда яшаш учун хавфли ва бизнес учун яроқсиз ҳудудга айлантирди. Айни пайтда давом этаётган уруш яқин кунларда тугаса, салбий воқеалар унутилиши мумкин. Аммо можаро чўзилса ва ҳужумлар мунтазам давом этса, Дубайнинг асосий фишкаларидан бири— хавфсизлик имижи — жиддий савол остида қолади.

Достон Аҳроров
Муаллиф Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид