Жаҳон | 19:54 / 21.03.2026
5276
2 дақиқада ўқилади

Ҳўрмуз бўғози хавфсизлиги ташаббусини 20 дан ортиқ давлат қўллаб-қувватлади

Баёнотни имзолаган давлатлар фуқаролик инфратузилмасига, жумладан, нефть-газ объектларига ҳужумларга зудлик билан кенг қамровли мораторий жорий этишга чақирди.

Фото: AFP

22 та давлат қўшма баёнотда Ҳўрмуз бўғози орқали хавфсиз ўтишни таъминлашга ҳисса қўшишга тайёрлигини билдирди. Давлатларнинг шу ҳақдаги қўшма баёнотини БАА ташқи ишлар вазирлиги эълон қилди.

«Биз Эроннинг Форс кўрфазидаги тинч савдо кемаларига яқинда уюштирган ҳужумларини, фуқаролик инфратузилмасига, жумладан, нефть-газ объектларига қилинган ҳужумларни ва Эрон кучлари томонидан Ҳўрмуз бўғозининг амалда ёпилишини кескин қоралаймиз. Биз можаронинг кучайишидан чуқур хавотир билдирамиз. Биз Эронни ўз таҳдидларини зудлик билан тўхтатишга чақирамиз», дейилади хабарда.

Бирлашган Араб Амирликлари, Буюк Британия, Франция, Германия, Италия, Нидерландия, Япония, Канада, Жанубий Корея, Янги Зеландия, Дания, Латвия, Словения, Эстония, Норвегия, Швеция, Финляндия, Чехия, Руминия, Баҳрайн, Литва ва Австралия етакчиларининг қўшма баёнотида айтилишича, улар тайёргарликни режалаштиришда иштирок этаётган мамлакатларнинг мажбуриятларини олқишлайди.

Имзоловчи давлатлар фуқаролик инфратузилмасига, жумладан, нефть-газ объектларига ҳужумларга зудлик билан кенг қамровли мораторий жорий этишга чақирди.

АҚШ ва Исроил ҳарбий операцияси бошланганидан кейин Эрон жаҳон нефть савдосининг 20 фоизигача етказиб бериладиган Ҳўрмуз бўғозини кемалар қатнови учун ёпди. Теҳрон АҚШ ва Исроилнинг ўз энергетика объектларига ҳужумлари муносабати билан Яқин Шарқдаги АҚШ иттифоқчилари бўлган мамлакатлар ҳудудидаги нефть ва газ ишлаб чиқариш корхоналарига зарба бериш режаларини эълон қилди.

19 март куни Қатарнинг QatarEnergy нефть-газ компаниясининг суюлтирилган табиий газ ишлаб чиқариш объектлари ҳам зарбалар остида қолди.

18 март куни Исроил дунёдаги энг йирик Шимолий/Жанубий Парс газ конига зарба берган эди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид