Жамият | 19:34 / 26.08.2021
34116
6 дақиқада ўқилади

Ухламай туш кўраётган аёл

Очилтош Атауллаева автобус бекатларида тонг оттирган аёл. Унинг 13 йил умри кўчада кечган. Икки фарзанди билан ошхона, ертўлаларда яшаб келган. Аёл ўша кунларни бугун эслар экан, ухламасдан туш кўряпман, дейди...

Очилтош опа ҳозирги вақтда Самарқанд вилояти Паст Дарғом туманидаги боқувчисини йўқотган, чин етим ва оғир вазиятга тушиб қолган аёлларга мўлжаллаб қурилган уйларда яшайди. Бу уй унга текинга қуриб берилган. У шу кунларга келгунича ҳам иродаси минг синовлардан ўтгани, ҳар бир куни туганмас азобдек туюлгани, бироқ ўзини, аёллик шаънини йўқотмаганини айтади.

«Онам ҳам ёшликдан етим қолган. Камига турмуш қургач отам ҳаётни эрта тарк этган. Шундан сўнг раҳматли отамнинг қариндошлари уйига ҳам сиғмаганмиз. Онамнинг икки оёқлари умуман ишламай қолди. Кейинчалик бир неча йил тоғамнинг уйида яшадик, вояга етмасимдан онам ҳам вафот этди.

Қариндошларим мени турмушга узатишди. Аммо ота-онасиз, ака-ука ёки жигарингиз бўлмаса сизни ҳамма ҳам ҳурмат қилавермас экан. Ортимдан борадиган одам бўлмади, камбағал ва ночорлигим сабабли қизим ва ўғлим билан кўчада қолдим. Онамнинг тақдири такрорланди», — дейди аёл.

Шундан сўнг Очилтош опанинг саргардонлик йиллари бошланади. Ўзи етимликда тортган машаққати, онасини эрта йўқотиб қийналганларидан хулоса қилади. Иродали, машаққатли бўлишга интилади. Кичик-кичик ошхоналарда ишлайди, мардикорчилик қилади, одамлар берган бир бурда нон учун бўлса ҳам ишлайди. Ўн йилдан ошиқ вақт гоҳ ижара уйларда, гоҳ бекатларда, ертўлаларда, ошхоналарда фарзандлари билан яшаб юради.

«Ҳеч қачон қизимни ўзимдан узоқлаштирмадим. Тақдиридан хавотир олдим», — дейди у.

Очилтош опанинг айтишича, баъзан ижарага тўлаш учун пулнинг ўзи бўлмаган. Шу сабабли кўчада қолиб кетган кунлари кўп бўлган. Автобуслар ўтиб кетаверарди. Энг охирги автобуслар қаерга олиб кетайлик, деб сўрашса ҳам индамасди у. Борадиган жойи йўқ эди. Кўчада машиналар сийраклашгач оч-наҳор бекатда ухлашга мажбур бўлган. Дунё эгасиз эмас, бундай вақтларда ўзининг таъбири билан айтганда, уни ППХ олиб кетарди.

«Аёл «мелисалар» берадиган нон-чой билан кун кўрган вақтларимиз бўлган», дейди аёл.

У камбағаллик ва муҳтожлик сабабли мактабни битира олмаган. Табиийки, олий маълумот, тайинли иш жойи ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Шу сабабли кимнингдир уйида, аёллар мардикор бозорида, арзон чойхоналарда ишлаб юришга мажбур бўлган. Шунга ҳам шукр қилган (Аёлнинг оғзидан шу сўз тушмайди). Бу вазиятда унинг қачондир уй сотиб олиши бу ҳақиқатан ҳам ўзи айтгандек туш, хаёл эди.

У ҳокимиятга, порталга, умуман, қаердан ёрдам берилиши мумкин бўлса, ҳамма жойга мурожаат қилаверади. Турли даражадаги ёрдам ва кўмак билан йиллар ўтиб кетади. Ҳарқалай, унга бутун бошли бошпана беришнинг имкони бўлмайди. Ниҳоят, бу тоифа муҳтожлар учун Паст Дарғомда 2020 йилда 44та уй қурилиши бошланади. Икки сотихдан иборат уч хонали уйлардан бири унга ҳам берилади.

«Ўғлимни бир муддат болалар уйига бериб кўрдим. У ерда ўғлим қийналмасди, оч қолмасди. Аммо виждоним қийналар, соғинардим. Пандемия бошланиб қолди, кўришга рухсат беришмади, боламни кўролмай жуда қийналдим. Яна ёнимга олиб келишга мажбур бўлдим. Энг арзон нарса туз бўладиган бўлса, ҳатто тузга ҳам пулим қолмади. Фақат сув ичиб кун ўтказган дамларимиз бўлди», — дейди Очилтош опа.

Мана шундай кунларда у текин уйлардан бирига эга бўлди.

«Баъзан кечалари уйқум қочиб кетади. Хаёлга бериламан. Туш кўряпманми, дейман. Назаримда, ухламасдан туш кўраётган бўлсам керак.

Мана бу телевизорни ҳам бизга совға қилишди. Ўзимга қолса, бунақа телевизорларни харид қилиш ҳақида ўйласам қўрқиб кетардим. Худога шукр, уйимдаги мебел ва гиламларгача ҳомийлар олиб беришди», — дейди аёл.

Опа икки қарич ҳовличасини тўлдириб экин эккан, ҳовлига картошка, помидор, ҳатто тарвуз ҳам экилган. У экин экадиган ери бўлишини ҳам орзу қилган.

«Айтганча, бошимдан шунча кўргуликлар ўтди. Аммо бирор марта ёмон йўлга кириш, ўғрилик қилиш ёки фарзандларимдан воз кечиш ҳақида ўйламадим. Очиғи, фарзанд сотиш ҳақидаги гапларни мана шу телевизорни беришганидан сўнг телевидение орқали кўрдим. Назаримда, сабрим ва ўша қийинчиликларим учун менга бу уй берилди. Аввало, Аллоҳга шукр қиламан, қолаверса, менга бошпана берган раҳбарларимиздан миннатдорман», — дейди Очилтош опа.

Аёл бугун ўғли билан шу хонадонда яшаяпти. Қизини узатган. Боғчада иш топган. Тўрт юз минг сўм атрофида ойлик оляпти. «Шукр, етади» дейди у. Баъзан қўни-қўшниларнинг бичиш-тикишини қилиб берар экан.

Очилтош опа иродали аёл. Унинг кўзида кўп нарсани кўриш мумкин. Оғир йиллар, камситилишлар, изтироблар изи, сабр, ирода, шиддат ва бахт бор. Англадикки, шукр қила олган инсонга бахт учун унчалик кўп нарса ҳам керак эмас...

Исомиддин Пўлатов, Kun.uz мухбири.
Тасвирчи ва монтаж устаси: Фахриддин Ҳотамов.

Мавзуга оид