Business class | 17:06 / 28.08.2021
417326
7 дақиқада ўқилади

Японияни дунёга танитган бренд – Toyota тарихи

Toyota – салкам 100 йиллик тарихга эга компания. Бу тарихнинг бошланиши тўқиш учун мўлжалланган ёғоч дастгоҳларга бориб тақалади. Хўш, оддий тўқув дастгоҳи ишлаб чиқарувчи компания қандай қилиб дунё бозоридаги таниқли автобрендга айланди? Бугун Kun.uz “Business Class” рукни шу ҳақда ҳикоя қилади.

Японияда Toyota компанияси тарихи ҳақида гап очилса, унинг асосчиси Кичиро Тойода исмидан олдин унинг отаси Сакичи Тойода исми алоҳида тилга олинади.

Чунки бу инсон нафақат Toyota компанияси асосчисининг, балки Японияда ишлаб чиқариш соҳасининг ҳам отаси деб тан олинган. Бунинг боиси у ихтиро қилган тўқув дастгоҳи Японияда ишлаб чиқариш соҳаси ривожланишига катта туртки бўлган эди.

Сакичи Тойода

Сакичи Тойода 1867 йилда дурадгорлар оиласида туғилган. У 1890 йилда ўзининг илк тўқув дастгоҳини ихтиро қилади. Орадан бироз вақт ўтгач, айнан шу дастгоҳни автоматлаштиришга муваффақ бўлади ва 1890 йилнинг ўзида ушбу турдаги дастгоҳларни ишлаб чиқариш учун патентни қўлга киритиб, “Тойода” номли тўқув дастгоҳи ишлаб чиқарувчи компанияга асос солади.

Ўша пайтларда тўқимачилик соҳасида фаолият олиб борувчи компаниялар бу ихтирони кутилгандан анча яхшироқ қарши олишади. Шу боис ҳам “Тойода” жуда тез фурсатда танила бошлайди.

Сакичи Тойоданинг ўғли Кичиро Тойода ёшлигидан машинасозликка жуда қизиқарди. У ўз орзуларини рўёбга чиқариш мақсадида Европа ва АҚШга машинасозликни ўрганиш учун боради. Японияга қайтгач эса отасига машина ишлаб чиқарувчи корхона очмоқчи эканини айтади.

Бу орада отасининг бизнесида ҳам муаммолар юзага келаётган эди. Аниқроғи, корхонада жой етишмаслиги ва айрим техник носозликлар сабаб, улар ишлаб чиқараётган тўқув дастгоҳларида нуқсонлар пайдо бўла бошлаган эди.

Сакичи бу билан узоққа бориб бўлмаслигини тушуниб етади. У корхонани муқаррар инқироздан сақлаб қолиш ҳамда фарзандининг автомобил ишлаб чиқариш орзусини амалга ошириш мақсадида бир қарорга келади: 1929 йилда автоматлашган дастгоҳлар ишлаб чиқариш патентини Британиянинг Platt Brothers компаниясига сотиб юборади.

Бу пулларга унинг ўғли Кичиро Тойода тўқув дастгоҳларини ишлаб чиқаришга мўлжалланган корхонанинг бир бўлимини автомобил ишлаб чиқаришга ихтисослаштиради.

1930 йилдан бошлаб компания бензинда ҳаракатланадиган автомобилларни ишлаб чиқаришни бошлайди. 1934 йилда Тойода ўзининг биринчи А двигателини ишлаб чиқаради. Бу двигателлар 1935 йил май ойида ишлаб чиқарилган А1 русумли енгил автомобил ва ўша йилнинг август ойида ишлаб чиқарилган Г1 русумли юк машиналарида ишлатилган.

1939 йилда Иккинчи жаҳон уруши бошланиб, унда мағлублар қаторида бўлган Япония оғир аҳволга тушиб қолади. Ўша пайтларда компания ходимлари қўшинни юк машиналари билан таъминлаш учун тун-у кун тинимсиз ишлар эди. Маҳсулот захираси танқислиги боис юк машиналари энг арзон вариантда ишлаб чиқарила бошлаган. Масалан, битта фарали, эшиклари ёғочдан бўлган юк машинаси жуда ҳам сифатсиз эди, аммо вазият шуни тақозо қиларди.

Уруш йилларида компания энг оғир кунларни бошидан кечираётган эди. Маълумотларга қараганда, Кичиро “Тойода”ни сотиб юбормоқчи ҳам бўлган. Аммо отаси унинг автомобил ишлаб чиқариш орзусини амалга ошириш учун тўқув машиналари патентини сотиб юборганини эслаб, бу фикридан қайтган.

Жаҳон бозорига кириб бориш

Уруш ниҳоясига етгач, дастлабки йилларда “Тойода” компанияси оёққа туриш учун ҳаракат қилади. Урушдан кейинги Японияда бошланган иқтисодий инқироздан сўнг маҳаллий аҳоли “Тойода” машиналарини харид қилиши амри маҳол эди.

Буларни инобатга олган Кичиро Тойода ўз машиналарини урушда катта даромад кўрган давлатга, яъни Америка бозорига олиб киришни режалаштиради. Аммо қандай?

Кичиро айёрона усулдан фойдаланади. У Америкада энг оммалашган машиналарни синчиковлик билан кузатади ва улардаги қулайликни ўз машиналарида жорий этишни бошлайди. Бу орада компанияда кичик ўзгариш бўлади, аниқроғи компания номидаги “Д” ҳарфи “Т” ҳарфига ўзгартирилади.

Бунга “Тойода” номининг жарангдорлиги, япончада ёзилиши ҳам “Тойота”чалик кўримли эмаслиги сабаб бўлган. “Тойота” номини Япониядаги Катакана алифбосида 8 та чизиқ билан ёзиш мумкин эди, 8 рақами эса японларда бахт ва омадни билдиради. Кичиронинг ўзи ребрендингни шундай изоҳлаган.

1956  йилда ишлаб чиқарилган Toyota Crown – Америкага экспорт қилинган энг биринчи япон машинаси бўлди. Америкадан кейин Бразилия, секин-аста Европа давлатлари ҳам Toyota машиналарини харид қила бошлади.

Бунинг ортидан Toyota компанияси халқаро машҳурликка эришиб, Япония иқтисодиётига катта фойда келтира бошлади. 1959 йилда компания жойлашган Корома шаҳри мамлакатнинг энг муваффақиятли бизнеси шарафига Toyota деб ўзгартирилди.

Компания йиллар мобайнида ривожланиб, дунёнинг турли давлатларида ўз филиалларини, машиналар савдосига масъул бўлимлари ва бир қанча кичик компанияларини очиб, корпорация даражасига етди. 1989 йилда Toyota Motor Corporation ҳозирги кунда барчамиз билган янги логотипини эълон қилди.

Кўпчилик бу логотипда Toyota номининг барча ҳарфлари акс этган деб ҳисоблайди. Аммо аслида ундай эмас. Унда корпорациянинг келиб чиқиш тарихига асосланиб, тўқимачилик рамзи бўлган игна ва ип тимсоллари тасвирланган.

Фаолият турларининг кeнгайиши

Toyota Motor Corporation ҳозирги кунда нафақат автомобил, балки ҳарбий қуроллар, скафандрлар, ҳатто тиббий техникалар ҳам ишлаб чиқаради; илмий тадқиқотлар, Формула-1 ва бошқа пойга мусобақаларида ҳам иштирок этиб келади.

Корпорациянинг автомобил ишлаб чиқарувчи бошқа компаниялари ҳам бор бўлиб, улардан дунёга машҳурлари – Lexus, Scion, Daihatsu ва Hino'лардир.

Toyota 2007 ва 2009 йилларда дунёдаги машина ишлаб чиқарувчи энг катта корпорация мақомида бўлди, 2012 йилда Volkswagen ва General Motors'дан ўзиб кетиб, яна бир бор бу унвонга сазовор бўлди.

Компания 2013 ва 2015 йилларда энг қиммат автомобил ишлаб чиқарувчи бренд дея тан олинган.

2017 йилда Лас-Вегасда бўлиб ўтган кўргазмада Toyota ўзининг сунъий интеллектга эга автомобил концептини тақдим қилди.

Мазкур ақлли машина ҳайдовчисиз ҳаракатланиш, атрофдаги автомобил ва ҳайдовчилар билан ҳам мулоқот қила олиш хусусиятига эга.

Қолаверса, автомобил салонида овоз билан бошқариш функциялари ва хавфсизлик назорати, ҳайдовчини таниб олиш, юзи ва овоз тембрига қараб кайфиятни аниқлаш технологияси ҳам киритилган.

Япон бренди ақлли машиналардан ташқари, ақлли роботларни ҳам ишлаб чиқмоқда. Ҳозирда Toyota – сунъий интеллектга энг катта сармоя киритаётган корпорациялардан бири. Компанияда автомобилларни йиғиш жараёни 98 фоизга роботлаштирилган.

Маълумот учун, Toyota 1997 йилда Тошкентда ҳам ўз ваколатхонасини очиб, автомобилларини сота бошлаган.

Бекмирза Рашидов тайёрлади.

Мавзуга оид