Ўзбекистон | 20:09 / 31.08.2021
39888
3 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг Афғонистон бўйича позициясига тўхталди

“Афғонистонда ҳокимият транзити миллий келишув асосида, тинч йўл билан амалга оширилиши ўта муҳим, деб ҳисоблаймиз”, – деди президент.

Фото: Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллиги байрам тадбирида ташқи сиёсат, хусусан Афғонистондаги ҳокимият алмашинуви масаласига тўхталиб ўтди.

“Сўнгги кунларда ён қўшнимиз Афғонистонда юз бераётган воқеаларни ҳаммамиз ташвиш билан кузатиб турибмиз. Биз бу мамлакатда тезроқ тинчлик ва барқарорлик ўрнатилиши тарафдоримиз.

Афғонистон Марказий ва Жанубий Осиё минтақалари ўртасида ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлашда кўприк вазифасини бажара олишига ишонамиз.

Афғонистон билан алоқаларимизда дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини қўллаб-қувватлаш ҳамда ички ишларга аралашмаслик тамойилларига содиқ қоламиз.

Ушбу мамлакатда ҳокимият транзити халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган меъёрларини инобатга олган ҳолда, миллий келишув асосида тинч йўл билан амалга оширилиши ўта муҳим, деб ҳисоблаймиз”, – деди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари ўз сўзида Марказий Осиёда чегаралар очилиб, бир мамлакатдан иккинчисига бориб келиш анча осонлашганини қайд этди.

“Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг мунтазам учрашувларини ўтказиш яхши анъанага айланди. Яқинда Туркманистонда бўлиб ўтган навбатдаги Маслаҳат кенгашида ҳамкорликнинг янги, истиқболли йўналишлари белгилаб олинди”, – деди президент.

“Ўтган даврда Россия, Хитой, Жанубий Корея, Япония, Туркия, Бирлашган Араб Амирликлари ва бошқа мамлакатлар билан самарали битим ва келишувларга эришдик.

Америка Қўшма Штатлари ва Ғарб давлатлари билан прагматик ҳамкорлик сари янги қадамлар ташланди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги каби халқаро тузилмалар билан алоқалар сифат жиҳатидан янги босқичда давом эттирилмоқда.

2019 йилда Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига тўла ҳуқуқ́ли аъзо бўлдик. Бу мамлакатимиз учун халқаро майдонда янги иқтисодий, сиёсий ва маданий имкониятлар очиб берди.

Ўзбекистон Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан кузатувчи давлат мақомида қисқа даврда самарали алоқаларни йўлга қўйишга эришди.

2020 йилда мамлакатимиз илк бор Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигида раислик қилди.

Бу давр пандемия шароитида ўтганига қарамасдан, Ўзбекистоннинг бу борадаги фаолияти муваффақиятли ташкил этилди ва юқори баҳоланди.

Бу йил Шанхай ҳамкорлик ташкилоти раислигини қабул қилиб оламиз ва унинг келгуси йили ўтадиган Саммитига пухта тайёргарлик кўраяпмиз”, – таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Мавзуга оид