16:24 / 04.09.2021
1438

Самарқанд шаҳрида синов тариқасида экополиция иш бошламоқда

2021 йил 6 сентябрь кунидан бошлаб Самарқанд шаҳрида экополиция иш бошлайди. Бу ҳақда вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, 2021 йилнинг 6 сентябридан эътиборан Самарқанд шаҳрида экополиция ўз фаолиятини бошлайди. Экополиция Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддаларида кўрсатиб ўтилганидек;

  • транспорт воситаларидан чиқинди ёки бошқа нарсаларни ташлаб юборганлик учун;
  • жамоат жойларда тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиши оқибатида атрофдаги фуқаролар саломатлигига таъсир этганлик учун;
  • белгиланмаган жойларда турли хилдаги чиқиндиларни (сигарет қолдиғи, писта пўчоғи, турли қоғоз, шиша, целлофан ва пластик буюмлар) ташлаган(улоқтирган)лик учун;
  • шаҳар ва шаҳар атрофидаги маҳалла, хиёбон, боғлар ва йўл бўйларидаги ўсимлик дунёсига зарар етказганлик учун;
  •  чиқинди ва хазонларга ўт қўйиб, ёқиб юборганлик учун,
  • табиат жониворларига озор берганлик учун қатъий чора кўриш ва жаримага тортиш ваколатига эга бўлади.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил 24 август куни Ш.Мирзиёев бошчилигида экология соҳасига оид видеоселектор ўтказилганди. Унда Тошкент шаҳри ва вилоят марказларида экология полицияси ташкил этилиб, экология соҳасидаги қонунбузарликлар, жумладан дарахтларни рухсатсиз кесиш, браконьерлик, ноқонуний чиқиндилар ташлаш каби ҳолатларга қарши профилактика вазифаларини амалга ошириши ва ушбу Экология полицияси Ички ишлар тизимида фаолият юритиши таъкидлаб ўтилганди.

 

Мавзуга оид
Top