Ўзбекистон | 16:49 / 06.09.2021
28222
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда автосаноат монополияси ва узун навбатларга бағишланган стрит-арт пайдо бўлди ва ўчириб юборилди

4 сентябрь куни Тошкентда UzAuto Motors компаниясининг монополияси ва бунинг ортидан автомобиллар учун пайдо бўлаётган узундан узун навбатларга бағишланган кўча суратлари пайдо бўлди.

Автомонополияга аталган стрит-арт Чилонзор туманидаги, АҚШнинг собиқ элчихонаси биноси деворларига туширилган. Муаллиф – @inkuzart тахаллусли кўча рассоми.

Суратлар орқали муаллиф автосалонларда машина харид қилиш учун навбатда турганлар дуч келадиган яна бир муаммо “шапка” тизимини қизғиш бош кийими тимсолида эслатиб ўтган.

5 сентябрь куни рассом деворга чизилган ушбу тасвирлар ўчирила бошланганини маълум қилди. Бугун, 6 сентябрь куни тарқалган суратларда эса тасвирланган навбатлар аввалига “анча камайиб қолгани”, кейинроқ бутунлай ўчириб юборилганини кўриш мумкин.

 

Маълумот учун, яримўтказгичларнинг глобал танқислиги шароитида UzAuto Motors'нинг ишлаб чиқариш ҳажмлари кескин тушиб кетган. Айни пайтда автомобилнинг 85 фоизлик бошланғич тўловини тўлаган ўн минглаб харидорларнинг навбатлари юзага келган.

6 сентябр куни компания автомобилларга навбатларни реал вақт режимида кўрсатувчи UzAvtoSavdo мобил иловаси техник сабаблар билан 8 сентябргача ишламаслигини маълум қилди.

20 август куни президент Шавкат Мирзиёев тадбиркорлар билан мулоқотида автосаноатдаги монополия ҳақида гапириб, яқин ўтмишда Асакадаги завод чиқарган автомобиллар Ўзбекистоннинг ўзида хориждагидан қимматроқ сотилганини тасдиқлаган эди.

“Кўп йиллар Андижонда заводимиз бор, деб фахрланиб юрдик. Солиқлардан озод қилдик, имтиёзлар бердик. Лекин у завод халқимизга манфаат келтирмади. Экспортдаги ўзимизнинг автомобил ички бозоримиздан арзон сотилди. Энди бу муаммоларни бартараф қиляпмиз”, – деганди давлат раҳбари.

Мавзуга оид