17:58 / 07.09.2021
19016

Давлат божхона қўмитаси 7,3 миллиард сўмга 76 та автомобил сотиб олди

Божхона тизимида автопарк янгиланмоқда: божхоначилар учун 10 та Lacetti/Gentra, 14 та Cobalt ва 52 та Nexia-3 автомобиллари сотиб олинди. Тизимда фойдаланилаётган машиналардан 117 таси 1991–2001 йилларда ишлаб чиқарилгани маълум қилинди.

Давлат божхона қўмитаси 7 миллиард 351 миллион сўмга UzAuto Motors компаниясининг расмий дилеридан жами 76 та автомобиль харид қилди.

Давлат харидлари порталида келтирилган шартнома маълумотларига кўра, 1 миллиард 381 миллион сўмга 10 та «Lacetti/Gentra», 1 миллиард 359 миллион сўмга 14 та «Cobalt», шунингдек 4 миллиард 160 миллион сўмга 52 та турли позициядаги «Nexia-3» автомобиллари сотиб олинган.

Давлат божхона қўмитаси матбуот хизматининг Kun.uz'га маълум қилишича, божхона органлари автопаркидаги мавжуд хизмат автотранспорт воситаларининг 117 таси 1991–2001 йилларда ишлаб чиқарилган бўлиб, амалдаги қонунчилик талабларига кўра, автомашиналар учун амортизациянинг йиллик энг юқори нормаси 20 фоиз (5 йил) белгиланган.

«Турли иқлим ва йўл шароитида 15 йилдан ортиқ фойдаланиб келинаётган ушбу автомобилларни соз ҳолда сақлаш учун ҳам бюджетдан маблағлар сарфланишини тақозо қилмоқда. Шу сабабли, Давлат божхона қўмитаси махсус фонди маблағлари ҳисобидан 76 та автомобиль сотиб олинди ва махсус жиҳозланган ҳолда ҳудудий божхона бошқармалари ва олис ҳудудлардаги божхона постларига тарқатилди.

Шунингдек, ҳозирда фойдаланиш муддати тугаган автомашиналарни ҳисобдан чиқариш ва «E-IJRO AUКSION» электрон савдо майдончаси орқали сотиш чоралари кўрилмоқда,” – дейилади қўмита берган изоҳда.

Top