16:52 / 13.09.2021
2440

Хоразм вилоятида ер сотиш билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатлари фош этилди

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Хоразм вилоят бошқармаси томонидан ўтказилган тезкор тадбирларда ер сотиш билан боғлиқ бир қанча фирибгарлик ҳолатлари фош этилган.

Жумладан, фуқаро М.Қ. бошқа бир фуқарога Хонқа туманида захирадаги 1 сотих ер майдони ажратилиши учун танишлари орқали ҳужжатларни расмийлаштириб бериш эвазига 7 500 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Департаментнинг Тупроққалъа ҳамда ДХХ Ҳазорасп туман бўлимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, фуқаролар И.Ю. ва М.Я. бошқа бир фуқарога Тупроққалъа тумани ҳудудидан уй-жой қуриш учун захирадаги 12 сотих ер майдонини фирибгарлик йўли билан сотишга келишиб, кейинчалик ҳужжатларни расмийлаштириб бериш эвазига 9 000 АҚШ  долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Ушбу ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28-, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Top