Жаҳон | 12:28 / 15.09.2021
52190
2 дақиқада ўқилади

Тожикистон Байденнинг баёноти юзасидан эътироз билдирди

Тожикистон ташқи ишлар вазирлиги АҚШнинг Душанбедаги элчиси Жон Марк Поммершаймни чақиртириб, унга АҚШ президенти Жо Байденнинг Тожикистон ҳақидаги сўзлари учун норозилик нотаси топширди.

Таъкидланишича, нотада “бундай баёнотлар дўстона муносабатлар ва шериклик руҳига тўғри келмаслиги” айтилган.

Шу билан бирга, Тожикистон АҚШ билан ҳурмат ва ўзаро кўмакка асосланган ўзаро манфаатли муносабатларни ривожлантиришдан манфаатдорлиги айтилган.

Бир неча кун аввал Байден Тожикистон номига баҳсли сўзлар айтган. У ўз нутқларидан бирида Кобул аэропортида афғонлар АҚШ самолёти қанотлари ва шассисига чирмашиб қочишга уринган, сўнгра баландликдан қулаган вазият Тожикистондан АҚШ тарафдорлари эвакуация қилинганда ҳам юз бериши мумкинлигини айтган. 

“Мисол учун, биз Тожикистонда бўлганимизда ва С-130 самолётини учиш йўлагига олиб чиқиб, бизни хуш кўрувчи барчага самолётга чиқишни айтганимизда, у ерда ҳам шассига осилиб олган одамларни кўрган бўлардик”, деб айтган Байден.

АҚШ президенти шу сўзлари билан Афғонистон бўйича қарорини яна бир бор ҳимоялашга уринган.

Мавзуга оид