Ўзбекистон | 18:14 / 19.09.2021
14736
3 дақиқада ўқилади

Нефть ва газ соҳасида хизматлар кўрсатилаётган асосий корхоналар маълум қилинди

“Ўзбекнефтгаз” АЖ матбуот хизматининг хабар беришича, жорий йилнинг саккиз ойи давомида жамиятнинг нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармалари ва газни қайта ишлаш заводи саноат тармоқларининг 14 та йўналиши бўйича ўз хизматларини кўрсатиб келмоқда.

Мазкур давр ичида миллий валютада 689,2 млрд сўм, шу жумладан хорижий валютада 22,7 млн долларлик хизматлар бажарилган.

Ўтган йилнинг мос даврига нисбатан таққосланганда ўсиш суръати миллий валютада 55 млрд сўмни (+31%), хорижий валютада эса 2,3 млн долларни (+13,5%) ташкил этди.

Хўш, нефть ва газ бозорининг асосий иштирокчиси кимларга хизмат кўрсатмоқда? “Ўзбекнефтгаз” АЖ республика ҳудудида хорижий капитал иштирокида фаолият юритаётган компаниялар ҳамда қўшма корхоналарга ўзининг асосий хизматларини кўрсатиб келмоқда.

Улар қаторидан:

  • Россия Федерациясининг “Лукойл” корхонаси (22,7 млн долларлик);
  • “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва Швейцариянинг “Gas Project Development” ҳамда “Altmax Holding” корхоналари иштирокидаги “Натурал Газ Стрим” қўшма корхонаси (153,7 млрд сўмлик);
  • АҚШнинг “Эпсилон Девелопмент Компани” хорижий корхонаси (190,9 млрд сўмлик);
  • “Нью Силк Роад” ўзбек-хитой қўшма корхонаси (48,7 млрд сўмлик);
  • “Гиссарнефтегаз” МЧЖ қўшма корхонаси (16,2 млрд сўмлик);
  • “Жиззах Петролеум” қўшма корхонаси (21,4 млрд сўмлик);
  • “Кўкдумалоқ-газ” ўзбек-швейцария-британия қўшма корхонаси (7,4 млрд сўмлик) ва бошқа корхоналар (5,2 млрд сўмлик ) ўрин олган.

 Ўтган саккиз ой давомида “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан кўрсатилган жами хизматларнинг корхоналар кесимидаги улушлари қуйидагича кўринишга эга бўлди:

  • Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасига — 60,8 %;
  • Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасига — 16,3%;
  • Муборак газни қайта ишлаш заводига —13,8%;
  • Устюрт газ қазиб чиқариш бошқармасига — 9,3%.

Кўрсатилаётган хизматлар тури бўйича эса табиий газни қайта ишлаш – 294,6 млрд сўм, суюлтирилган газ, газ конденсат ва олтингугурт ишлаб чиқариш – 98,2 млрд сўм, табиий газни сиқиш (компримирование) – 108,9 млрд сўм, табиий газ ва газ конденсатини тайёрлаш – 82,8 млрд сўм, ташиш хизматлари – 62,6 млрд сўм ҳамда сақлаш ва юклаш – 35,8 млрд сўмни ташкил этди.

2021 йилнинг якуни бўйича хизмат кўрсатиш ҳажмлари 1,1 трлн сўмгача етказилиши режалаштирилмоқда, дейилади матбуот хизмати хабарида.

Мавзуга оид