Ўзбекистон | 21:05 / 22.09.2021
25542
3 дақиқада ўқилади

“Легионер-муаллим”. Вагонда яшайдиган Aкмалжон Маматвалиев ҳикояси

Aкмалжон Маматвалиев эрта тонгда мўъжазгина вагонда нонуштага тайёргарлик кўрмоқда. Вагон Поп туманидаги 21-мактаб ҳовлисида жойлашган. Қаҳрамонимиз ҳам шу мактабда математика ва информатика фанидан дарс беради. Муаллим нима сабабдан вагонда яшамоқда деётган бўлсангиз керак? Чунки унинг уйи мактабдан 60 км узоқликда. Уйдан қатнаса, ҳар куни олти марта машина алмашишига мажбур бўлади.

Ўқитувчи тоғ ёнбағридаги Гулистон маҳалласига ишга келганига 5 йил бўлди. У мактабга меҳнат ярмаркаси орқали ишга жойлашган. Aкмалжон ака биринчи йили қатнаб ишлайди, бир ой маҳалладаги хонадонларда ҳам тунаб қолади. Сўнгра мактаб ҳовлисида жойлашган вагонда яшашга қарор қилди. Аслида вагон бу ерда ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмаган. Авваллари ўқувчилар дарс ўтиши учун хона етишмаган. Шу сабабли ушбу вагондан ҳам дарс хонаси сифатида фойдаланилган.

Ҳозирда ўқувчиларга хоналар етарли. Мактаб филиали учун алоҳида бино ҳам қурилган. Шу сабаб вагон устозга бошпана бўлиб хизмат қилмоқда. Aкмалжон ака оилали, 3 нафар фарзанди бор. Қатнаб ишлаш ҳам моддий, ҳам жисмоний тарафдан осон бўлмагани учун яқинлари қолиб ишлашига эътироз билдирмаган.

Муаллим болажонларга меҳр билан дарс беради. Aкмалжон Маматвалиев қишлоқда таълимга қизиқиш кучли эканини таъкидлайди. Дарсдан ташқари тўгаракларга ҳам ўқувчилар катта иштиёқ билан қатнашади. Акмалжон аканинг айтишича, шу ерда тунагани учун кўп ўқувчилар бажаролмаган мисоллари, компютерда тушунмаган амалларини чиқиб сўраб кетишади.

У мактабга ва шароитга ўрганиб қолганини айтади. Кечга бориб ўзи таом тайёрлайди, нонуштага ҳам ўзи ҳаракатда. Гоҳида маҳалла аҳли ҳам овқат чиқариб туради, қўшнилари ҳам тез-тез йўқлашади. Қаҳрамонимиз ўз ишидан завқ олади. Шундай шароитда бўлса ҳам болаларга билим бераётганидан хурсанд. Ўқувчилари орасидан кўплаб зиёли, илмли, ўз касбининг эгаси бўлган инсонлар етишиб чиқишидан умидвор.

Кўплаб соҳаларда, хусусан, таълим соҳасида ҳам кўп миқдордаги талон-торожлар ҳақида хабарларни ўқиб қоламиз. Мана бу вагонда яшаётган ўқитувчини кўриб бир нарса хаёлга келади: данғиллама уй солиш, қиммат машина минишни эмас, уйидан узоқда, вагонда яшаётган бўлса-да, мактаб болаларига ниманидир ўргатишга интилаётган бу устоз таълим учун тизимдаги жуда кўп лавозимлилардан кўпроқ фойдаси тегяпти, ишонинг. Камида ўша талон-торож қиладиганлардан. Акмалжон акани замонанинг чинакам қаҳрамонларидан десак бўлади.

Тоҳиржон Турсунов, Kun.uz мухбири,

Тасвирчи ва монтаж устаси – Боймирза Халилов.

Мавзуга оид