Жамият | 21:06 / 24.09.2021
29779
3 дақиқада ўқилади

Полицияга ҳам назорат керак. Kun.uz'да навбатдаги мультфильм

Кўплаб тушунчалар бор, биз уларнинг асл моҳиятини деярли унутганмиз – юзаки тушунамиз. Бунинг зарари йўқдек туюлиши мумкин, бироқ, асли унутилган мазкур тушунчалар атрофни тўғри англашимизга тўсиқ бўлади.

Шу каби тушунчалар тоифасига давлат тизимига кирувчи институтлар – халқ томонидан таъсис этилган, халқнинг маълум хизматини қилишга сафарбар этилган давлат идоралари киради.

Фожиа шундаки, биз уларнинг асл моҳиятини унутишимиз нафақат ўзимизга таъсир этади, балки... ўша идораларга, уларнинг ходимларига ҳам. Чунки биз – халқ уларнинг моҳиятини унутган бўлсак, улар ҳам бизга қараб, табиийки, вазифаларининг асл мақсадини унутиб боришади ва шунга мувофиқ равишда, албатта, хатолар қилишни, ноўрин тасарруфлар қилишни бошлашади. Шулардан бири – “полиция” тушунчаси.

Полиция – нима у?

Жамият ўз ичида тартиб сақлаш мақсадида тартиб сақловчи ташкилотни таъсис этади ва унинг фаолияти учун шароит яратади, маош билан таъминлайди, бинолар ажратади. Уни полиция деб номлашади. Полицияга жамият маълум ваколатлар беради, чунки жамият тинчлигига рахна солувчи ҳодисалар ҳар бир жамиятда юз бериб туради ва уларга қарши курашадиган восита бўлиши керак.

Бироқ жамият мазкур ташкилот устидан муттасил назорат қилиб турмаса, у ўзини жамиятдан мустақил ҳис қила бошлаши, яъни жамият уни таъсис этганини, маош билан таъминлаётганини унутиб қўйиб, таёғини жамиятнинг ўзига ишлатадиган бўлиб қолиши мумкин. Чунки мунтазам назорат бўлмаса, берилган катта ваколат дарров суиистеъмол қилинади ва ваколатни ким бергани унутилади.

Қолаверса, жамият назорати бўлмаса, полиция ноинсоф маҳаллий раҳбарларнинг қўлидаги ўйинчоққа – жамиятга қарши ишлатиладиган хавфли ўйинчоққа айланиб қолиши мумкин.  

Лўнда қилиб айтадиган бўлсак, кимгадир қанча ваколат берилса, шунча миқдорда назорат ҳам керак.

Гап шундаки, полицияга берилган ваколатлар ичида жамият тинчлигини сақлаш мақсадида керак бўлса куч ишлатиш ваколати ва бунинг учун керакли ашёлар ҳам берилади. Бу эса катта ваколат. Айнан шунинг учун ҳам жамият ўзи таъсис этган бу каби ташкилотларнинг устидан муттасил назорат ўрнатиши керак – полиция фаолияти ҳамманинг кўз ўнгида бўлиши, яъни шаффоф бўлиши лозим.

Мавзуга оид