12:37 / 24.09.2021
6148

Шавкат Мирзиёев Самарқандда ўз ечимини кутаётган муаммоларни маълум қилди

Айни вақтда Самарқанд вилоятида эришилган ютуқлар билан бир қаторда, ҳали ўз ечимини кутаётган кўплаб муаммолар ҳам мавжуд. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев айтиб ўтди.

“Бугунги кунда Самарқанддаги энг долзарб масалалардан бири – 170 мингдан зиёд аҳоли доимий иш ўрнига муҳтож, 65 мингга яқин оила доимий даромад манбаига эга эмас. Шу билан бирга, келгуси беш йилда 200 минг ёшлар меҳнат бозорига кириб келишини ҳам, ҳисобга олишимиз зарур.

Иккинчи муҳим масала – Самарқанд мамлакатимиздаги аҳолиси энг кўп ҳудуд бўлиб, келгуси беш йилда 4,5 миллионга етади. Уларга қулай яшаш шароитларини таъминлаш лозим. Лекин, ҳозирда вилоятнинг 1,6 миллион нафар аҳолиси марказлашган ичимлик суви билан таъминланмаган, 6 минг километр ички йўллар таъмирталаб ҳолатда. Электр тармоқлари эскиргани боис, вилоятда электр таъминоти аҳоли учун ҳам, тадбиркорлар учун ҳам энг жиддий масалалардан бири бўлиб қолмоқда.

Учинчи масала – мавжуд имкониятларга қарамасдан, туман ва шаҳарларда саноат бир маромда ўсаётгани йўқ. Айниқса, хомашёга бой Қўшработ, Нуробод ва Оқдарё туманларида саноат ривожланиши анча орқада. 

Тўртинчи масала – вилоятда қишлоқ хўжалиги имкониятларидан тўлиқ фойдаланилмаяпти. Булунғур, Жомбой, Самарқанд, Ургутнинг мева-сабзавотчилик ва узумчилик, Нуробод, Қўшработ туманларининг чорвачиликдаги имкониятлари тўлиқ ишга солинмаяпти.

Бешинчи масала – вилоятнинг айрим ҳудудларида соғлиқни сақлаш ва таълим тизими ортиқча юклама билан ишламоқда. Соғлиқни сақлаш объектлари қувватини ошириш ва уларни замонавий жиҳозлаш талаб этилади”, деди Шавкат Мирзиёев.

Top