19:10 / 27.09.2021
9056

Миллат мафкурасиз яшолмайди: биз илдизларимиздан узилмаган ҳолда одимлаяпмиз

Ҳар бир халқ қонида миллий мафкуранинг илк илдизлари яшайди. Эл-у халқни бир байроқ остида бирлаштирадиган ғоя эса ана шу жон томирлардан озиқланади. 

Миллий тафаккур тирик экан, жамиятда олдинга силжиш, ўзаро бирдамлик, муштарак мақсад йўлида адолатли кураш ҳам бўлади. Чунки умуммиллий мафкурагина жамият аъзоларини бирлаштириш вазифасини бажариши аллақачон ўз исботини топган.

Шу жиҳатдан олиб қараганда, бугун Ўзбекистон уйғониш остонасида турибди. Ортга назар ташлайдиган бўлсак, мустақиллик ғояси, миллий мафкура бизга тоғдек таянч бўлди. Халқимиз ўзининг асрий орзусига эришгач, энди ўзининг мустақил тараққиёт йўлини белгилаб олиши ўта муҳим ижтимоий-сиёсий, ўз навбатида маънавий заруратга айланди. 

Бироқ қанчалик аччиқ бўлмасин, халқимиз узоқ йиллар фақат баландпарвоз шиорлардан иборат ғоявий ҳаётни ҳам яшаб ўтди. Биз бонг урган бахтли ва фаровон жамият ҳақидаги орзуларнинг кўпи муаллақ қолган эди. Пировардида Истиқлолга етиб, буюк довондан ўтган халқ учун янги ва муносиб ғоя жуда зарур эканлиги ойдинлашди. 

Президент Шавкат Мирзиёев етакчилигида “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари” деган даъваткор ғоя ҳаётимизга тобора чуқур кириб бораётгани, айни шу асосда халқимиз ҳаётини тубдан яхшилаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, қонун устуворлиги ва ижтимоий адолатни таъминлаш, инновацион тараққиёт борасида муҳим қадамларни ташлаганимиз том маънода эътирофга арзигуликдир. Энг муҳими, кенг жамоатчилик, эл-юртимиз барча ижобий ўзгаришларнинг ташаббускори ва бунёдкорига айланмоқда. Президент урғу берганидек, "Мамлакатимиз фуқаролари қаерда бўлмасин, давлат ҳимоясида эканини, қонун ва адолат кучини ҳис этиб яшамоқда. Бугун бир ҳақиқатни қатъий ишонч билан айтиш мумкин: дунёда турли хавф-хатарлар, манфаатлар тўқнашуви кучайиб бораётган ҳозирги таҳликали вазиятда Ўзбекистонда шаклланган янги тизим ўзини тўла оқламоқда".

Шу ўринда савол туғилади: давлат раҳбари янги Ўзбекистоннинг бугуни ва эртанги истиқболини таъминлайдиган, халқимизни биргаликда, енгилмас куч бўлиб меҳнат қилишга, ислоҳотларга дахлдорлик ҳисси билан яшашга даъват этувчи тамойил сифатида нега айнан “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари” ғоясини ўртага ташламоқда? Ушбу серқирра ва мазмун-моҳияти ғоят улкан бўлган ғоянинг амалий қиёфаси нималарда гавдаланмоқда? 

Аввало, бевосита ёш авлод билан ишловчи таълим тизими масъули сифатида айтишим керак, биз бу улуғвор ғоянинг амалий ифодасини ёш авлоднинг таълим-тарбияси, тафаккурини юксалтириш йўлидаги муҳим ташаббус ва ислоҳотларда аниқ кўра олдик. Болаларимизнинг боғча ёшиданоқ илмга, касб-ҳунарга рағбатини уйғотиш, миллий қадриятларга ҳурматини оширишга муҳим вазифа сифатида қаралди. Учинчи Ренессанс пойдеворини яратувчи олтин ҳалқалардан бири бўлган олий таълим тизими миллий ва халқаро мезонларни ўзида мужассам этган янгиланиш ва ўзгаришлар билан ислоҳ қилинди. Ўғил-қизларнинг истеъдод ва қобилияти, эзгу интилишларини тўлиқ рўёбга чиқариш, ижтимоий фаоллигини ошириш, ҳаётда муносиб ўрин эгаллашлари учун барча имкониятларни яратиб бериш давлатимизнинг бош мақсадига айланди. Айниқса, таълимнинг барча бўғинларига замонавий илм-фан ва инновация ютуқларини кенг жорий этишга қаратилган саъй-ҳаракатлар муносиб самара бераётир.

Миллий қадриятимизнинг энг нозик дурдонаси бўлган оилани асраш, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари, аёлларнинг меҳнат ва турмуш шароитини яхшилаш, гендер тенгликни таъминлаш борасидаги ишлар ҳам изчил давом эттирилди. Хусусан, кам таъминланган оилаларда камол топаётган қизларнинг билим олиш имкониятини кенгайтириш учун янги тизим жорий этилди. Унга мувофиқ, бундай қизларимиз учун жорий йилда олий таълим даргоҳларига давлат гранти асосида 2000 та қўшимча ўрин ажратилди.

Мана шу эзгу ташаббуснинг ўзиёқ мамлакатнинг миллий юксалиши сари қўйилган хайрли қадамларидан бири, аслида.

Мавзунинг энг асосий жиҳатига эътибор қаратадиган бўлсак, "Ҳар қандай мустақил давлат мустаҳкам маънавий пойдеворга эга бўлгандагина юксак тараққиётга эриша олади", деган сўзлар моҳиятини англаб етиш ғоят зарурдир.

Юртимизда “Узлуксиз маънавий тарбия концепцияси” доирасида умумтаълим мактабларида биринчи марта “Тарбия” фанининг жорий этилгани, қолаверса, миллий давлатчилигимиз ва ўзлигимиз тимсоли бўлган она тилимизни ривожлантириш, ёшларда давлат рамзларига бўлган чуқур ҳурмат ва меҳр-муҳаббатни, миллий ғурурни шакллантиришга алоҳида аҳамият берилаётганини ана ўша "маънавий пойдевор"ни яратиш йўлидаги энг тўғри қадам деб баҳолаш керак.

Юртимизда биринчи марта “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси” қабул қилинганидан тортиб, инсон ҳуқуқларининг энг муҳим шарти бўлган шахснинг фуқаролигини тиклаш бўйича ҳам салмоқли қадамлар қўйилди. Тараққиёт кушандаси бўлмиш иллат – коррупцияга қарши дадил курашни бошладик. Энг асосийси, жамиятимиз ҳаётининг барча жабҳаларини эркинлаштириш, сўз ва матбуот эркинлиги, очиқлик ва ошкоралик тамойилларини чуқур қарор топтириш, давлат ҳокимияти идоралари фаолияти устидан самарали жамоатчилик назоратини ўрнатиш бўйича бошланган ишлар ортга қайтмас тус олганини давлат раҳбарининг ўзи кўп бора таъкидлаяпти. Буларнинг бари янги Ўзбекистон ғояси барқарор тус олгани, таъбир жоиз бўлса, халқимиз ҳаётида акс-садо бераётганидан далолат эмасми?!

Бугун турфа одамларнинг "халқимизга миллий мафкура керакми?" деган нисбатдаги фикрий олишувларига томошабин бўлиб қолмаслигимиз шарт. Кўнгилга таскин берадиган бир ҳақиқат борки, янги ва улуғ йўлга чиққан Ўзбекистон ўзининг бугунги ва яқин истиқболдаги ҳаёти учун "Миллий юксалишдан – миллий тараққиёт сари" ғоясини танлаб, дадил одимлаб бормоқда. Дунёда ҳеч кимдан кам бўлмаган, кечагидан улуғвор мақсадлар билан олдинга интилаётган юрт одамлари ўз тақдирини Ватан тақдири билан уйғун кўра олиши, шахсий ва умуммиллий манфаатларни бирлаштира олиши миллий мафкуранинг шаклланишида муҳим ва таянч нуқтадир. 

Шу ўринда, қарийб бир асрдан ортиқ давр силсилаларини ёдга оладиган бўлсак, маърифатпарвар жадидларимиз орзу қилган, курашиб, интилиб ўтган тимсол айнан янги Ўзбекистон ғояси эди. Аслида "жадид" сўзининг маъноси ҳам "янги" демакдир. Жадидчилик ҳаракатининг моҳияти миллий ўзлик ва миллий маърифат асосида бунёд этилган янги Ватан қуриш, дунёга маънавий-маърифий порлоқ нигоҳ билан қарайдиган янги халқни тарбиялашдек улуғвор мақсадга қаратилган эди. Бугун давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев бошлаб берган янги Ўзбекистонни яратиш, юрт елкасини эзиб келган кечаги оғриқлардан қутулиб, бутунлай янгича ҳаёт барпо этиш мақсади айнан жадидларимизнинг улуғвор саъй-ҳаракатлари билан муштарак деб айта оламиз. Зотан, жадидларимиз бошлаб берган улуғ йўл бардавомдир, уни давом эттиришга ҳар бир ёш, ҳар бир юртдошимиз қодир бўлмоғи керак. 

Бундан англашиладики, жадидлар ўлмаган, уларнинг тимсоли маёқ бўлиб порлаб турибди, фидойи зотлар бошлаб қўйган миллий мафкура давом этади. Ватан ва халқ бирлигига, миллий тараққиётга асосланган тамойилларга қайта жон кирди. 

 Бугун мамлакатда амалга оширилган изчил ўзгариш ва янгиланишлар, ҳаётбахш ислоҳотларни, уларнинг самарасидан баҳраманд бўлиб яшаётган янги авлод ҳам, умуман, ҳар бир ватандошимиз ҳам жадид бўлади, ислоҳотларга елкадош, суянч бўлади. 

Миллий ғоя мамлакат халқининг маънавий-руҳий қудрати, ғурур-ифтихори, эзгу орзу-интилишлари, улуғвор манфаатларини ўзида акс эттирадиган ва шу йўлда жамият аъзоларини бирлаштирадиган, буюк ишларга сафарбар этадиган куч-қувват манбаи экан, у жамият тасаввурида миллатнинг тарихи, бугунги куни ва келажак тараққиётини уйғунлаштириб, муттасил ривожланиб борадиган энг муҳим тушунча ва тамойиллар тизими сифатида гавдаланади. Соғлом фикрлайдиган ҳар бир инсонда ўз элига, миллатига жонкуяр бўлиш, унинг ютуқларидан фахрланиш, муаммоларига бефарқ бўлмасликка чорлайдиган қудрат ҳам миллий ғоя, демак.

Буюк халқимизнинг қарийб уч мингйиллик ҳаётий аъмоли акс эттирилган "Авесто" китобидаги "Эзгу сўз, эзгу фикр, эзгу амал" ғояси бугунги янги Ўзбекистон мафкурасининг ҳам асосий тамойили бўлиб хизмат қилмоқда. Жамиятимиз ҳаётида буюк тарихимиздан, аждодларимиз қолдирган моддий, маънавий меросдан, башарият эришган умуминсоний қадриятлар ҳамда миллийлигимизни билиш ва англашга қаратилган азм-у шижоатимиздан куч олган миллий ғоямиз янги Ўзбекистонга хос ва мос истиқболни белгилаш йўлида барчамизга маёқ бўлмоқда. 

Буюк қомусий олим Маҳмуд Қошғарийнинг "Бир қарға билан қиш келмас" нақли эътиборимизни тортади. Қадимги аждодларимиз амал қилиб келган ушбу мақолда бирдамликка интилиш моҳияти ётади. Бу моҳият бугунги янги Ўзбекистон миллий ғоясининг халқ ва миллатнинг бир бутун бўлиши, ягона Ватан туйғуси билан бирлашишини кўзда тутган асосий тамойилида ҳам акс этмоқда.

Юсуф Хос Ҳожибнинг "Будун байликинға тўру туз қодун", яъни "Халқ бой бўлиши учун адолатли сиёсат керак" ёки "Тўру сув турур, ақса неъмат унар", яъни "Адолат сув кабидир, оқса неъмат унади" деган ҳикматли иборалари ҳам бугунги амалга оширилаётган ижтимоий-сиёсий ислоҳотлар моҳиятига тўлақонли мосдир. 

Шунингдек, "Ўрхун-Энасой" ёзма ёдгорликлари мазмунини ўрганиш чоғида унда улуғ турк хоқони Билга Хоқонни халқни бирлаштириш, бир макон учун муҳаббатли бўлишга қаратилган эзгу йўлдан борганини англаш мумкин.

Замонлар оша аждодларимиз ибратига юзланганимизда чуқур бунёдкорлик, ватанпарварлик руҳи билан суғорилган Нақшбандия тариқати, бу таълимотнинг “Дил ба ёру даст ба кор” шиори бугунги ҳаётимизда ҳам ўз ифодасини топаётганини кўрамиз. Умуман олганда, Ўзбекистон тараққиётининг ҳозирги босқичида "Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари" деган бош ғоямизнинг илк асослари юксак билим ва тафаккурга эга улуғ аждодларимизнинг бой меросида акс эттирилгани ва муносиб давом этиб келаётгани қувонарлидир. 

Миллий ғоямизнинг ягона Ватан туйғуси, адолат – қонун устуворлигида, халқ розилиги, инновацион тараққиёт, жаҳолатга қарши маърифат деб номланган рамзий устунлари бутун халқимизга миллий юксалишни умуммиллий ҳаракатга айлантириш йўлида муҳим асос, таянч томир бўлиб хизмат қилаётир.

Миллий мафкура ҳар қайси миллатнинг ҳаёт-мамот масаласи эканлиги айни ҳақиқат. У бизнинг тафаккуримиз, турмуш тарзимиз, ўй-мақсадларимиз, эътиқодимиз, керак бўлса, ҳар бир ватандошимизнинг ҳаётий принциплари асосида шаклланади. Сўнгги беш йил ичида уддалаганларимиз, эришган улуғвор мақсадларимиз, халқимиз қалбида нафақат бугуни, эртанги тақдири, келажаги учун катта умид ва шижоат уйғонганининг ўзиёқ бу борада тўғри ва ишончли йўлда эканлигимизни англатади. 

Баҳодир ШЕРМУҲАММАДОВ,
Фарғона давлат университети ректори Ⓣ

Top