Ўзбекистон | 22:25 / 29.09.2021
9067
2 дақиқада ўқилади

НКМКнинг 10–15 фоиз улушини IPO орқали сотиш режалаштирилмоқда

Ўзбекистондаги энг йирик корхоналардан бири, мамлакатнинг энг катта солиқ тўловчиси – Навоий кон-металлургия комбинатининг 10-15 фоиз улуши яқин йилларда IPO орқали хусусий секторга сотилиши мумкин. Бу ҳақда бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров маълум қилди.

Фото: Навоий кон-металлургия комбинати

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров Тошкентда ўтказилаётган Ўзбекистон иқтисодий форумида хусусийлаштириш жараёнларига тўхталиб ўтди.

«2017-2020 йиллар давомида Ўзбекистонда хусусийлаштириш жараёнлари учун шароит яратилди. Дастлабки даврларда хусусийлаштиришни кичик кўчмас мулк объектларини сотишдан бошладик. Одамларда бу жараёнга нисбатан ишонч ҳосил бўлиши учун ушбу ҳолат жуда муҳим эди. Бугунги кунга келиб 250 млн долларлик мулклар ҳам хусусийлаштирила бошланди. Бу жараёндан иккита мақсад кўзланган: фойда олиш ва юқори самарадорликка эришиш. Иккинчиси биз учун жуда муҳим, аслида.

Навоий кон-металлургия комбинатида (НКМК) ҳам IPO ўтказилади ва бир қисми хусусийлаштирилади. Комбинатда уран ва олтин қазиб олингани боис хусусийлаштириш тўлиқ шаклда амалга оширилмайди. Комбинатнинг 10-15 фоиз улуши IPO’да сотилади.

Бир нарсани айтишим керак, биз хусусийлаштиришга эмас, хусусийлаштириш жараёнига тайёрлашга шошиляпмиз. Тезкорлик билан хусусийлаштириш яхши самара бермайди, нархлари ҳам арзон сотилади.

Хусусийлаштириш жараёнларини 3 босқичда амалга оширишни режа қиляпмиз: дастлаб корхона ёки банк халқаро молия ҳужжатларига ўтади, кейин инвестиция рейтинги ошади ва евробондлар чиқариши керак. Шундан сўнг хусусийлаштирилади. Масалан, GM’ни оладиган бўлсак, 300 млн доллар миқдорида еврооблигацияларини жойлаштирди. Компаниянинг янги тарихи 2019 йилдан бошланди, унгача муаммолари кўп эди, солиқ ҳам тўламаган. Аввал трансформация жараёнларини бажарамиз, сўнг компанияни IPO’га чиқаришимиз мумкин.

Давлат банкларига тўхталадиган бўлсак, 10 тадан 7 тасида инвестиция рейтинги бор ва уларнинг аксарияти евробондлар чиқаришди. Хусусийлаштириш босқичма-босқич амалга оширилади», – дея таъкидлади Қўчқоров.

Мавзуга оид