Ўзбекистон | 12:56 / 30.09.2021
13204
5 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда Digital Holding фаолият бошламоқда. Унга Ucell’нинг собиқ бош директори раҳбарлик қилади

USM Telecom, МегаФон ва Ўзбекистон ҳукумати Digital Holding қўшма корхонасига асос солди, унинг таркибига Ucell ва USM шуъба корхоналари — CRPT Turon ва ICS Holding Uzbekistan киради. Россия томони корхонани ривожлантириш учун 100 млн доллар йўналтиради. Қўшма корхонага Ucell’нинг собиқ бош директори Владимир Кравченко раҳбарлик қилади.

USM Telecom («ЮэСэМ Телеком») ва МегаФон ўзбекистонлик шериклари билан биргаликда Digital Holding қўшма корхонасини тузиш босқичини якунлашди.

«29 сентябрь куни USM Telecom ва МегаФон ўзбекистонлик шериклари билан биргаликда Digital Holding қўшма корхонасинининг тузиш босқичини якунлашди. Ўзбекистон давлат активларини бошқариш агентлигида қўшма корхона тузиш бўйича якуний ҳужжатлар тўплами имзоланди. Digital Holding компаниясига илгари Ucell бош директори лавозимини эгаллаган Владимир Кравченко раҳбарлик қилади.

Digital Holding Марказий Осиёдаги энг йирик телекоммуникация бозорида технологик етакчига айланишни мақсад қилган. Компаниянинг фаолияти Ўзбекистон Республикасида телекоммуникация хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ва сифатини яхшилашга, хусусан халқаро стандартларга мос рақамли инфратузилмани шакллантириш, шунингдек маълумотларини сақлаш ва қайта ишлаш, рақамли маркировка ва алоҳида турдаги товарлар ҳаракатини назорат қилишда илғор технологиялар ва тизимларини жорий этишга қаратилган бўлади», дея хабар берди Ucell матбуот хизмати Kun.uz’га.

Қўшма корхона Ucell алоқа операторининг 100 фоиз устав капитали, USM шуъба корхоналари — CRPT Turon ва ICS Holding Uzbekistan’ни ўз ичига олади. Шунингдек, Россия томони Digital Holding компаниясини ривожлантириш учун 100 миллион доллар сармоя киритади. Қўшма корхонанинг 51 фоиз улуши МегаФон ва USM Telecom’нинг қўшма корхонаси ҳисобланган «Digital Invest»га, 49 фоизи эса Ўзбекистон Давлат активларини бошқариш агентлигига тегишли бўлади.

Ucell (COSCOM МЧЖ)нинг янги бош директори лавозимига илгари Россияда МегаФоннинг минтақавий ривожланиш бўйича директори лавозимида ишлаган Андрей Шишковский тайинланди. ICS Holding Uzbekistan компаниясини Андрей Майгур бошқаради. Анатолий Бачикалов CRPT Turon бош директори лавозимини сақлаб қолади.

«Digital Holding» қўшма корхонасининг яратилиши «МегаФон» ОАЖ сингари кучли ўйинчининг бозорга келиши илғор технологик ечимлар жорий этилишига хизмат қилади. Мамлакат раҳбарияти томонидан соҳа олдига иқтисодиёт тармоқлари рақамли трансформацияси, хусусан, мобил алоқани келгусида ривожлантириш бўйича катта вазифалар қўйилган.

Рақамли иқтисодиёт иқтисодий ўсишнинг асосий бошқарувчи кучи сифатида белгиланган. Шунинг учун мобил алоқа ва интернет хизматлари сифатини ошириш, электрон тижорат тизимлари, рақамли хизматлар ва дастурий маҳсулотларни ривожлантиришни жадаллаштириш кўзда тутилмоқда», дейди Ўзбекистон Республикаси бош вазири маслаҳатчиси Олимжон Умаров.

«МегаФондан биз ўзбекистонлик ҳамкасбларимизга ўз тажрибамиз, технологияларимиз ва муваффақиятли кейсимизга тўлиқ фойдаланиш имкониятини тақдим этамиз», дейди МегаФон бош директори Хачатур Помбухчан.

Россиянинг МегаФон ва USM Telecom алоқа компанияси Ўзбекистон бозорига кираётгани ҳақида шу йилнинг февралида маълум қилинганди. Қўшма корхонага кириш учун компаниялар «Digital Invest» компаниясини ташкил этишган, унда икки томон 50 фоиздан улушга эга.

Ucell - GSM, UMTS, LTE ва 5G стандартларидаги уяли алоқа оператори бўлиб, Ўзбекистон уяли алоқа бозорида етакчи саналади. Компаниянинг хизматларидан 8 миллион абонент фойдаланади. 2021 йил 1 август ҳолатига кўра, аҳоли пунктларида қамров 97,8 фоиз (GSM); 73,2 фоиз (UMTS); 73,4 фоиз (LTE). Ucell - 5G стандартини Ўзбекистонда илк бор синаб кўрган компания ҳисобланади.

USM Telecom — Алишер Усмоновга тегишли бўлган USM Holding компаниясининг рақамли бўлинмаси. МегаФон телекоммуникация оператори ва «ИКС Ҳолдинг» ИТ-гуруҳини 100 фоиз назорат қилади. USM Telecom’нинг асосий эгалари USM (акцияларнинг 80 фоизи), Иван Стрешинский (10 фоиз) ва Антон Черепенников (10 фоиз).

МегаФон — Россиянинг телекоммуникация бозорида етакчи ўринларда турувчи рақамли имкониятлар миллий оператори. «МегаФон» Россия телеком бозорининг барча сегментларида, шу билан бирга Абхазия, Жанубий Осетия, ва Тожикистонда фаолият юритади, алоқа сифатига азалдан алоҳида эътибор қаратади ва абонентларига юқори тезликдаги интернет тақдим этади. Компаниянинг Россиядаги хизматларидан 72 миллион мижоз фойдаланади.

Илғор технологияларни ривожлантириш маркази (ИТРМ) рақамли иқтисодиётда кенг кўламли лойиҳаларни амалга ошириш учун яратилган. ИТРМ USM (50 фоиз), Ростех (25 фоиз) ва «Элвис-Плюс Груп» (25 фоиз) қўшма лойиҳаси саналади. ИТРМ Россияда товарларни рақамли маркировкалаш ва кузатиб бориш учун давлат ахборот тизимини яратади. Давлат-хусусий шериклик форматида яратилган CRPT Turon тажрибалар натижасига кўра, Ўзбекистон Республикасида маркировка тизимининг оператори сифатида белгиланган.

Мавзуга оид