Ўзбекистон | 16:02 / 08.10.2021
7963
3 дақиқада ўқилади

«Ўзбекистоннинг афғон йўналишида пинҳона кун тартиби йўқ» — Абдулазиз Комилов

Абдулазиз Комилов Ўзбекистон Афғонистон билан чегарани очганини ҳамда ушбу мамлакатга биринчи галда зарур бўлган маҳсулотлар — озиқ-овқат, нефть маҳсулотлари ва электр энергияси етказиб бериш қайта йўлга қўйилганини маълум қилди. Шунингдек, расмий Тошкент Афғонистоннинг хорижий банкларда музлатиб қўйилган давлат активларини қайта очишни ёқламоқда.

Фото: t.me/mfaspokesperson

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов толиблар ҳукуматга келиши ортидан Афғонистонни минтақавий савдо-иқтисодий муносабатларга жалб этиш ҳамда минтақавий ўзаро боғлиқлигини вақтинча ортга суриб туриш ҳақидаги қарашлар нотўғри эканини қайд этди.

Абдулазиз Комиловнинг фикрича, бундай фикрлар муаллифлари Афғонистонда кечаётган жараёнлар ва Ўзбекистон томонидан илгари сурилган ташаббуслар моҳиятини етарлича англамайди. Айни вақтда Афғонистонда вазият минтақадаги кескинликнинг омили бўлиб келаётган бўлса-да, ушбу давлатни нафақат хавф-хатар ва таҳдидлар, балки минтақавий конструктив ва яратувчан лойиҳаларга асос бўладиган янги имкониятлар манбаси ҳамдир.

«Биз Афғонистон халқаро изоляцияга тушиб қолиши ва жанубий чегарамизда «яккалаб қўйилган» давлат пайдо бўлишига, ўтган асрнинг 90-йиллари охиридаги аҳвол такрорланишига йўл қўймаслик Ўзбекистон манфаатларига мос келади, деб ҳисоблаймиз.

Ўзбекистон бу масалага нафақат Афғонистоннинг яккаланиб қолишини бартараф этиш, шунингдек, унга инсонпарварлик ёрдами кўрсатилишини фаоллаштириш зарурлигидан келиб чиққан ҳолда ҳам ёндашмоқда. Биз бу мамлакат билан чегарани очдик ва биринчи галда зарур бўлган маҳсулотлар — озиқ-овқат, нефть маҳсулотлари ва электр энергияси етказиб беришни қайта йўлга қўйдик. Шунингдек, расмий Тошкент Афғонистоннинг хорижий банкларда музлатиб қўйилган давлат активларини қайта очишни ёқлайди ҳамда жаҳон ҳамжамиятини Афғонистонда ижтимоий, иқтисодий ва инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишни давом эттиришга даъват этмоқда», – дейди Ўзбекистон ташқи сиёсат идорасининг раҳбари.

Шунингдек, Комилов юқоридаги вазифаларни ҳал этиш мақсадида 7 октябрь куни Ўзбекистон расмий делегацияси Кобулда бўлиб, Афғонистон раҳбарияти ва Муваққат ҳукумат аъзолари билан конструктив мулоқот ўтказганини қайд этди.

Ўзбекистон томони Афғонистонга ижтимоий-иқтисодий ёрдамни давом эттириш гуманитар инқирознинг олдини олиш ва вазиятни барқарорлаштириш учун ўта муҳим эканига ишонади.

«Ўзбекистонда афғон йўналишида қандайдир пинҳона ёки мавҳум маъноли кун тартиби йўқ. Бизнинг нуқтайи назаримиз аниқ-равшан, ҳаракатларимиз шаффоф ва амалий мазмунга эга. Ўзбекистон Афғонистоннинг тинч ва мустақил давлат сифатида қарор топишидан манфаатдордир. Афғон замини минтақа мамлакатлари ва халқаро хавфсизлик учун бундан буён таҳдид солмаслиги керак. Барқарор, тинч ва фаровон Афғонистон кўп миллатли афғон халқининг ҳамда халқаро ҳамжамиятнинг манфаатларига жавоб беради.

Афғонистон Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик мустаҳкамланиши учун тўсиқ эмас, балки кўприк бўлмоғи лозим. Бунга халқаро ҳамкорларимиз билан биргаликда бундан кейин ҳам илгари суришни ният қилаётган трансафғон транспорт-коммуникация лойиҳалари кўмаклашади», – деди Абдулазиз Комилов «Янги Ўзбекистон» газетасига берган интервьюсида.

Мавзуга оид