Жамият | 14:00 / 09.10.2021
15783
2 дақиқада ўқилади

74 ёшли чавандоз: “Ҳайвонлар орасида энг меҳрибони – от”

Наманганнинг Чортоқ тумани Пешқўрғон маҳалласида яшовчи Муҳаммаджон Мамадалиев – водийда номи чиққан фахрий чавандозлардан. Бу йил 74 ёшни қаршилаган ота шу ёшда ҳам отни 18 ёшли йигитлардан кам минмайди.

Муҳаммаджон ота ҳарбий хизматдан қайтган пайтидан бошлаб тулпорларга меҳр қўйган ва ҳозирга қадар отдан ажралмаган.

Ота қишлоқдан юқорироқда, ўзи яратган боғда яшайди: кенг дала, боғ, айғир отлар билан кексалик гаштини сурмоқда.

Муҳаммаджон ота Туркманистон ерларида хизмат қилиб юрган кезларида илк бор отга меҳри тушганини айтади. Кекса туркман полвони билан танишиши унинг отга қизиқишига сабаб бўлган.

Қаҳрамонимиз биринчи марта Қирғизистондаги кўпкарида қатнашган. Аста-секин катта-катта давраларда улоқ ажратиб юрган ва вақт ўтиб Чортоқ туманида, кейинчалик Наманган бўйлаб номдор полвон бўлиб танилган.

Чавандоз муваффақиятлар ортидан Туркманистон, Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистонда бўлиб ўтадиган турнирларга ҳам таклиф этиладиган бўлди. Тадбирларда катта ютуқларни қўлга киритиб, қўшни республикаларда ҳам ном чиқара бошлади. У Қирғизистон ва Ўзбекистон чемпиони унвонини ҳам қўлга киритган.

Қаҳрамонимиз ўзининг энг яхши тулпорини эсга олди, Муҳаммаджон Мамадалиев номи ҳам, эгасига меҳри ҳам бошқача бўлган оти ҳақида сўзлаб берди – батафсил видеокўрсатувимизда томоша қилинг.

Отахон ҳозир нафақада. Шундай бўлса-да, кўпкари ўтказиладиган маросимлардан ҳеч қолмайди. Тадбирлар олдидан бир бора ўзи улоқ солиб беради. Отахоннинг шу ёшда ҳам тетик ва бақувват юришига отга бўлган меҳри сабаб деб кўрсатади.

Тоҳиржон Турсунов,
Kun.uz мухбири,
Тасвирчи ва монтаж устаси — Боймирза Халилов.

Мавзуга оид