17:18 / 11.10.2021
1647

Тошкентда ЙТҲга сабабчи бўлган «Спарк» автомобили топилди

Фото: ИИБ ахборот хизмати

Жорий йилнинг 3 октябрь куни ижтимоий тармоқларда Бектемир тумани ТХАЙ кўчасида «Spark» ҳайдовчиси сабабли «Cobalt» ҳайдовчиси пиёдани уриб юборгани ҳақида видео тарқалган эди. Тошкент шаҳар ИИБнинг маълум қилишича, ҳозирда «Spark» ҳайдовчиси аниқланиб, унга нисбатан баённома расмийлаштирилган. Автомобил жарима майдончасига жойлаштирилган.

2021 йилнинг 3 октябрь куни тахминан соат 11:00 да Бектемир тумани ТХАЙ кўчасида «Spark» ҳайдовчиси тўғри ҳаракатланиб келаётган автомобилнинг устуворлигини инобатга олмасдан қайта бурилган. Оқибатда «Cobalt» ҳайдовчиси – 1972 йилда туғилган К.К. тўқнашувни четлаб ўтмоқчи бўлиб, рулни ўнг томонга бурган ва 1987 йилда туғилган пиёда П.Б.ни уриб юборган. Оқибатда пиёда бадан шикастлари билан шифохонага етказилган.

Тезкор-тергов тадбирлари давомида аниқланишича, воқеа жойини тарк этган «Spark»нинг давлат рақами 10 L 690 WА бўлган. Маълумотларга кўра, автомобилни ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлмаган 39 ёшли С.И. бошқарган.

Ҳозирги вақтда унга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128-моддаси 25-қисми (“Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг йўлнинг қарама-қарши ҳаракатланиш учун мўлжалланган томонига ёки бўлагига йўл ҳаракати қоидаларини бузган ҳолда чиқиши, худди шунингдек, авария ҳолати юзага келишига сабаб бўлган, яъни йўл ҳаракатининг бошқа қатнашчиларини тезликни, ҳаракат йўналишини кескин ўзгартиришга ёки ўз хавфсизлигини ёхуд бошқа фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун ўзга чораларни кўришга мажбур қилувчи ҳуқуқбузарликни содир этиши”), ҳамда 135-моддаси 2-қисми (“Йўл ҳаракати қоидаларида назарда тутилган ҳужжатлари бўлмаган шахсларнинг транспорт воситаларини бошқариши”) бўйича баённома расмийлаштирилди. Автомобил жарима майдончасига жойлаштирилди.

«Мазкур факт асосида олиб борилган терговолди ҳаракатлари давом этмоқда. Фактлар аниқлангач, йўл-транспорт ҳодисасининг барча иштирокчиларининг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилади», дейилади хабарда.

Top