Жаҳон | 02:44 / 13.10.2021
6643
2 дақиқада ўқилади

Бразилия президенти инсониятга қарши жиноятларда айбланди

Бир гуруҳ ҳуқуқшунослар ва илмий экспертлар Бразилия президенти Жаир Болсонаруни Халқаро жиноий судга беришди. Улар сиёсатчини Амазония ўрмонларини йўқ қилишда гумон қилиб, уни “инсонийликка қарши жиноятларда” айблашмоқда.

Allrise эколоик адолат кампанияси фаоллари Ҳаага судига мурожаат қилиб, Болсонару ва унинг маъмуриятига қарши “бутун дунёда иқлим ўзгаришининг салбий оқибатларига олиб келган хатти-ҳаракатлари” юзасидан иш қўзғатишни сўрашган.

Даъво аризасида Бразилия етакчиси атроф-муҳит ҳимоячилари ўлдирилган катта кўламли кампанияни ўтказишда ва ўрмонлар кесилиши оқибатида сайёра аҳолисига хавф туғдирилганликда айбланмоқда.

“Амазонияда ўрмонлар катта кўламда йўқ қилинмоқда ва биз бунинг глобал исиш билан ўзаро боғлиқлиги сабабини тушунмоқчимиз. Рим мақоми инсонийликка қарши жиноятни айнан шундай белгилайди: табиат ва унинг ҳимоячиларининг қасддан йўқ қилиниши”, деб айтган AllRise асосчиси Йоханнес Веземанн.

Таъкидланишича, Болсонару ҳар йил 400 минг гектар тропик ўрмоннинг йўқ қилиниши учун жавобгар ҳисобланади. У 2019 йил 1 январда президент лавозимини бажаришга киришгандан кейин ўрмонлар йўқолиши суръатлари 88 фоизга тезлашган.

“Болсонару маъмурияти Амазонияни ҳимоя қилган қонунлар, идоралар ва алоҳида шахсларни тизимли равишда четга чиқарган ва бартараф этган”, деб айтилган хабарда.

Экспертларнинг ҳисоб-китобича, Болсонару маъмуриятининг ўрмонларни аёвсиз кесиш билан боғлиқ фаолияти туфайли атмосферага чиққан зарарли моддалар жорий асрда 180 мингдан кўпроқ одамнинг ўлимига сабаб бўлади.

Маълумотларга кўра, айни вақтда Амазонияда ўрмонлар кесилиши оқибатида унинг тегилмаган қисми юта оладигандан кўпроқ карбонат ангидрид атмосферага чиқмоқда.

Амазониядаги ўрмон ёнғинларида мамлакат раҳбариятининг қўли борлиги тахмин қилинади.

Мавзуга оид