Жаҳон | 19:19 / 13.11.2025
9392
4 дақиқада ўқилади

«Пулга тўймайсанлар». Амазония туб аҳолиси вакиллари иқлим саммитига бостириб киришди

Улар минтақадаги ўрмонлар кесилиши, ер ва табиий ресурслар сотиб юборилишига қарши норозилик билдиришган.

Фото: Anderson Coelho / Reuters / Scanpix / LETA

Бразилиянинг Белен шаҳрида БМТнинг Халқаро иқлим конференцияси (COP30) ўтказилаётган жойга туб аҳоли вакилларидан иборат намойишчилар гуруҳи бостириб кирди.

Улар маҳаллий туб аҳоли вакиллари учун хос бўлган бош кийим ва либосларда эди.

Қўриқчилар тўсиғини бузиб ўтиб, саммит ўтаётган ҳудудга кириб келган ўнлаб намойишчилар иқлим ўзгаришига қарши курашиш ва ўрмонларни кесишдан ҳимоя қилиш чораларини кўришни талаб қилган.

«Пулга тўймайсанлар», – деган тупинамба қабиласидан бўлган Гилмар. «Биз ерларимиз агробизнес, нефт қазиб олиш, ноқонуний конлар ва дарахт кесилишидан холи бўлишини истаймиз», – дея изоҳлаган у талаб моҳиятини.

Anderson Coelho / Reuters / Scanpix / LETA
Anderson Coelho / Reuters / Scanpix / LETA

Намойишчиларнинг айримлари «Ерларимиз сотилмайди» деб ёзилган плакатларни кўтариб олишганди.

Anderson Coelho / Reuters / Scanpix / LETA
Anderson Coelho / Reuters / Scanpix / LETA

Намойишчилар билан тўқнашувда икки нафар қўриқчи жароҳатланган. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, улардан бирини ногиронлар аравачасида олиб кетишган. Яна бири Reuters’га бошига оломон орасидан отилган оғир ноғора таёғи тегиши оқибатида жароҳатланганини айтган.

БМТ вакили баёнотида намойишчилар гуруҳи COP’нинг асосий кириш қисмидаги тўсиқларни бузиб ўтгани, натижада хавфсизлик хизматининг икки ходими «енгил жароҳат олгани» маълум қилинган. Маҳаллий расмийлар ва БМТ вакиллари тергов олиб бормоқда. Ҳудуд тўлиқ хавфсизлиги, саммит доирасидаги музокаралар давом этаётгани қўшимча қилинган.

ANDRE BORGES/EPA/Shutterstock

COP30 иқлим саммитида қарийб 200 мамлакатлардан делегатлар қатнашмоқда, улар орасида бутун дунёдан юқори мартабали сиёсатчилар ҳам бор. Саммитга мезбонлик қилаётган Белем шаҳри ўнлаб қабилалар яшовчи Амазония тропик ўрмонлари чеккасида жойлашган. Бу халқларнинг кўпчилиги иқлим ўзгариши ва дарахтлар кесилиши туфайли атроф-муҳитга зарар етказилаётганидан норози.

Саммит бошланишидан олдин ҳам у Амазонка делтасининг туб аҳолиси саммити деб номланганди, чунки бразилиялик ташкилотчилар уларнинг ҳаётий манфаатларини музокараларнинг асосий мавзусига айлантиришга ваъда беришди.

Саммитнинг энг муҳим мавзуларидан бири глобал исиш бўлиши кутилган эди. Саммитни очаркан, Бразилия президенти Луис Инасиу Лула да Силва дунё иқлим скептизмида «устун келиши» ва «илмий далилларни рад этиб», иқлим ўзгариши ҳамда глобал исиш реаллигини шубҳа остига қўядиган сохта хабарларга қарши курашиши кераклигини таъкидлади.

Аммо дунёнинг кўплаб етакчилари, жумладан, АҚШ президенти Доналд Трамп, Хитой раҳбари Си Жинпинг ва Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди бу саммитни инкор қилганди.

Трамп, умуман олганда, глобал исишнинг реаллигини рад этади. 2025 йил сентябр ойида БМТ Бош Ассамблеясидаги нутқида у буни «дунё тарихида кузатилган энг катта фирибгарлик» деб атаганди. Унинг АҚШ президенти лавозимидаги дастлабки ҳаракатларидан бири мамлакатларнинг ўртача глобал ҳароратнинг Целсий бўйича 1,5 даражага кўтарилишига йўл қўймаслик бўйича саъй-ҳаракатларини бирлаштирувчи Париж келишувидан чиқиши бўлганди.

Муаллиф:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид