Фан-техника | 01:09 / 13.10.2021
20480
2 дақиқада ўқилади

LG компанияси General Motors’га 1,9 миллиард доллар компенсация тўлайди

Фото: Chevrolet

АҚШнинг General Motors автомобилсозлик компанияси Chevrolet Bolt электромобилларининг носозлик туфайли катта кўламли қайтариб олиниши бўйича LG Electronics билан келишувга эришди. Ушбу келишув доирасида Жанубий Корея компанияси GM’нинг машиналар қайтарилиши билан боғлиқ барча харажатларини деярли тўлиқ қоплаб беради.

2020 йил ноябридан бошлаб GM компанияси ўзининг Chevrolet Bolt электромобилларини уларда қўлланган батареялар ёниб кетиши хавфи сабабли бир неча марта ортга қайтариб олган. Компаниянинг бундаги харажатлари 2 млрд долларни ташкил қилган.

Гап шундаки, Chevrolet Bolt’га батареяларни LG етказиб беради. Шу сабабли корейс компанияси GM’га 1,9 млрд доллар компенсация тўлаб беришга рози бўлган.

“LG бизнинг энг қадрланувчи ва ҳурматга сазовор етказиб берувчимиз ҳисобланади, шу сабабли биз келишувга эришганимиздан хурсандмиз. Бизнинг муҳандислар ва ишлаб чиқариш жамоаларимиз янги батареяларни ишлаб чиқаришни тезлаштириш устида ҳамкорлик қилмоқда. Биз мижозларимиз машиналарини жорий ойданоқ таъмирлашни бошлаймиз”, деб айтган АҚШ компанияси вице-президенти Шилпан Амин.

Мавзуга оид