Ўзбекистон | 11:50 / 14.10.2021
5251
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон аҳолисининг 11,5 фоизи пенсия ва нафақа олади

Жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида пенсия ва нафақа олувчилар сони 157,8 минг нафар (4,1 фоиз)га ошган. Бу рақамлар ўтган йилнинг мос даври билан солиштирганда 22,9 фоизга кўпроқ.

Фото: Kun.uz

Жорий йилнинг 1 октябр ҳолатига кўра, Ўзбекистонда пенсия ва нафақа олувчилар сони 3 млн 983 минг нафарни (шундан, 2 млн 260,2 минг нафари (56,8 фоизи) аёллар) ёки умумий аҳоли сонидаги улуши 11,5 фоизни ташкил қилмоқда. 2021 йил 1 январь ҳолатига нисбатан ўтган 9 ой давомида пенсия ва нафақа олувчилар сони 157,8 минг нафар (4,1 фоиз)га кўпайган. Бу ҳақда Пенсия жамғармаси ахборот хизмати маълумот бермоқда.

Шундан, 2 млн 955,2 минг нафари (74,2 фоиз)ни ёшга доир пенсия олувчилар, 396,5 минг нафари (10 фоиз)ни ногиронлик пенсияси олувчилар, 196,4 мингини боқувчисини йўқотганлик пенсиясини олувчи оилалар ва 434,9 минг нафари (10,9 фоиз)ни нафақа олувчилар ташкил қилади.

Жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида 2020 йилнинг мос даври билан таққослаганда 54,7 минг нафар ёки 22,9 фоиз фуқарога кўпроқ пенсия ва нафақа тайинланган.

Маълумот учун, жорий йилнинг 1 сентябрь кунидан бошлаб, пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори – 289 000 сўм, ёшга доир энг кам пенсиялар – 565 000 сўм, болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларга бериладиган нафақа – 622 000 сўм, зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақа 440 000 сўм этиб белгиланганди.

Достон Аҳроров
Тайёрлаган Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид