15:39 / 14.10.2021
1588

Қарши шаҳрида кўп йиллик қарағай дарахтлари кесиб ташлангани айтилмоқда

Фото: ekologuz

Қарши шаҳрида янги қурилган савдо марказлари олдида ўсиб турган кўп йиллик қарағай дарахтлари кесиб ташланган. Бу ҳақда асосан экология муаммоларини ёритиб келадиган ekologuz телеграм каналида хабар берилган.

Канал ўз обуначиси юборган маълумотларга таяниб ёзишича, Қарши шаҳар Насаф кўчасидаги янги қурилаётган ва таъмирланаётган бино олдидаги кўп йиллик қарағай дарахтлари Вилоят экология инспекцияси ходими Х.Қ. билан доимий Қарши шаҳрида дарахт кесиш билан шуғулланадиган Ў.Қ. томонидан кесиб кетилган.

«Ахир қачонгача қўппайган бинолар учун яшил дарахтлар қурбон бўлади? Бу саволга фақат расмий жавоб берилади ёки сукут сақланади. Ахир у дарахтлар сизга зиён бермаганди-ку? Инсоннинг қалби бу қадар занг босмаслиги лозим. Бир дарахтни кўкартиришга бир инсоннинг умри кетади. Дарахтларни кесаётганлар назаримизда кислород билан нафас олмай, жазирама иссиқда дарахт соясида ўтиришмайди, шекилли. Мазкур ҳуқуқбузарлик жазосиз қолмайди, деган умиддамиз. Инсоф берсин, инсоф!», дейди канал админи.

Kun.uz мазкур хабар юзасидан Қашқадарё вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Карима Ёдгоровага мурожаат қилди. К.Ёдгорова ҳозирда ўрганиш ишлари олиб борилаётганини, тез орада ҳолат юзасидан муносабат берилишини маълум қилди.

Top