Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Толиблар Москвадаги музокараларда — иқтибослар ва фотосуратлар
«Толибон» делегацияси Россия ТИВ раҳбарияти ва минтақанинг бошқа давлатлари расмийлари иштирокида Москва форматидаги маслаҳатлашувларнинг учинчи йиғилишида иштирок этди. Бу толибларнинг Афғонистонда ҳокимият қўлга олинганидан буён илк бор Москвага ташриф буюриши бўлди.
Москва формати - 2017 йилда Россия воситачилигида Афғонистоннинг ўша вақтдаги ҳукумати ва толиблар вакилларини келиштириш учун ташкил этилган.
Кремлдагилар толиблар билан алоқа ўрнатилишини Афғонистондаги вазиятни ва «Толибон»нинг кейинги ниятларини тушуниш истаги билан изоҳлаган. Президент Владимир Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков «Толибон» Россия ҳамда жаҳоннинг бошқа давлатлари томонидан тан олинмаган бўлса-да, «де-факто толиблар Афғонистон ҳукуматини ифодалаши»ни айтиб ўтган.
Толиблар делегацияси Москва марказидаги «Президент-отел»да қабул қилинди.
Россия номидан музокараларда ташқи ишлар вазири Сергей Лавров иштирок этди. Толиблар вакилларига у «ҳурматли делегация» дея мурожаат этди.
Бундан олдин толиблар Москвага март ойида келишганди. Ёзда ҳаракат Афғонистонда ҳокимиятни ўз қўлига олди, «Толибон» жангчилари Кобул остонасига келганида собиқ президент Ашраф Ғани мамлакатдан қочиб кетганди.
Фото: Владислав Шатило / РБК
Фото: Владислав Шатило / РБК
Россия ҳам, дунёнинг бошқа мамлакатлари ҳам ҳозирча улар томонидан тузилган янги муваққат ҳукуматни тан олгани йўқ.
Фото: Владислав Шатило / РБК
«Биз толиблар ҳаракатини - бу ҳақда ҳурматли делегация билан гаплашдик - Афғонистон ҳудудидан учинчи мамлакатлар манфаатларига, биринчи навбатда қўшни мамлакатлар манфаатларига қарши фойдаланилишига йўл қўймаслик линиясига қатъий риоя этишга чақирамиз, Марказий Осиё мамлакатлари - бизнинг дўстларимиз ва иттифоқчиларимиз», деган Лавров учрашув аввалида.
У янги ҳукумат томонидан мамлакатда ҳарбий-сиёсий вазиятни барқарорлаштиришга ҳамда давлат аппаратлари фаолиятини йўлга қўйишга қаратилган ҳаракатлар кузатилаётганини қайд этган, учрашув олдидан «Толибон» вакиллари билан Афғонистонда инсон ҳуқуқларига риоя этган ҳолда пухта ўйланган ижтимоий сиёсат олиб бориш масалалари муҳокама қилинганини маълум қилган.
Шунингдек, жаҳон ҳамжамияти Афғонистонга инсонпарварлик ёрдами жўнатиши кераклиги, мамлакатда янги инқироз содир бўлишининг олдини олиш чораларини кўриш зарурлиги таъкидланди. «Москва ҳам яқин вақт ичида ушбу мамлакатга инсонпарварлик ёрдами жўнатади», деди Лавров.
Афғонистон масаласи бўйича «Москва формати» йиғилишида толиблар ҳукумати халқаро миқёсда тан олиниши масаласи кўтарилди. Россиянинг Кобулдаги собиқ элчиси, айни вақтда Россия ТИВнинг Осиёдаги иккинчи департаменти директори бўлган Замир Кабулов бу хусусда тўхталиб ўтди.
«Албатта бу мавзу кўтарилди, бусиз бўлмайди! Аммо барча, бизнинг ташқи ишлар вазиримиз ҳам бу қандай бўлишини айтди: шубҳасиз, бу вақт қачондир келади. Аммо бу вақт қачонки улар халқаро ҳамжамият кутган ишларни бажаришганида келади», дея унинг сўзларини келтиради «Интерфакс».
Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Эргашев толиблар томонидан бажарилиши керак бўлган шартларни санади. «Толибон» Доҳа келишувида ўз зиммасига олган мажбуриятларини бажариши, афғон жамиятининг барча сиёсий кучлари вакиллари иштирокида ҳукумат тузилиши, инсон ҳуқуқлари ва аёлларнинг фундаментал ҳуқуқлари таъминланиши, мамлакат ҳудудидан бошқа давлатларга таҳдид ва террорчилик мақсадларда фойдаланилмаслиги керак», деди у Sputnik учун берган интервьюсида.
Афғон делегацияси вакили - толиблар ҳукуматида ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи бўлган Амир Хон Муттақий эса «Толибон» халқаро ҳамжамият уларни Афғонистоннинг қонуний ҳукумати деб тан олиши учун керак бўлган барча шартларни бажаргани ҳақида айтди.
«Нима учун улар бизни расман тан олмаслиги керак? Биз Афғонистонни тўлиқ назорат қилмоқдамиз ва биз ҳукумат сифатида барча стандартлар ҳамда шартларга мос келамиз», деган Муттақий.
«Сўнгги 45 йил ичида илк марта Афғонистон таҳдидлардан холи бўлди. Биз Афғонистон ҳудуди бошқа давлатлар хавфсизлигига таҳдид солишда фойдаланмаслигини таъминлаймиз», - дея қўшимча қилган у (иқтибос РИА Новости агентлигидан).
Муттақийнинг ўнг томонида толиблар ҳукуматида ахборот ва маданият вазири в.б бўлган Хайрулла Хайрхва ўтирди.
Кабуловнинг сўзларига кўра, «Москва формати» иштирокчилари БМТга донорлар конференциясини уюштириш зарурлиги бўйича мурожаат қилади. «Биз етилиб келаётган гуманитар ҳалокатнинг олдини олиш учун афғон халқига ёрдам кўрсатишимиз зарур», деган у журналистларга.
Фото: Сергей Бобылев/ТАСС
Фото: Sputnik
Мавзуга оид
17:54 / 10.06.2026
Покистон Афғонистон бўйлаб ҳаво зарбалари берди: 26 киши ҳалок бўлган
17:37 / 09.06.2026
Афғонистонда давлат хизматчиларига смартфондан фойдаланиш тақиқланди
09:00 / 03.06.2026
“Толибон” ва Россия: ҳарбий яқинлашув нимани англатади?
21:38 / 27.05.2026