Ўзбекистон | 10:31 / 21.10.2021
1167
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда машина олиб қочган шахсга жиноят иши қўзғатилди

Қашқадарё вилояти Деҳқонобод туманида танишининг машинасини олиб қочган шахсга жиноят иши қўзғатилган. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Деҳқонобод тумани «Бустон» МФЙда яшовчи Х.К. 102 орқали ИИБга мурожаат қилган. Мурожаатга кўра, 2021 йил 18 октябр тунда туманнинг «Ўзбекистон» МФЙда яшовчи Ж.Д. Х.К.нинг уйига меҳмонга келиб, ётиб қолган. Сўнг, тунда ҳамма ухлаб ётганидан фойдаланиб, Nexia машинасини ва бир дона баҳоси 500 минг сўм бўлган телефон аппаратини яширин равишда олиб қочиб кетган.

Ички ишлар органлари ходимлари томонидан олиб борилган тезкор тадбирлар натижасида Nexia машинаси шу куни соат 11:30 ларда Деҳқонобод тумани «Айридевол» МФЙдан техник соз ҳолда топилган.

Қайд этилишича, ҳолат юзасидан Деҳқонобод тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид