09:50 / 22.10.2021
16118

«Менимча, биз бунга яқинлашяпмиз» - Путин «Толибон»ни тан олиш ҳақида 

Бу ҳақда Россия президенти Владимир Путин пайшанба куни «Валдай» клуби йиғилиши иштирокчиларининг саволларига жавобан маълум қилди.

Фото: Дмитрий Феоктистов/ТАСС

Путиннинг айтишича, дунё «Толибон» ҳаракатини тан олиш сари яқинлашмоқда.

«Менимча, биз бунга яқинлашяпмиз. Россиянинг позицияси айнан шу йўналишда ҳаракат қилишдан иборат бўлади. Лекин шунга қарамай, биз бу қарорларни аввалгидек, яъни ҳаракатни террорчилик ташкилотлари рўйхатига киритганимиздек, ўша усулда қабул қилишимиз керак. 

АҚШ президенти Жо Байден Афғонистондан қўшинларни олиб чиқиб тўғри иш қилди. Лекин ҳозир Қўшма Штатлар ва Европа бу мамлакатда содир бўлаётган воқеалар ҳамда келажак учун жавобгарликни ўзидан соқит қилмаслиги керак»,  деди Владимир Путин.

Аввалроқ, Россия президенти Владимир Путин толиблар билан ҳамкорлик қилиш керак, аммо уларни тан олишга шошмаслик лозим деб ҳисоблаши маълум қилинганди.

«Ҳозирча толибларни расман тан олишга шошилмаслик керак. Улар билан ҳамкорлик қилиш кераклигини тушунамиз, аммо эътироф этишга шошилмаслик лозим», деганди у МДҲ мамлакатлари раҳбарлари саммитида.

Россия президенти шунингдек, Афғонистон ҳали ҳам дунёдаги энг йирик афюн етказиб берувчи мамлакат эканлигини ва толибларга гиёҳвандлик моддалари ишлаб чиқаришга қарши курашиш қийин бўлишини айтган.

Ўз навбатида, расмий Тошкент ҳозирча Афғонистоннинг «Толибон» ҳаракати томонидан тузилган янги муваққат ҳукуматини тан олиш учун имконият кўрмаяпти. Бу ҳақда чоршанба куни Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Эргашев Москвадаги халқаро анжуманда айтиб ўтди.

Унинг сўзларига кўра, бу масалада халқаро ҳамжамиятнинг «афғон сиёсий майдонида муҳим роль ўйновчи» асосий иштирокчилари билан мувофиқлаштирилган ҳолда қарор қилинади.

Top