Жамият | 15:51 / 27.10.2021
13911
6 дақиқада ўқилади

Кутубхоналар – ёппасига ёпилган илм масканлари

Ўзбекистонда кутубхоналар ва ахборот-ресурс марказлари сони 20 йил ичида 15 баробарга камайиб кетди. Kun.uz мазкур мавзуга кенгроқ эътибор қаратишни лозим топди.

Кичкина бўлса ҳам, боғинг ва кутубхонанг бўлса, сен ҳеч нарсага муҳтож эмассан, дейди қадимги Рим файласуфи Сицерон.

Бизни эса тобора камайиб бораётган боғлар ва дарахтлар билан бирга, йўқлик қаърига сингиб бораётган кутубхоналар ҳам ташвишга солади.

Кутубхоналарга нисбатан нега “йўқлик қаърига сингиб бораётган” сифатдошини ишлатганимизни рақамлар айтади.

Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, Ўзбекистонда кутубхоналар ва ахборот ресурс марказларининг сони 2000 йилда 6027тани ташкил этган бўлса, 2020 йилга келиб 400 дона қолган.

20 йил олдин шаҳарларимизда 1013 та кутубхона бўлган бўлса, 2020 йилда уларнинг сони 361тага тушган.

Қишлоқларда сақланиб қолган кутубхоналарга оид рақамлар яна ҳам ҳайратланарли: 20 йил ичида 5014та кутубхонадан 39таси қолган холос.

“Жамият фожиаси китоб ўқиш камайишидан бошланади”

Қишлоқлар майли, ҳатто шаҳарларда вазият ҳам ҳавас қилгулик эмас. Бу ҳақда букблогер Маҳин Нурсаидова шундай дейди.

“Ўзбекистонда биринчидан кутубхона кам, иккинчидан борлари ҳам қаерда жойлашганини китобхонлар, ҳатто ўқимишли инсонлар ҳам билмайди. Ўйлаб қоламан, бизнинг муаммомиз кутубхона камлигими ёки одамлар уларнинг қаерда жойлашганини билмаслигими?

Ёшлигимизда айни таътил пайтлари асосий вақтимиз кутубхонада ўтарди. Ҳар бир маҳалланинг ўз кутубхонаси бўларди. Кутубхонага аъзо бўлиш текин эди. Китобни танлаш, кўриш, ўқиш учун алоҳида ва муҳокама учун хоналар бор эди. Ҳозирги замонга олиб қарайдиган бўлсак, бор кутубхонани ҳам ёпишди. Китобларни шахсан ўзим сўраганимда макулатурага бериб юборишганини айтишди.

Янги кутубхона очиш, ривожлантириш ўрнига, борини ҳам ёпиб ичидаги китоблар қаерга кетганини ҳеч ким билмайдиган аҳволга солиб, ўрнига бошқа нарсалар қуришди. Ўқитувчимнинг уйида китоблар кўпайиб кетганди, қизиқиб сўраганимда “кутубхона ёпилишидан олдин китобларни бойлаб-бойлаб ерга отиб юборишганда олиб кетганман”, — дегандилар.

Жамият фожиаси китоб ўқиш камайишидан бошланади, бу – саводсизлик, дунёқарашнинг пасайишига олиб келади. Албатта, бу бориб-бориб деградацияга, ҳозирги даражамиздан пастга қулашга олиб келади”.

“Баъзи кунлари кутубхонага келувчиларга жой топиб бера олмаймиз”

Замонавий технологиялар ривожлангани сабаб, одамларнинг кутубхонага бориш одати камайган, деган тахмин ҳам бор. Ўзбекистон миллий кутубхонаси директори ўринбосари Насиба Холдорова бу фикрни рад этади.

“Ёшлар китоб ўқимаяпти деган гаплар кўпайиб кетган. Балки ҳақиқатан ҳам ўқимайдиган ёшларимиз кўпдир, лекин мен миллий кутубхона мисолида айтишим мумкинки, ёшлар китоб ўқияпти. Ҳатто шанба-якшанба кунлари биз жой топиб бера олмай қоламиз. Шундай ҳолатлар бўладики, китоб жавонлари ораларида, зиналарда ўтириб мутолаа қилаётган ёшларни кузатишингиз мумкин.

Миллий кутубхонадан фойдаланувчилар сони бугунги кунда 275 мингдан ортиқ. 2021 йилнинг октябр ҳолатига кўра, 9 ой давомида 22 мингдан ортиқ фойдаланувчи рўйхатдан ўтган. Ўтган йили бу кўрсаткич анча пасайди, бунинг сабаби пандемияга бориб тақалади”.

“2006 йилдан кейин шаҳар ва туман кутубхоналари бой берилди”

Мавзу юзасидан соҳага бевосита масъул орган – Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигига ҳам мурожаат қилдик. Агентликнинг ахборот-кутубхона соҳасини ривожлантириш бўлими бошлиғи Қобилжон Турсунов шундай дейди:

“2000 йилга қайтадиган бўлсак, ўша пайтдаги кутубхоналарнинг ҳақиқий сони статистик маълумотга тўғри келиши мумкин, бунга эътироз билдира олмаймиз. Ўша пайтда республикадаги барча кутубхоналар Маданият вазирлиги тасарруфида бўлган ва 2006 йилгача бўлган муддатда молиявий нуқтайи назардан уларнинг сони оптималлаштирилган.

2006 йилда президентимизнинг 381-сонли қарори қабул қилинган. Ушбу қарор асосида Маданият вазирлиги тасарруфидаги кутубхоналар бошқа вазирликлар, яъни Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим ҳамда АКТ вазирликлари ва Касб-ҳунар таълим маркази тасарруфига ўтказилган.

Марказлашган кутубхоналар вазирликлар тасарруфига ахборот-ресурс марказлари сифатида ўтказилган бўлса, Қорақалпоғистон Республикаси кутубхонаси, универсал кутубхоналар, Тошкент шаҳридаги "Билим" кутубхоналари АКТ вазирлигига ахборот-кутубхона маркази сифатида ўтказилди. Кутубхоналар тасарруфи ўзгартирилгач, вилоятлардаги туман ва шаҳар марказий кутубхоналари ва уларнинг филиаллари университет ва институт кутубхоналари билан бирлаштирилиб, ахборот-ресурс марказларига айлантирилди.

Бу кутубхоналарни ушлаб туриш, уларнинг фаолиятини тўлақонли ташкил этиш имконияти чеклангани учун туман ва шаҳардаги кутубхоналар янги қурилган касб-ҳунар коллежларига кўчирилди. Бунинг натижасида кўплаб кутубхоналар бирлаштириб юборилди.

Бу йўналишнинг бирдек ривожланиши учун имконият кам бўлди. Аҳолининг АРМлардан фойдаланиш, интернет тезлигининг пастлиги нуқтайи назаридан ахборот олиш чекланган эди.

Соҳани ривожлантиришга қаратилган яна бир ҳужжат – 2019 йилда президентнинг 4354-сонли қарори қабул қилиниши бўлди. Қарорда аҳолига кутубхона хизматини кўрсатиш масаласига эътибор берилди. Ўша 2006 йилда йўқотган туман кутубхоналаримизни тиклаш масаласи қўйилди. 186та туман ва шаҳарда кутубхоналар ташкил этиш кўзда тутилганди, бугунги кунда шулар ташкил қилинди”.

Хулоса ўрнида фикр билдиришга шошилмаймиз. Бу мақола орқали кутубхоналар сонининг камайиб боришига, яъни фақат муаммога эътибор қаратдик. Муаммо айтилган жойда унинг ечимини ҳам излаш зарур. Мақоланинг кейинги қисмларида ечим ҳақида гаплашамиз.

Мадина Очилова тайёрлади.
Тасвирчи– Абдуқодир Тўлқинов.

Мавзуга оид